Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Шуҳрат Муҳаммадиев: “Локомотив”га олдинроқ келишим ҳам мумкин эди"

Баҳо:
+ | -

Қадрли футбол ишқибозлари, “Локомотив” ПФК матбуот хизмати #LOKOMANIA лойиҳаси доирасида жамоа футболчи ҳамда мураббийлари билан эксклюзив интервьюлар ташкил этиш орқали сиз – азиз мухлисларимизга уларни янада яқинроқ таништиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони – “темирйўлчилар” жамоаси аъзоси – Шуҳрат Муҳаммадиев.

Маҳоратли ҳимоячи мухлислар томонидан юборилган бир қатор саволларга ҳам жавоб қайтарди. Қуйида Муҳаммадиевнинг илк катта интервьюсини ўқиш имконига эга бўласиз ҳамда у ҳақдаги ҳали кўпчилик эшитмаган маълумотларни билиб олишингиз мумкин.

– Шуҳрат, “Миллионлар ўйини”га қай тариқа кириб келгансиз?

– Ростини айтсам, кўчада ўртоқларим билан тўп тепишни жуда хуш кўрардим. Маҳалладаги барча болалар тўпланиб, тез-тез футбол ўйнаб турардик. Шундай ўйинлардан бирида Отабек ака Ҳотамов мени ўз жамоасига таклиф қилди. У киши олиб борадиган машғулотларга қатнай бошладим ва бироз вақт ўтгач мени Шаҳрисабзнинг “Ҳисор” номли жамоасига чақиришди. Шу тариқа 2-лигада ўйнай бошладим.

– Демак, бир кун келиб профессионал футболчи бўламан, деб ўйламагансиз…

– Йўқ! Мен шунчаки, кўчада тўп тепишни ёқтирардим, холос. Лекин “Ҳисор”да ўйнай бошлагач, ўзим ҳам катта футболга ўтишни ўйлаб қолдим. 2007 йилга келиб эса мени “Насаф”га таклиф этишди. Шу тариқа катта футболга кириб келдим. Йил охирига келиб хатто асосий жамоа сафида 2 бор майдонга тушишга ҳам муваффақ бўлдим. Кейинроқ 2009 йилдан “Машъал” сафига бориб қўшилдим. У ердаги фаолиятим ҳам анча яхши кечди, кўп нарса ўргандим ва “Насаф”га янги ўзлаштирган тажрибаларим билан қайтдим.

– Оилангиздагилар футболчи бўлишингизга қандай муносабат билдиришган?

– Улар бунга қаршилик қилишмаган. Бироқ оиламизда спорт билан, хусусан футбол билан шуғулланадиган ва уни ёқтирадиган ягона инсон менман! Ота-онам эса мен катта футболга ўтгачгина ўйинларни томоша қила бошлашди. Шу пайтга қадар улар бирор марта стадионга ҳам келишмаган. Улар асосан мен иштирокимдаги ўйинларни телевизор орқали томоша қилишади.

– Йиллар ўтиб, “Локомотив” сафида пайдо бўлдингиз…

– Ҳа. Биласизми, “Локомотив”га аслида олдинроқ келишим ҳам мумкин эди. 2016 йилда ҳам бу клуб мен билан жиддий тарзда қизиққанди. Лекин тақдир насиб қилган экан, 2017 йилга келибгина ушбу жамоа аъзосига айландим.

– Жамоамизга келган илк кунингиз қандай ўтди?

– Ҳар қандай футболчи ҳам янги жамоага ўтгач, унда дастлаб бироз ҳаяжон бўлади. Лекин “Локо”га мен тез кўникиб кета олдим. Бунда жамоанинг аҳил экани ва унда яхши йигитлар йиғилгани ҳам ёрдам берди. “Локомотив”га кимдир янги келса, уни қарсаклар ва ўзига хос “йўлакча” хосил қилган ҳолда кутиб олишар экан. Шу нарса мен учун ўзига хос янгилик бўлди.

– “Локо” сафидаги илк ўйинингиз қайси жамоага қарши кечганди?

– “Локомотив” футболчиси сифатида илк бор Чемпионлар Лигаси доирасида “Ал Таавон” жамоасига қарши баҳсда майдонга чиққандим. Бошида бироз ҳаяжон бўлганини ҳам айтиб ўтишим керак.

