Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ҳимоячиси Достонбек Турсунов клуб расмий сайти учун интервью берди.
Ҳимоячи Ўзбекистон кубогидан ўрин олган "Бунёдкор"га (1:3) қарши ўйин ҳақида гапирар экан, яқин кунларда бошланадиган иккинчи даврадаги мақсад ва вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
"“Бунёдкор”га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида яхши ҳаракатландик“,-деб гап бошлади Турсунов. Афсуски, тўлиқ ўйин давомида мана шундай бўлмади. Хатолар кузатилди. Голлар рақибни кучли маҳорати ёки босими натижасида юзага келмади, балки ўзимизнинг камчиликларимиз сабабли кетма-кет гол ўтказиб юбордик. Жамоа деярли янгиланган, шу боис илк баҳсда бир-биримизни тушуниш қийин бўлди. Бу вақтинча ҳолат. Секин-аста жамоа жипслашиб боради. Умуман олганда ўйин менга ёқди. Тошкентликларга етарли муаммо туғдира олдик, баҳсни назорат қилдик, кетма-кет хавфли ҳужумларни амалга оширдик. Очиғи, камида 3 гол уришимиз мумкин эди. Аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик бизга кўп панд берди. Бу “Нефтчи”нинг энг яхши ўйини эмас. Биз ҳали чемпионат давомида янада кучлироқ футбол кўрсатамиз.
“Бунёдкор” жамоаси? Ҳа, улар ҳақида фикрим ижобий ҳисобланади. Лекин биздан яққол кучли жамоа эмас.
Маълум вақтдан сўнг яна “Нефтчи”га қайтдим. Бу жамоа мен учун жуда ҳам қадрдон саналади. Очиғи, Фарғонага қайтишим осон кечмади. Вадим Абрамов жамоасидан таклиф ҳар қандай футболчи учун ёқимли туюлса керак. Ўзимда ҳам “Нефтчи”дан ўйнаш учун хохиш бор эди. Ҳозир бизни турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимиз умуман “Нефтчи”га мос эмас. Бу клуб ҳақида барча яхши билади. Бизни иккинчи давра кутмоқда. Вазиятни ўнглаш, жамоани 15-ўриндан олиб чиқиб кетиш учун бор кучимизни берамиз. Мавсум сўнггига бориб дастлабки олтитаталикда бўлишни истардик" - деди Турсунов.