Конфедерациялар кубогида Германия футболи келажаги ишончли қўлларда эканлиги тасдиқланди.
Ахир Йоахим Лёв рус диёрига терма жамоанинг асосий юлдузларини олиб келмаган бўлсада, яқин йиллар захираси ҳисобланган ёшлар қойилмақом ҳаракатланиб, ортга бош соврин билан қайтдилар.
Демак, қуйида Германия терма жамоасининг янги «қиёфа»си сифатида кўзга ташланган йигитлар ҳақидаги 6та тарихга эътибор қаратамиз.
Йонас ХЕКТОР. 3 йилда оберлигадан миллий жамоага
Йонас Хектор катта футболдаги йўлини 20 ёшида «Кёльн»нинг иккинчи жамоасида бошлади. Унга клуб базаси ва жонажон шаҳарчаси - Ауэрсмахер ўртасидаги масофа атиги 300 километрга тенглиги қўл келгани та-йин. Зеро, Хектор кончилар қишлоғига ақлга сиғмас даражада боғланиб қолганди. Мисол учун, ўз ўлкасининг ўсмирлар жамоасида ўйнаб юрган пайти уни «Саарбрюккен» академиясига чорлашади, аммо... Хектор шунчаки, уйи ва яқинларидан узоқлашишни истамай, манфаатли таклифдан кўз юмади. Йонас шунингдек, «Бавария», «Хоффенхайм» ва «Фрайбург» клублари кўригида ҳам ҳафсаласиз қатнашади. «Кёльн» билан шартнома тузиш чоғи эса клуб вакиллари олдига битта шарт қўяди: «Яна ярим йил безовта қилмай, оберлигада мавсум охирига қадар дўстларим билан ўйнашимга имконият берсанглар, майли». Айтиш жоиз, йигитча «Кёльн»нинг асосий таркибида майдонга тушишига қадар бирор марта чап қанот ҳимоячиси вазифасини бажарган эмасди. Ҳаммаси тасодифан рўй беради - Йонас бир сафар Хольгер Станиславски узатмасидан сўнг нотаниш позицияга чиқиб, «Дуйсбург» вакилини шунчаки, «ер тишлатади» ва мураббий уни бошқатдан кашф этади. Ваҳоланки, бунгача барқарорликдан йироқ эди - уни гоҳида олтинчи лигада ўйнайдиган «Кёльн-2» ихтиёрига юборишарди, баъзан асосий жамоага қайта чақириб олишарди. Майдондаги янги ролга нечоғли мос келганини эса оддий статистикадан ҳам билиш мумкин: Хектор қанотда ҳаракатлана бошлагач, «Кёльн» кетма-кет 14та ўйинда мағлубият нималигини билмайди. Унинг Йоахим Лёв назарига тушиши ва миллий жамоадан чорлов олиши учун эса бундеслигада 10 мартача майдонга тушиши кифоя қилди. Эндиликда марказий ҳимоя ҳудудини ҳам «бетонлаш»га қодир футболчи европалик етук скаутларга тинчлик бермаяпти - ҳамма унинг ишқида «девона».
Факт. Йонас Хектор 2012 йили Германиянинг олтинчи дивизионида ўйнарди, мавсум-2014 давомида эса мамлакат миллий жамоасидан чорлов олди ва ҳозирда унинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди.
Шкодран МУСТАФИ. Албаниялик илк жаҳон чемпиони
Косоволиклар Шкодран билан алоҳида фахрланишади ва уни албаниялик илк жаҳон чемпиони сифатида таърифлашади. Чунончи, Мустафининг ўзи албан эканлигини очиқ эътироф этади. Немис жамиятида улғайган йигитнинг ЖЧ-2014 финалидаги ғалабани Албания давлат байроғини ҳилпиратганча нишонлагани кўп нарсадан далолат. Унинг оиласи вақтида Македониянинг Гостивара шаҳридан Германияга ночорлик туфайли кўчиб ўтганди. «У ерда одамлар ойига атиги 300 евро топишади, Германияда эса шунча пулни биргина автомобилга ёқилғи қуйиш учун сарфлашади»,-деганди Шкодран. Футболчининг отаси - Али Булут Германияда қурилиш объектларида тер тўкиш орқали оила боқади. Орадан йиллар ўтиб эса, ўғлининг «Арсенал» билан шартнома тузишида шахсан ўзи воситатачилик қилди. Тўғри, у Неймарнинг отаси каби катта ҳақ олган эмас. Мустафи эътиқоди мустаҳкам мусулмон, ҳозирча клубдоши Месут Озилдан фарқли ўлароқ, Макка зиёратига бормаган бўлсада, шариат қоидаларига тўла-тўкис риоя этади: алкоголь ичимликларини умуман истеъмол қилмайди, ҳаттоки, мини-можароларга ҳам аралашмайди. Дейлик, 2 йил олдин «Валенсия»да ўйнаган пайти матбуот анжуманига кирар экан, олдига қўйилган пиво бутилкасини мулойимлик билан четга суриб қўйганди. Эсласангиз, вақтида Фредерик Кануте ҳам клуб ҳомийсидан шунга ўхшаш ҳолатда юз ўгирганди.
Факт. Шкодран Германия термасининг ЖЧ-2014 учун «заявка»сига мутлақо кутилмаган ҳолда кирганди - Марко Ройс жароҳати туфайли. У шунга қарамай, «бундесманншафт»нинг «плей-офф» раундида Жазоир термасига қарши кечган ўйинида майдонга тушди. Евро-2016да эса Украина термаси дарвозасига гол урди.
Леон ГОРЕЦКА. Асосий масала - саломатлик
Леон Горецка бундеслига ўйинида илк марта 4 йил олдин кўриниш берганди. У ўшандаёқ «Шальке» ижросидаги футболга ўзгача мазмун олиб кирган, бироқ дарҳол чинакам нур сочишига саломатлигига боғлиқ муаммолар йўл қўймади. Зеро, пай жароҳатлари ва ошқозон муаммоси туфайли тез-тез сафдан чиқишига тўғри келганди. Хуллас, 3та мавсум бадалига нақ 33та ўйинни мажбуран ўтказиб юборди. 2016 йилнинг ёзига келиб, Горецка диетолог билан учрашди ва даҳшатли ташхисни эшитди - ичак тизимининг сурункали яллиғланиши. У шундан сўнг овқатланиш тартибини бутунлай қайта кўриб чиқди. «Шу-шу айрим маҳсулотлардан мутлақо воз кечдим - ёғли таомлар, ёнғоқ, тўнғиз гўшти, сут... Натижада ўйинлардан кейин анча тез тикланаётганимни яққол сездим»,-дейди Горецка.
Факт. Парҳез Леонга катта ёрдам берганини охирги мавсум ва Конфедерациялар кубоги нитажалари кўрсатиб турибди. Бундеслига доирасидаги 30та ўйинда иштирок этган (шахсий рекорди) футболчи Россия турнирида 3та гол урди. Айниқса, Мексика термаси дарвозасига йўллаган 2та голи футболча ақл ва бўш ҳудудга чиқиш иқтидори маҳсули бўлдики, хотиржам Йоахим Лёв ҳам Леонни алоҳида мақташдан ўзини тийиб туролмади.
Карим ДЕМИРБАЙ. Энг оригинал жазо
Демирбай Конфедерациялар кубогида Германия ва Туркия футбол федерациялари ўртасидаги жанжал сабабчиси ва бундеслига кашфиёти сифатида қатнашди. Ваҳоланки, Каримнинг ўзи бундан 1,5 йил олдин бундай даража ҳақида ҳаттоки, ўйламаган бўлса керак. Ахир иккинчи бундеслигада камтарин «Фортуна» таркибидан жой олишга уринаётганди. Боз устига, у «Франкфурт»га қарши кечган учрашувда можаро келтириб чиқарганди. Аниқроғи, ўйинни бошқариб борган аёл ҳакам - Бибиана Штайнхаусдан иккинчи сариқ карточкани олгач, ўзини тутиб туролмади. «Аёлларга футболда нима бор?» - табиийки, бундай кескин гапи Германия жамоатчилиги томонидан роса муҳока қилинди.
