Неймарнинг йирик трансферидан кейин «Барса» тезда унга янги ўринбосар топиши керак.
Рақобатбардош бўлиши ва Ла Лига чемпионлигини қайтариб олиш учун Месси ва Суаресларга кучли шерик излашига тўғри келади. France Football нашри эса бундай муносиб номзодларни эслаб ўтди.
Филиппе Коутиньо («Ливерпул»)
Сўнгги пайтларда ОАВда исми кўп маротаба тилга олинаётган футболчи айнан Коутиньо. «Ливерпул»даги тўрт ярим йиллик фаолияти мобайнида ривожланишдан тўхтамаган бразилиялик футболчини «Барселона» ўз сафига қўшиб олса ажаб эмас. Иқтидорли футболчи «Барселона» ўйинига мос тушиши аниқ. Боиси 25 ёшли футболчи учун Испания Чемпионати бегона эмас. 2012 йил январ-июн ойларида у «Эспанёл»да ижара асосида ўйнаган эди. Бу орада Ла Лигада беш гол уришга ҳам эришган эди. Бироқ «кўк-анорранглилар» раҳбарияти уни жамоаҳа олиб келишда қийинчиликка учраши аниқ. Унинг трансфери учун мутасаддилар 100 миллион евродан кам бўлмаган маблағни «Ливерпул» ҳисобига ўтказиб қўйиши керак бўлади.
Усмон Дембеле («Боруссия Дортмунд»)
Юқори тезлик, ажойиб дриблинг ва техникага эга француз Неймарга жудаям ўхшайдиганларидан бири. Фарқи, бразилиялик юлдуз ўнгақай бўлса, франциялик ёш иқтидор эгаси чапақай ҳисобланади. Агарда Дембеле ўнг оёқда ҳам ўйнашни ўрганиб олса, ҳам термада, ҳам клубда иккала қанотда бирдай ўйнай оладиган футболчига айланади.
Пауло Дибала («Ювентус»)
Бразилиялик ўрнига аргентиналик? Бундай фикр кўпроқ Лионел Мессига ёқиши аниқ. Туринликлар билан 2022 йилгача амал қиладиган шартномага эга Дибала энг яхши футболчи даражасигача чиқа олишини уддалай олди. «Олтин тўп»нинг 30 кишилик рўйхатидан жой олган Дибала эндигина 24 ёшни қараҳилади. «Барселона»да эса юқори чўққига кўтарила олиши мумкин.
Тома Лемар («Монако»)
Кўпчилик футбол ишқибозлари уни ўзини кўрсатиши учун иккинчи мавсумни ҳам юқори савияда ўтказиши керак деб ҳисоблашмоқда. Балки, тўғридир. Бироқ, гваделупалик футболчи «Монако» билан ўз қанотида истеъдодини исботлай олмадими? Ички чемпионатда 9 гол ва 10 голли узатмага эга Лемар Чемпионлар Лигасида «Манчестер Сити»га қарши баҳсда ўзининг юқори савиясини намойиш эта олди. Қисқаси, Лемар ҳам «Барселона»га мос тушиши мумкин.
Килиан Мбаппе («Монако»)
Мбаппе ҳақида таъриф беришнинг кераги йўқ. Бутун мавсум давомида у ОАВ ва клубларнинг диққат-эътиборида бўлиб келди.
Килианга «Реал» ҳам оғиз солгани ва ҳатто унинг трансферини амалга оширишга яқин тургани ҳақидаги хабарларни инобатга олсак, «Барселона»га уни қўлга киритиш осон кечмайди.