Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Осорио - Мексика терма жамоасининг қурувчи, официант, «айғоқчи» устози

Баҳо:
+ | -

КОНФЕДЕРАЦИЯЛАР КУБОГИ-2017нинг ЭНГ ЁРҚИН МУРАББИЙИ ХУАН КАРЛОС ОСОРИО ФАОЛИЯТИГА ЧИЗГИЛАР. Мексика миллий жамоаси бош мураббийи Россияда ташкиллаштирилган Конфедерациялар кубогига келиш йўлида қурилиш объектларида ғишт терувчи сифатида тер тўккан, ресторанда официант бўлиб ишлаган ва «Ливерпуль» ҳамда «МЮ» клублари машғулотларида «айғоқчи»лик қилган. Ҳа, Осорио Мексика бош жамоаси бошқарувини қўлга олишига қадар анча мушкулотларни мардона енгиб ўтган...

***

Бундан 2,5 йил олдин Хуан Карлос Осорио Жанубий Америка Лигаси (Европа Лигаси даражасидаги турнир) финалининг илк ўйини тугаши ҳамоно ғазабланган ва ҳафсаласиз ҳолда, «Атлетико Насьональ» футболчиларидан юз ўгирганча шахсий машинасига ўтириб,  стадиондан чиқиб кетди. Жамоаси натижасидан қониқмаган мураббий машинасига ёқилғи қуйиш мақсадида йўл четидаги шахобчага кирганида ҳам ғазаб отидан тушмаганди. Шахобча хизматчиси эса Осориони таниб, дарров кўнглини кўтаришга уринди: «Профи, сиқилманг, ўйинни унутинг. Тўкилиб кетган сут учун йиғлашдан маъно йўқ. Олдинда жавоб баҳси бор...». Лекин мураббийнинг сиқилишига асос бор эди - «Ривер Плейт» Колумбиядан ўзи учун қулай 1:1 ҳисоби билан қайтганди. Боз устига, аргентиналиклар ғалаба қозонишлари ҳам ҳеч гап эмасди, агарда еврофутбол ихлосмандларига яхши таниш бўлган Фернандо Кавенаги рақиб жарима майдонида Осорио шогирдларини кечирмаганида. Хуллас, мураббий ўша йигитга ҳам дакки беришдан тийилмади: «Нима, жиннимисан, бугунги ҳисоб катта аҳамият касб этади-ку. Ўйин сен учун муҳим эмасдир, аммо мен бошқача ўйлайман...». Хуан Карлоснинг хавотири бежиз эмасди, «Атлетико Насьональ» Аргентинада мағлубиятга учради - яна хуноблик, яна ғазаб. Осорио бу сафар финал ҳуштаги янграгач, аламидан майдон майсасидан бир тўпламини узиб олди. Лекин энг муҳими, у Колумбия клубидан ғолиб сифатида кетди  - орадан ярим йил ўтгач, «Сан-Паулу»дан таклиф олди ва шундан сўнг Мексика термасида иш бошлади. Бунда The Guardian нашри томонидан Хуан Карлос Осориога берилган таъриф таъсири ҳам бор, албатта: «Колумбиянинг энг омадли жамоаси тарихидаги энг омадли менежер». Умуман олганда, Жанубий Америкада уни тан олинган «телба»лар - Марсело Бьельса, Хорхе Сампаоли ва Хуанми Лильо билан бир қаторга қўйишади. Уларнинг тарихлари маълум даражада ўхшаш, ҳаммалари футболчилик фаолияти ҳақидаги ўй-хаёлларни эрта унутиб, дарҳол мураббийликка қўл уришган. Фақат шуниси борки, Осорио номлари тилга олинган футбол Франкенштейнларидан фарқли ўлароқ, ишни ўз уйидан 4000 км. узоқликда бошлаган.

***

Осорионинг ўзи бутсаларини михга илиш ҳақидаги қарорини ҳаётидаги энг муҳими сифатида кўрсатади: «26 ёшимда талаб даражасида ўйнолмаслигим ва Колумбия чемпионатидан юқорига кўтарилолмаслигимни тушундим. Шунда футболчилик фаолиятимга нуқта қўйишни лозим топдим». Хуан Карлоснинг отаси ашаддий футбол фанати эди ва ўғлини «Депортиво Перейра» кўригига олиб боради. У ерда 9 ёшли болакайни аввалига дарвозага қўйишади, лекин кўп ўтмай, ўйинни яхши тушунишига эътибор қаратиб, олдинроққа суришади. Айтиш жоиз, Осорио «Депортиво Перейра»даёқ ўз штабини шакллантира бошлаганди. Дейлик, Помпилио Паес билан танишади ва уни доимий ҳамкори сифатида танлайди. Паес айни пайт Мексика термасида ҳам Осорио билан бирга. Тўғри, у Россияга келгани йўқ. Чунки Хуан Карлос қарорига кўра,  асосий таркиб Конфедерациялар кубогида қатнашган бўлса, Паес захирачиларни КОНКАКАФ кубогига тайёрлади.

***

Хуллас, Осорио 26 ёшида бобосидан қарз олиб, АҚШга йўл олади. У инглиз тили ва америкача турмуш тарзини ўрганишни мақсад қилганди. Бироқ Айовадаги коллежда ярим йил вақт ўтказгач, барчасидан безийди, шекилли, ўзини бошқа юмушларга уради. Осорио жумладан, 5 ой Чикагода яшаб, «Буллз» баскетбол клуби ишини ўрганади. Ўша вақт   «Буллз»нинг МБАдаги зафарли юриши ҳали бошланмаган, Майкл Жордан эса буюк ўйинчи мақомини олишга улгурмаганди. Фил Жексон гарчи етук мураббий саналсада, унинг паркетдаги иши Осориода алоҳида таассурот уйғотмайди. «Айнан ўша пайт жамоавий химия ва хотирани мустаҳкамлаш учун доимо максимал тезликда қарор чиқариш муҳимлигини тушунгандим»,-дея эслайди футбол мураббийи баскетболдан олган сабоғини. Хуан Карлос кейинчалик зарур маблағ тўплаш учун Нью-Йоркка юзланади. Яъни мураббийлик қилиш ўрнига қурилиш майдонларида ғишт терувчи бўлиб ишлайди, боғбонлик қилиб кўради, умумовқатланиш муассасида официант либосида югуради. У шунинг баробарида Нью-Йорк шаҳар хиёбонида футбол ўйнаш орқали ҳам пул топади. Бунда кўча қоидаларига амал қилинарди: иштирокчилардан йиғилган мукофот пули ғолибга бериларди. Осорио дам олиш кунлари 5-6та ўйинда қатнашар ва доимо ғалаба қозонарди. Ваҳоланки, у ўзини ношуд ўйинчи, деб биларди. Тақдирни қарангки, ўйинлардан бирида Хуан Карлос Нью-Хейвен университети мураббийи назарига тушади. Хуллас, у Жанубий Коннектикутга қайтгач, биринчи навбатда, Осориони ёнига чорлайди. Натижада Хуан Карлос университетда физиология ва биомеханика йўналишини ўрганишдан ташқари, жисмоний тайёргарлик мураббийи кўникмаларини ўзлаштиради. Шунингдек, «Куинс» ўйинчилари билан индивидуал тарзда шуғулланиб, Англия сафари учун пул жамғаради. У дилига Ливерпулга бориб, Жон Мурса футбол-илмий аспирантура университетида таҳсил олишни тугиб қўйганди. 1997 йили бунга эришади ва Англиядаги иккинчи куниёқ «Ливерпуль» базаси - Мелвудга бориб, қўриқчидан сўрайди: «Бу ерга киришим мумкинми?» Табиийки, Осорио-ни ичкарига қўйишмайди. Эртасига шу ҳол яна такрорланади. Хуллас, Хуан Карлос «эгри» йўлдан юришга мажбур бўлади. «Қарасам, база четидаги деворда катта туйнук бор экан. У ерга бош суқиб, рўпарада уй борлигини кўрдим. Кейин эшикни тақиллатдим ва уй соҳибасидан стул сўрадим. Хуллас, табуреткани олиб, унинг устига чиққанча девордан бош чиқариб, «Ливерпуль» машғулотини яширинча кузата бошладим».  Хуан кейинги кунни ҳам шу тариқа ўтказади ва учинчисида нотаниш оила уни кечки овқатга таклиф қилади: «Бахтимга, беканинг икки нафар ўғли «Ливерпуль» мактабида шуғулланар экан. Болаларнинг кичиккина хонаси ойнасидан эса Мелвуд яққол кўриниб турарди. Шундай қилиб, «Ливерпуль» базаси рўпарасидаги уйда деярли 2 йил яшадим: ҳар куни эрта азонда уйғониб, навбатдаги дафтарчани қоралардим. Яъни кўрганларимни ёзиб борардим. Агар ёмғир ёғса, машғулотни ойнадан кузатардим, ҳаво очиқлигида эса стулни олиб ташқарига чиқардим...».  У Рой Эванс ва Жерар Улье бошчилигидаги машғулотлар жараёнини шундай ўғринча кузатиб, баъзи жиҳатларни ўрганади.