Факт. Якунда Германия футбол иттифоқи Демирбайни 5та ўйинга дис-квалификация қилди, «Фортуна» ички кодекси эса унга антиқа жазо тайинлади - Дюссельдорфда ўтадиган қизлар ўртасидаги ўйинда ҳакамлик қилишни. «Хатога йўл қўйган ёш футболчиларни шундай тарбиялаймиз»,-дея изоҳ беришди «Фортуна» вакиллари. Хуллас, Карим тилига эрк бергани оқибатида ўсмир қизлар жамоалари - «Хаас» ва «Лангенберг» ўртасидаги учрашувда ҳакам ролини бажарди.
Ларс ШТИНДЛЬ. Консерватор бўлишга мойиллик
Ларс Штиндль ўз интервьюларида консерваторлик ғояларига мойил эканлигини яширмайди. Агар футбол тақдири унга боғлиқ бўлганида, ўйиндан ташқари ҳолат қоидасини бекор қиларди ва W-M тактикасини ёқларди. Ларс хусусан, йирик турнирлар иштирокчилари сони оширилишига ҳам қарши: «Ҳа, Евро-2016да Исландия термаси чакки ўйнагани йўқ, бироқ 24та жамоа кўп, барибир. Жаҳон чемпионатида 48 жамоа иштирок этса, ҳаммаси янада ёмонлашади». Унинг айтишича, бундеслига ўйинларини шанба куни соат 15:30дан бошлаш мақсадга мувофиқ, худди тарихдаги каби: «Муайян қадриятлар борки, уларни ҳимоялаш муҳим». Энг қизиғи, Ларснинг консерваторча қарашлари ва фаолият йўли бир-бирига мос эмас. 2 йилча олдин «Боруссия» М. клубини бошқарган Андре Шуберт қаҳрамонимизни ҳужумчи позициясига суриб, юқори «прессинг»ни талаб қилганида, у бунга хотиржам қараб, барчани ҳайратлантирганди.
Факт. Штиндль охирги мавсум барча турнирлар ҳисобидан 18та гол урди. Айниқса, Флоренцияда улкан жасорат кўрсатди. Яъни «Фиорентина» - «Боруссия» М. учрашувида «хет-трик»ка эришиб, немис жамоасини ёлғиз ўзи ЕЛнинг кейинги раундига олиб чиқди. Гап шундаки, Ларс гол уришни бошлашига қадар менхенгладбахликлар 2та ўйин натижасига кўра, 0:3 кўринишида орқада боришаётганди.
Сандро ВАГНЕР. Бош мураббий билан тенгдош
Юлиан Нагельсманн 2006 йилнинг апрель ойигача «Мюнхен 1860»нинг ишончли ҳимоячиси саналган, бироқ кейин омадсиз жарроҳлик амалиёти оқибатида бутсаларини михга илиб, ўзини аналитик ишга урди. Эътиборлиси, Нагель-сманн Германия ёшлар лигасида ўйнаганида, «Мюнхен дербиси»да Сандро Вагнер билан майдонда тўқнаш келган. Улар тенгдош. Энди Вагнер «Хоффенхайм»да айнан Нагель-сманн бошчилигида ишламоқда. «Биз тенгдош, қолаверса, битта жойданмиз, аммо агар бор куч билан ишламасам, Юлиан бошқалар қатори мени ҳам захирага равона қилиши ҳеч гап эмас»,-дейди Вагнер. У 2009 йили ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионати финалида гол уриб, Германия термаси ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бироқ кейинчалик ўша жамоанинг кўплаб асосий ўйинчилари - Мануэль Нойер, Матс Хуммельс, Жером Боатенг, Бенедикт Хёведес, Сами Хедира ва Месут Озил миллий термада топ-ижрочилар қаторига чиққан бўлсалар, Сандро иккинчи лигада сарсон юрди. Мана, у «Олтин зангламас» мақолига мувофиқ, бир йилча олдин «Дармштадт»да қайта нур соча бошлади.
Факт. Вагнер аввалги жамоасида узун тўп оширишларга таяниб, иш тутарди. «Хоффенхайм»нинг нисбатан комбинацион футбол кўрсатишини инобатга олсак, Сандро энди маҳсулдорликни анча оширса, ажабмас.