Табиийки, биринчи лига вакиллари ҳам ҳал қилувчи босқич ўйинларига алоҳида тайёргарлик кўришмоқда, айниқса, етакчилар. Хусусан, биринчи даврада 41 очко тўплаган ва турнир жадвали пешқадами бўлиб турган Қувасойнинг «Цементчи» клуби Туркиянинг Анталия шаҳрига бориб келди.
Шу кунларда жамоанинг ўқув-машғулотлари Қувасойда давом эттириляпти. Айтиш жоиз, «Цементчи» бош мураббийи Абдумалик Ҳакимовнинг натижалари йилдан йилга яхшиланмоқда.
Вақтида футболчи сифатида айнан қувасойликлар шарафини ҳимоя қилган ёш мутахассис 2015 йили 4 ва кейингисида 3-ўринни таъминлаганди.
Мана, жорий мавсум жамоа олий лигага кўтарилишга даъвогар бўлиб турибди. Хуллас, жамоа бош мураббийи билан суҳбатимиз, иккинчи даврага тайёргарлик ва Туркия сафари хусусида кечди.
- Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳридан қайтдинглар. У ерда йиғин олиб борилдими ёки...?
- Туркияга шунчаки, ҳордиқ чиқариш учун бордик. Яъни у ерда ҳеч қандай машғулот ўтказмадик. Чунончи, клуб раҳбарияти биринчи даврани пешқадам сифатида якунласак, футболчилар ва мураббийлар штабини рағбатлантиришга ваъда берганди.
Хуллас, клуб ўз олдига қўйилган вазифани бажарди ва раҳбарлар ваъдага вафо қилиб, Туркияга юборишди. Насиб қилса, энди кейинги мавсум олдидан Анталияга ўқув-машғулотлар йиғини учун борамиз.
- Олий лига йўлланмаси қўлга киритилса ҳам, қандайдир мукофот оласизларми?
- Албатта. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, олий лигада ўйнаш ҳуқуқини олишимиз шарт. Демоқчиманки, бу вазифани хорижга бориш ёки қандайдир қимматбаҳо совғага эришиш учунгина амалга оширмаймиз.
Ахир олий лига йўлланмасининг ўзи футболчилар учун энг катта совға бўлади. Айни пайт Қувасойда шуғулланяпмиз. Йиғинга ўзим ўйинларини кўрган ва кузатиб юрган янги футболчиларни ҳам жалб қилганман.
- Улардан кимларни алоҳида кўрсата оласиз?
- Машғулотларимизга 7-8 нафар янги футболчи қўшилганди. Ўз ўрнида, айрим йигитлар сафимизни тарк этишди. Дейлик, Умид Матмусаев ва Оқил Маҳмудовга жавоб бердик. Умид «Машъал»дан таклиф олганди ва унинг кетишига қаршилик кўрсатмадик.
Собиқ футболчиларимиз - Жамшид Қобулов ва Суннатилло Эрматовни ортга қайтардик. Улар ўтган мавсумдаги ажойиб ўйинлари билан олий лига жамоалари эътиборига тушгандилар.
Якунда клуб раҳбарияти Қобуловни «Нефтчи» ва Эрматовни «Обод»га қўйиб юборганди. Мана, жамоамиз олдига улкан мақсад қўйилганини ҳисобга олиб, ҳар иккисини қайта чақириб олдик. Улар айни пайт жамоамиз машғулотларида иштирок этишмоқда.
- Тушунарлики, олий лига йўлланмасини ютиш осон эмас. Хўш, «Цементчи» иккинчи даврада бўладиган жиддий курашга нечоғли тайёр?
- Ҳақиқатан ҳам, буёғига ўйинлар ўта муросасиз кечиши тайин. «Андижон» ва «Сурхон» каби рақиблар ҳам элитага қайтишдан умидвор.
Демакки, озгина эътиборсизлик қимматга тушиши мумкин. Муҳими, мақсад сари барқарор интилишда давом этсак, бас. Ортга йўл йўқ. Мақсад олий лигага чиқиш экан, бу борада барча имкониятларни ишга солиш шарт.
- Дейлик, «Цементчи» олий лигага чиқса, жамоанинг уй стадиони барча талабларга жавоб берадими?
- «Цементчи» вақтида олий лигада ўйнаган. Тўғри, айни пайт стадионнинг ўзига яраша камчиликлари бор. Лекин кучлилар сафига йўл олсак, улар бартараф этилади, албатта. Ишонаманки, бу борада муаммо туғилмайди.
- Туркия саёҳатини назарда тутсак, жамоанинг молиявий ҳолати чакки эмас. Лекин олий лигада ўйнаш анча кўп харажат талаб қилиши ҳам тайин.
- Айни ҳолат бўйича гапирсам, қарздорлик йўқ. Биринчи давранинг барча ўйинлари учун маош ва мукофот пуллари вақтида берилди. Хуллас, бу масаладан кўнгил тўқ.
Аксинча, футболчилар жамоадан қарздор. Бу қарзни узишнинг битта йўли бор - олий лига йўлланмасини қўлга киритиш. Умуман, раҳбарият олий лигага чиқиш вазифасини қўйган экан, агар буни уддаласак, шунга яраша чора-тадбирларни кўради.
- Энди тайёргарлик хусусида: йиғин сифатидан кўнглингиз тўляптими?
- Ҳаммаси режа асосида кетяпти. Хусусан, ўртоқлик учрашувларига жиддий ёндашяпмиз. Ўйлайманки, «Нефтчи», «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» каби олий лига вакилларига қарши кечадиган назорат баҳслари жамоамизга катта наф беради. Бундан ташқари, «Андижон» билан куч синашишни режалаштирганмиз.
- Якунда жамоа мураббийлар штаби хусусида ҳам маълумот берсангиз...
- Жорий мавсум Илҳом Зайлобиддинов ва Элдор Сакаев билан бирга ишлаяпмиз. Жамоамизнинг муваффақиятли иштирокида уларнинг хизматлари ҳам катта.
Ўзим вақтида «Цементчи» шарафини ҳимоя қилганман. Қувасойда мураббий сифатида иш бошлаганимга эса 3 йил бўлди.
Битта жамоанинг тўлиқ шаклланиши учун маълум вақт керак, албатта. Муҳими, биз қисқа фурсат ичида олий лига клублари учун бир қатор футболчиларни тайёрлаб бердик.
Мисол учун, Нодир Камолов ва Элёр Акбаров «Қизилқум»да, Умид Матмусаев ва Суннат Эрматов «Обод»да, Жамшид Қобулов эса «Нефтчи»да ўйнади. Хуллас, меҳнатларимиз самарасиз кетмаётганидан хурсандмиз.