«Насаф» клуби яримҳимоячиси Азиз Ғаниев билан Киевнинг «Динамо» клуби қизиқмоқда.
Бош мураббий Рўзиқул Бердиев «Футбол Экспресс» газетасига берган интервьюсида бу ҳақда маълум қилди.
«Яқинда Азиз Ғаниев масаласи бўйича «Динамо» Киевдан қўнғироқ қилишди. Улар ҳамон футболчимизга қизиқмоқда ва биздан уни қўйиб юборишимизни сўрамоқда. Лекин ҳозирча бу мавзу биз учун ёпиқ, чунки иккинчи давра ўйинлари яқинлашиб қолди ва Ғаниев ўзимизга ҳам керак», - деди Бердиев.
Эслатиб ўтамиз, Киев «Динамо»сининг мураббийлари штабида Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Максим Шацких ишлаяпти.
Аввалроқ, 19 ёшли Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчисига Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби ҳам қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалганди.