Биринчи даврани 6-ўринда якунлаган бухороликлар иккинчи даврада ҳам имкон қадар мухлисларини хурсанд этиш мақсадида.
Бунинг учун жамоа давралар оралиғида ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Улуғбек Бақоев бошчилигидаги мураббийлар штаби ёзги давралар оралиғида аниқ режа асосида йиғин олиб боради. Унга кўра жамоа аъзолари 11 июль куни Тошкент вилояти, Чимён тоғ ён бағрида жойлашган шинам “Парадайс грин” масканида йиғилади. У ерда ўқув-йиғин машғулотлари 17 июль кунига қадар давом этади. Шундан сўнг футболчиларга икки кунлик дам берилади. 20 июлдан эса иккинчи босқич йиғини старт олади.
Бу сафарги йиғин Тошкентда ўтади. Шу куннинг ўзида жамоа аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилади. 21 июль куни эса йиғиндаги илк синов-назорат баҳсида майдонга тушилади. Спарринг рақиб сифатида “Бунёдкор” ёшлар жамоаси танланган. Умуман олганда, Тошкентдаги йиғин чоғида “Бухоро” 23 июль куни “Навбаҳор”га қарши ҳам синов-назорат учрашувида майдонга тушади. Маълумки 28 июль куни Улуғбек Бақоев бошқарувидаги жамоа Тошкентда Ўзбекистон Кубоги доирасидан ўрин олган ¼ финал босқичида “Локомотив”га қарши жавоб ўйинини ўтказади. Мазкур учрашувга шу тариқа тайёргарлик кўриш режаси ишлаб чиқилган.