– “Темирйўлчилар” жамоасида ким бошқалардан қайсидир характер хусусияти билан буткул фарқ қилиб туради?

– Марат Бикмаев! Марат ака – жамоамиздаги энг хушчақчақ йигит. У киши барчанинг кайфиятини кўтара олади. Агар бирор ўйинда мағлуб бўлсак, айнан Марат ака ҳамманинг ёмон кайфиятини бироз бўлса-да яхшилай олади. Шу сабабли ҳам уни кўпчилик хурмат қилади.

– Мағлубиятларни қандай қабул қиласиз ва уларни қай тариқа енгиб ўтасиз?

– Мабодо бирор ўйинда мағлуб бўлсак, тахминан 1-2 кун ўша мағлубият сабабларини ўйлаб, ўзим учун миямда таҳлил қилиб юраман. Кейин эса худди ўша ўйинда йўл қўйган хатоимни умуман қайтармасликка уринаман.

– Одатда футбол ўйинларига қай тариқа ҳозирлик кўрасиз?

– Одатда муҳим ўйинлар олдидан бутун диққат-эътиборимни ўша баҳсга қаратаман ва бошқа нарсалар ҳақида умуман ўйламасликка уринаман. Баъзи футболчилар айни қайсидир мусиқани эшитишга ёки яна қандайдир одатини қилиб, ўйинга тайёрланишга уринишади. Менда эса бундай одатлар йўқ.

– Жамоадаги энг яқин дўстингиз ким?

– Аслида ҳамма билан жуда яхши муносабатдаман. Лекин турли йиғинлар пайти ҳамда сафар ўйинларида Шерзод Файзиев билан биргаликда битта хонани банд этамиз.

– Жамоа автобусида муқим ўрнингиз борми?

– Ҳа, албатта! Мен доимо орқа тарафда чапдаги иккинчи ўриндиқда ўтираман. Ёнимдан эса Шерзод Файзиев жой эгаллайди.

– Нега айнан 28-рақамдаги футболкада майдонга чиқасиз?

– Илгари “Насаф” сафида ҳам 28-рақамда ўйнардим. Кейинроқ 7-рақамни ҳам олдим. Лекин 7-рақам менга бироз “оғирлик” қилди шекилли, ўйиним унча чиқмади, ўз ўйинимдан кўнглим тўлмади. “Локомотив”га келгач эса, Алибоев 28ни 9-рақамга алмаштирди. Қарасам, 28-рақам бўш экан, ўйлаб ҳам ўтирмай 28-ни ола қолдим.

– Ёшлик пайтингиз кумирингиз ким бўлган?

– Ёшлигимда менга Ривалдонинг ўйинлари жуда ёқарди. Унинг ўйинларини кўриб, футболга бўлган муҳаббатим ошарди. Ўша пайтларда бутун Бразилия терма жамоаси ажойиб тарзда ўйин намойиш этарди.

– Агар футболчи бўлмаганингизда сизни қайси соҳада кўриш мумкин бўлар эди?

– Ҳайронман. Отам савдогарлик билан шуғулланади. Балки мен ҳам савдо-сотиқ билан машғул бўлсам керак эди.

– Ёқтирган таомингиз?

– Палов.

– Ёқтирган спорт брендингиз?

– NIKE.

– Қандай киноларни томоша қилишни ёқтирасиз?

– Менга асосан фантастика жанридаги кинолар ёқади. Баъзида мултфилмлар ҳам томоша қилиб тураман.

– Кимнинг ашулаларини мириқиб тинглайсиз?

– Шаҳзода.

– Футболдан ташқари бошқа спорт турларини ҳам кузатиб борасизми?

– Вақти-вақти билан бокс томоша қилиб тураман.

– Характерингиздаги ўзингизга ёқмайдиган хусусиятингиз қандай?

– Йўқ, дея олмайман. Агар кимдир нимадир сўраса ёки илтимос қилса, асло “Йўқ!”, деб айта олмайман. Баъзида шу одатим панд бериб қўяди.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 21:11, 17.06.2017.
Ўқилди: 4979 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.