Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Жо: «Бразилия термаси билан ЖЧ-2018да иштирок этмоқчиман»

Баҳо:
+ | -

Ўз вақтида Москванинг ЦСКА клубида тўп сурган бразилиялик ҳужумчи Жо EsporteInterativo дастурига берган интервьюсида Роналдиньо билан нега гаплашмаслиги, спиртли ичимликлардан воз кечгани ҳамда Россияда расизм бор-йўқлиги ҳақида гапирди.

«БАЙРАМ КЕЧАЛАРИГА БОРМАЯПМАН»

- Мабодо Роналдиньо сизни байрам кечасига чақирса, борасизми?

- Йўқ, чунки бундай тадбирларни эндиликда ўзимга эп кўрмайман. Турли кечалар вақтимни ўтказганимга арзимайди.

- Наҳотки, вақтичоғлик қилишга хоҳиш бўлмаса?

- Умуман йўқ.

- Спиртли ичимликларга-чи?

- Кўпинча дўстларим билан кечки тамадди қилаётганимизда улар пиво ичишади. Менда эса спиртли ичимликлар истеъмолига умуман истак қолмаган.

- Демак, ҳозир Роналдиньо билан гаплашмаяпсизми? Ахир у сизнинг энг яқин дўстларингиздан бири эди-ку?!

- Алоқалар узилган, чунки ўзим буни хоҳламаяпман. Албатта, ўз вақтида у фаолиятимни тиклаб олишимда кўмаклашган. Роналдиньо ҳамиша майдонда ақлли ўйинчи бўлган. Шунчаки, ҳозир бизнинг ҳаёт тарзимиз турлича кечмоқда. Аммо қачондир кўришиб қолсак, бажонидил суҳбатлашаман.

«ОТА-ОНАМГА УЙ СОТИБ ОЛИШ МАҚСАДИДА РОССИЯГА БОРГАНМАН»

- Менга кўпчилик шундай дерди: «Ҳой, йигит, сен нотўғри йўлни танлабсан. Ичкиликка ружу қўйибсан, кўп ичяпсан!». Бироқ ҳаётда шундай вазиятлар рўй берарканки, ўша паллада кўзинг кўрмай, атрофдагиларнинг гапини эшитмайдиган кардек бўлиб қоларкансан.

- Спиртли ичимлик ичгандан ке-йин машғулотларда қандай қатнашардингиз?

- Ахир ёш бўлганман! Алкоголь истеъмол қилганимда, унинг оқибатларини ўйламасдим. Бу зарарли иллатнинг ўйиним ва саломатлигимга салбий таъсир ўтказиши хаёлимга келмасди.

- Отангизнинг орзуларини рўёбга чиқардингиз. Ахир у барибир, кучли футболчи бўлолмади-ку, шундайми?

- Ҳа, фаолиятини «Коринтианс»да бошлаб, кейинчалик асосан қуйи лига клубларида ўйнади ва охир-оқибат такси ҳайдовчисига айланди.

- Фожиали тарзда ҳалокатга учраган акангиз билан бирга тўп сургансиз...

- У ҳар жабҳада менга ўрнак бўлган, кейин эса машъум воқеа юз берди... Қайғурдим, ўз навбатида, куч тўплаб, умумий орзумизни рўёбга чиқардим ота-онамга уй сотиб олиб бердим.

- Россияга шу мақсадда борганмидингиз?

- Худди шундай. Футболчи ҳамиша келажак ҳақида ўйлайвермайди. ЦСКАдан таклиф тушди ва мен бу имкониятни бой бермадим. Ахир «Тўрт йилдан сўнг «Барселона»га бориб, ўшанда ота-онамга хонадон харид қиламан», деб ўйлай олмасдим. Ҳа, ўша кезлари ЦСКА кучли жамоа эди, у ерда машҳур бразилияликлар тўп суришган. Россияга кўчиб ўтганимни танқид қилишган, ҳали ёш эканимни таъкидлашган. Лекин ўша паллада мен фақат ота-онамга ёрдам бериш ҳақида ўйлаганман.

«КЎПРОҚ ИШЛАШИМ КЕРАК»

- Албатта, яна миллий жамоада тўп суриш ниятим йўқ эмас. Бунинг учун эса кўпроқ ишлашим керак. Ишончим комилки, ЖЧ-2014даги таркибдан жой олган футболчиларнинг 80 фоизи эндиликда термадан жой ололмасликдан чўчишади. 1:7 ҳисобидаги ўша мағлубиятдан сўнг имкониятлари чекланган, деб ўйлашади. Аммо уларнинг аксарияти ҳамон жамоадалар. Ўйлашимча, «Коринтианс»дек йирик клубда тўп суриш - ўзимни кўрсатиш учун ажойиб фурсат. Боз устига, бир йилдан сўнг жаҳон чемпионати Россияда, бир вақтлари мен фаолият юритган мамлакатда ўтказилади. Мени жуда яхши кутиб олишган, аммо ўша кезлари Вагнер ва Карвальога боғланиб қолишганди. Руслар ўлкасига ажо-йиб тавсифнома билан борганман, шунга қарамай, ўзимни кўрсатишим талаб этиларди. Биринчи ўйиндаёқ тўртта гол урдим.

- Россияда ирқчиликка йўлиқмаганмисиз?

- Дастлабки йил бундай ҳолат кузатилмаган. Иккинчи мавсумда эса, мени яхши таниб, қандай футболчи эканимни билишганидан сўнг ҳақорат қилиш бошланди. Бир сафар «Зенит»га қарши кечган баҳсда Вагнер биринчи бўлиб майдонга чиққанда, унга банан пўчоғини ирғитишганди. Тажрибали жамоадошим менга бундай вазиятларга эътибор бермай, ножўя қилиқ қилганларни назардан четда қолдириш лозимлигини уқтирганди. Россияда бир неча йил яхши яшадим, фақат шу каби нохуш воқеалар дилни хира қилганди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:12, 27.07.2017.
Ўқилди: 3378 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.