Бугун Жанубий Корея терма жамоасининг янги бош мураббийи Шин Тэ Йонг матбуот анжуманида иштирок этди.
"Аввало мана шундай қийин вазиятда терма жамоани менга ишониб топширишганидан мамнунман. Албатта бу жуда масъулиятли вазифа. Гарчи ҳозирча ЖЧ саралаши охирига қадар ишласамда бу муҳими эмас. Энг муҳими терма жамоанинг ЖЧга чиқишидир", — дея сўз бошлади Шин Тэ Йонг.
Ки Сонг Йонг ("Суонси") ва Сон Хеунг Мин ("Тоттенҳем")нинг жароҳат олганликлари хусусида тўхталаркан жаноб Шин шундай деди: "Улар ҳозир даволанишмоқда. Ҳар иккала футболчи билан телефон орқали мулоқот қилдим. Бизда кучли ва шижоатли ёш футболчилар кўп. Кей-лигадаги бир неча нафарини кўз остимга олиб қўйганман. Улар исталган вақтда жамоани кучайтира олишади. Ўртоқлик ўйинида ҳаммасини кўрамиз".
Сон Хеунг Мин ҳақида алоҳида тўхталар экан: "Сон Хеунг Мин Англия премьэр-лигасида жуда кучли ўйнайди. Терма жамоага келса эса бунинг акси. Ули Штилике ундан фойдаланиш йўлини тополмади. Шу томонлари устида бош қотиряпман", — деди Шин Тэ Йонг.
"Мен Ули Штиликедан бутунлай фарқли инсонман. Терма жамоа бош мураббийи мамлакат футболининг гултожи деб биламан. Қандай бўлмасин ғалабага эришиш — бу менинг фалсафам. Эрон ва Ўзбекистонга қарши жуда эҳтиёткорлик билан ўйнаш керак. Битта гол киритиб шуни сақлай билиш керак. Сезиб турибман иккала ўйинда ҳам 1:0 ҳисобида енгамиз", — дея сўзларини якунлади Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул