Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Биродар Абдураимов: «Одил Аҳмедов Миржалол Қосимовдан кучлими?»

Баҳо:
+3 | -

Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов миллий терма жамоанинг сўнгги натижалари ҳақида ўз фикрини билдирди.

Эрон термасига қарши кечган ўйинда ҳар икки жамоа ўртасидаги фарқ яққол кўриниб қолди. Форсларнинг ҳимояси ва ярим ҳимояси билан бирга ҳужум чизиғида ҳам вариантлар кўп эди. Бизда эса... Энди бир гап-да - ғалаба қозониш учун ҳужум қилиш керак. Бу ўйинда тайинли ҳужум кўрдикми, ўзи? Бир марта Темурхўжа Абдухолиқов дарвоза томон зарба берганини айтмаса, бошқа вазиятнинг ўзи бўлмади-ку! Игорь Сергеев нима учун майдонга тушганини ўзи ҳам билмаса керак. Умуман, бу ҳужумчи терма жамоага муносиблигининг ўзи битта савол. Терма жамоа деганига даъвогарлар бир-бири билан рақобат қилиши керак, камида 4-5 футболчи бир жой учун курашсин. Бизда вазият қандай? Ҳужумда кимни кўрсата оласиз? Ўзи бир яримта ҳужумчимиз бўлса, ким ўйинни кучайтира олади?

Самвел Бабаян бошқараётган терма жамоанинг кучли учликка кира олишига ҳам шубҳа туғилмоқда. У бизга кўп нарсаларни ваъда қилганди, аммо қани у айтган Осиёда таниқли бўладиган ўйин услуби?

Ҳозир нафақат бош мураббийга, ЎФФга ҳам эътирозлар етарли. Федерация раҳбарияти терма жамоага янги бош мураббий тайинлаш чоғида фахрийлар билан маслаҳатлашса яхши бўларди. Самвел Бабаянга термани топшириш вақтида бизнинг фикримиз билан ҳеч ким қизиқмади. Бутун умри футбол ичида ўтган инсон бошқа иш қила олмайди. Раҳбарият бир оғиз сўраганда биз ҳам ўз фикримизни айтган бўлардик. Терма жамоани бошқаришга Самвел Бабаяндан бошқа номзод йўқмиди?

Жаҳон чемпионатига чиқиш учун аввало, ўйинимизни кучайтириб, Осиёда ўз ўрнимизга эга бўлишимиз лозим. Эронда кечган баҳс мундиалга номуносиб эканимизни кўрсатиб берди. Ким айбдор? Бу саволга энди ўзингиз жавоб топаверинг. Ҳозир вазият шундайки, футболда суяги қотган, иш кўрсатганлар бир четда томошабин бўлиб турибди. Профессионал футболнинг ичида бўлмаганлар эса бош ролда. Бир ўйлаб кўринг, Карлуш Кейруш қаерда-ю, Самвел Бабаян қаерда? Эрон терма жамоаси бу учрашувни жуда ақлли ўтказди, ҳар бир футболчи аниқ мақсад билан ҳаракат қилди. Бизда эса 3-4 футболчи жон куйдириб ўйнади, қолганлари эса томоша қилиб туришди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал бўладиган ўйинни ҳам шундай ўтказадими?

Ўтган сафар Эронни Теҳронда мағлуб этганимиз билан улар ўша вақтда кучсиз бўлган, деб айта олмайман. Бунақа натижалар учраб туради, биз ҳам 60-йилларда кетма-кет чемпион бўлаётган «Спартак»ни сафарда 1:0 ҳисобида енггандик. Эрон ўшанда ҳам кучли эди, аммо енгишнинг уддасидан чиқишган. Рақиб ўша ўйиндан бери анча кучайди. Улар Европанинг кучли жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишяпти.

Ўзбекистон терма жамоасида эса муаммолар керагидан ҳам ортиқ. Биз оддийгина таркиб масаласида ҳам тўғри иш олиб бора олмаяпмиз. Масалан, «Пахтакор»дан чақирилган футболчиларни оладиган бўлсак - Александр Лобанов, Игорь Сергеев, Даврон Ҳошимов ва Станислав Андреевларнинг қанақалигини Ўзбекистон кубогида «Насаф»га қарши кечган ўйинда кўргандик. Уларни терма жамоага чақираверишнинг ўзи қанчалик тўғри? Яна ҳам Даврон Ҳошимовга қизил карточка кўрсатилмади. Ҳакам аяди, акс ҳолда, уни бемалол четлатиши мумкин эди.

Биз эса шундай таркиб билан ушбу термани ютишни орзу қилиб юрибмиз.

Эронга қарши кечган ўйинда ўзбек футболи тарихидаги энг кучсиз жамоа майдонга тушди, деган фикрга тўлиқ қўшиламан. Самвел Бабаян ўша гапини нима учун айтганини билмадим-ку, бироқ истаганча эътироз билдириш мумкин. Оддий мисол, 1994 йилда Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида ғолиб чиққан эди. Ҳозирги таркиб нимани қойиллатди?

Бир ўйлаб кўринг, Одил Аҳмедов Миржалол Қосимовдан кучлими? Ёки Игорь Сергеевни Шквирин билан тенглаштириб бўладими? Андрей Фёдоров ва Анзур Исмоилов ўртасидаги фарқни Бабаян тушунармикан? Қани бош мураббий бизга ваъда берган ўша фалсафа? Ахир фалсафа тугул ўйиннинг ўзи йўқ-ку! Жаҳон чемпионатида ўйнаш учун, энг аввало, унга муносиб бўлиш керак. Кечаги ўйинда мундиалга муносиб бўлган фақат битта жамоани кўрдик - Эрон. Биз эса ўз муаммоларимизга ўралашиб қолганмиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:21, 20.06.2017.
Ўқилди: 12357 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.