***

«Статен-Айленд Вайперс» ва «Нью-Жерси Метростарз» жамоаларида мураббий ассистенти сифатида кўрганларини амалга татбиқ эта бошлаган Осорио яна 4 йилдан кейин Англияга қайтади - «Манчестер Сити»нинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийиКевин Киган олдига. Эътиборлиси, бу сафар ҳам ўша тарих такрорланади - у иккинчи куни «МЮ» базаси дарвозаси олдида сэр Алекс Фергюсонбилан гаплашишга уринади. «Сити» ўша вақт чемпионшипда ўйнарди ва Фергюсон бу клуб вакилини жиддий хавф солувчи сифатида қабул қилмасди. Хуллас, Ферги меҳмонни базага кириши учун рухсат беради. Натижада Осорио буюк мураббий билан суҳбатлашиш ва ундан ўрганиш имкониятига эга бўлади. Сэр Алекс хусусан, ротация муҳимлигини алоҳида уқтирганди: «Футболчига асосий таркибда ўйнашга муносиблигини айтишнинг ўзи етарли эмас, амалда буни исботлаши учун имконият бериш шарт». Осорионинг кейинги фаолиятига назар солсак, унинг бу ўгит мағзини чаққани ойдинлашади. Ҳар ҳолда, мураббий Мексика термасида ҳам таркибни алмаштириб ўйнатишга катта эътибор қаратмоқда. Киган сабоқларига келсак, улар ҳам зое кетмади: ватанига қайтган Хуан Карлос идеал ўйин чизмасини яратди. Дейлик, унинг жамоалари ҳимоядан қисқа тўп оширишлар эвазига чиқиши ва ҳужумда бўйдор ўйинчилардан фойдаланиши билан ажралиб туради. Мавсум-2001|2002 охирига келиб, Киган стадион трибунасидан жой олиб, Осориога машғулотларни мустақил олиб бориш имконини бера бошлайди. Муҳими, у колумбияликка баъзи эътирозларини рўй-рост айтарди: «Футболчиларни нега яна улар тузукроқ тушунмайдиган схемалар билан қийнаяпсан?» Тушунарлики, Осорио бу каби эътирозлардан ҳам тегишли хулосалар чиқарган.

***

Хуан Карлос «Мильонариос» бошқарувини қўлга олгач, Колумбия футболида ўзига хос инқилоб ясади. У футболчиларни ҳар куни фақат тўп билан эмас, балки тактика устида ҳам шуғулланишга мажбур этди. Осорио бош мураббийлик ваколатини олишига қадар жамоани 3 йил бошқарган «Мильос» афсонаси Аугусто Гарсия эса бу ҳолатга кулимсираб қараганча матбуот орқали уни ерга урди: «Хуан Карлос аниматор, қурувчи, телба, фақат мураббий эмас. Ахир у ҳеч қачон футбол жамоасида ишлаб кўрган эмас...». Тўғри, Осорио «Мильонариос»да айтарли натижа кўрсатмаган бўлсада, кейинги фаолияти самарали кечди: «Нью-Йорк Ред Буллз»ни MLS кубоги финалига олиб чиқди, «Онсе Кальдас»ни Колумбия лигаси охирги ўрнидан биринчи қаторга кўтарди, «Атлетико Насьонал»ни эса бинойидек жамоага айлантирди. Мана, Осорио эндиликда Мексика термасидаги ишидан завқланмоқда. Аввалги бош мураббий - обрўли Мигель Эррера журналистлар билан жанжал оқибатида истеъфога чиққанди, мексикалик мухлислар Осориони ҳам унча хушламайдилар. Уларга биринчи навбатда, Британия футболига хос ротация ва ўйин схемасининг тез-тез алмашиб туриши маъқул эмас. Чунончи, Осорио бугун дарвозада Гильерме Очоага ишонч билдириши ва кипер жамоани 10 мартача голдан қутқарганига қарамай, кейинги учрашувда уни захирада қолдириши ҳеч гап эмас. Мураббийнинг ўзи Мексика термасини тайёрлаш жараёнида бошқа жамоалар ўйинини обдон ўрганишини яширмайди. Бунда у фақат замонавий футбол билан чекланиб қолмайди: «Ҳар куни 2та тарихий ўйин видеоёзувини кўриб чиқишга ҳаракат қиламан. Мисол учун, 80-йиллардаги «Аякс» ёки 70-йиллардаги ЖЧ ўйинларини танлашим мумкин». Хуан Карлос кийиниш хонасида шогирдларини америкалик оратор Жон Максвелл ва саркарда Александр Македонский сўзларини омихта қилган ҳолда шайлантиришни хуш кўради. Ҳозирча бундай ёндашув самара беряпти - Мексика термаси Осорио қўл остида атиги 3-4 марта ютқазди, холос. Бироқ бир сафар унинг 3-1-3-3 тактик чизмаси шунчаки, таназзулга учраганини ҳам айтиш жоиз. Яъни El Tri  аввалги Америка кубогида шу услубга таяниб, гуруҳ раундида 3та ғалаба қозондию, илк «плей-офф» босқичида Чили термасидан нақ 7та жавобсиз гол қабул қилиб олди. Осорио бу натижадан шунчалик ҳафсаласизландики, турнир якунланиши билан таътилга чиқиб, Жанубий Америка бўйлаб сайр бошлади - шунга ўхшаш катта омадсизликни бошдан кечирган одамлар билан алоҳида гаплашди. Хусусан, Аргентинада 5 кун яшади ва асосан тактика, машғулотлардаги турли ҳолатлар юзасидан ўзига хос маърузалар эшитди. Хуан Карлос 5 кунлик мулоқот мавзуларини батафсил айтишни хоҳламаган бўлсада, Марсело Бьельса олдига борганини яширмади. Демакки, колумбиялик мураббийни энди бемалол шу «телба» мутахассисга ўхшатиш мумкин.

Маълумот учун

Хуан Карлос ОСОРИО

Ким? Мексика миллий жамоаси бош мураббийи

Қайси клубларда ўйнаган? «Депортиво Перейра», «Интернасьонал» ва «Онсе Кальдас»да

Қайси клубларни муваффақиятли бошқарган? «Онсе Кальдас», «Атлетико Насьональ» ва «Сан-Паулу»ни

Мураббийлик амплуаси. «Телба тактик»

Эътиборли ибораси. «Футболчилик фаолиятига вақтида нуқта қўйганим мен учун энг муҳим қадам ҳисобланади»

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:27, 02.08.2017.
Ўқилди: 3450 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.