Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

“Барселона”: оддий жамоадан гегемонликкача

Баҳо:
+1 | -

 “Футбол дунёни бошқаради. Мен эса футбол деганда “Барселона”ни тушунаман!” Йохан Круифф.

Футбол оламида ҳар бир клубнинг ўз тарихи, ўз ўрни бор. Аммо мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳеч бир жамоанинг тарихи “Барселона”никидек мураккаб, “Барселона”никидек қизиқарли, “Барселона”никидек зиддиятли ва “Барселона”никидек фахрланишга арзигулик эмас экан. Боиси, қачонлардир оддий инсон томонидан асос солинган клуб эндиликда буюк бир жамоага айланди.

КЛУБ ПОЙДЕВОРИГА ДАСТЛАБКИ ҚАДАМ

1899 йилнинг 22 октябрида 21 ёшли швейцариялик фуқаро Ганс Гампер футболни яхши кўрувчилардан янги клуб ташкил этиш ғоясини илгари суради. 29 ноябрда барча футбол ихлосмандлари — каталонияликлар, швецарияликлар, немислар, инглизлар ва бошқа миллат вакиллари Барселонадаги заллардан бирига машғулот ўтказиш учун йиғилишади ва шу ерда янги футбол жамоаси — «Барселона»га асос солинади.

8 декабрь куни «Барселона» ўзининг биринчи учрашувини собиқ стадиони — «Велодром де-ла-Бонанова»да инглизларга қарши ўтказади. Ҳар бир жамоанинг асосий таркиби тўққизта футболчиддан иборат эди. Мазкур ўйинда инглизлар жамоаси 0:1 ҳисобида зафар қучади ва эртанги куни бу ўйин маҳаллий «Ла Вангуардиа» газетасида чоп этилади. Шундан кейин «Барселона» клубининг шонли тарихига пойдевор қўйилади.

ТАРИХ СИЛСИЛАСИ

“Барселона” шаклланишининг дастлабки йилларида (1899-1922) “Лес Корт” стадиони қурилди. Жамоа клуб сифатида Барселона вилоятидаги бошқа клублардан кўра ўзини шаҳарнинг рамзи сифатида кўрсатишга ва шаҳар билан бир бутун бўлишга интилар эди. Кейинчалик “Барселона” Каталониядаги асосий клубга айланди ва ўзини Каталония миллатининг рамзи сифатида кўрсата бошлади.

Қарама-қаршиликлар даврида (1922-1957) клуб “Лес Корт”дан “Камп Ноу” стадионига кўчиб ўтди. Клуб тарихининг дастлабки йилларида клуб аъзолари 10 000 нафарга етди. Футбол оммавий тус ола бошлаган ва тобора профессионалликка интилаётган даврда клубга Алкантара ва Самитер сингари афсонавий шахслар кириб келди. Аммо моддий қийинчиликлар, сиёсий нотинчликлар, Испаниядаги фуқаролик уруши ва урушдан кейинги давр клуб бошига кўплаб нохуш холатларни олиб келди. Бунга 1936 йили клуб президенти Жозеф Санёлнинг ўлдириб кетилиши ёрқин мисол бўла олади, у “спорт ва фуқаролик” шиорининг асосчиси ҳамда тарғиботчиси эди. Клуб бу синовларни матонат билан енгиб ўтди. Жамиятда ижтимоий ва спорт соҳаси яна ўз ўрнига кела бошлади. Бу даврда клубга ўта лаёқатли рахбар Ладислау Кубала кириб келди.

1957-1974 йиллар ичида Каталония клуби қониқарсиз натижалар кўрсатишига қарамасдан, бир бутун жамоа сифатида мустаҳкамланиб борди. Клуб томонидан дастлабки йилларда эътироф этилган ва дунё миқёсида етарлича шов-шувга сабаб бўлган “Барса — бу клубдан кўра кўпроқ” шиорини президент Нарсис де Каррерас қўллаб-қувватлади. Президент Аугусто Монтал эса “Барселона”га клуб тарихида катта ўзгаришларга сабаб бўлган Йохан Кройффни олиб келди.

1974-1992 йилларда, Хосе Луис Нунез президентлигида Камп Ноу қайта тикланиб, Барселона янгича нафас ола бошлади ва 1982 йилда Камп Ноуда жаҳон чемпионати ўтказилди. 1979 йилда эса Кубок эгалари кубоги Базелда қўлга киритилди. Энг катта ютуқ эса фақат футбол мухлисларига эмас, балки жамият учун ҳам катта совға бўлди. Барселона ва Каталоня байроқлари Европада ҳилпираб, мисли кўрилмаган шов-шувга сабаб бўлди. Йохан Кройфф шу даврда клубга мураббий бўлиб қайтди ва “орзу жамоа”сини (1990-1994) тузди. 1992 йил "Вембли" стадионида Куманнинг машхур голи сабабли Европа кубоги қўлга киритилди.

ЭМБЛЕМАСИ

Жамоанинг эмблемаси ҳам ўзига хос тарихга эга. «Барселона» дастлаб Каталониянинг эмблемасидан фойдаланарди. 1910 йилда эса ишлаб чиқарувчилар клуб учун янги форма яратишга бел боғладилар ва бу борада танлов эълон қилинди. Танловда эса Карлес Комамала исмли иштирокчининг ғояси устун келди, яъни «Барселона» фомаси учун қалқон шакли танлаб олинди, унда Каталониянинг сариқ-қизил рангли байроғи, «Барселона»га тегишли кўк-анор ранг, жамоанинг тўлиқ номининг қисқартма шакли (ФCБ), крест шакли ва теридан қилинган копток тасвирланадиган бўлди.

Эмблема 2002 йилда ўзининг замонавий кўринишига эга бўлди. Бунда Дизайнер Серрахим Кларнинг ҳиссаси катта. Эмблеманинг бурчаклари юмшатилган, кераксиз нуқталар олиб ташланган. Хуллас, «Барселона» эмблемаси ўзининг ҳозирги кўринишига эга бўлган.

СТАДИОНИ

«Барселона»нинг уй стадиони — «Камп Ноу» таржима қилинганда «Янги стадион» деган маънони билдиради. Айни дамда бу майдоннинг кўринишини ўзгартириш борасида иш олиб борилмоқда. Келажакда «Камп Ноу»нинг дунёнинг энг катта стадионига айлантириш мақсад қилинган.

«Барселона» ҳомийларининг логотипини ўзгартириш борасидаги таклифларини рад этган саноқли клублардан бири ҳисобланади. Жамоа ЮНИСЕФ ташкилотининг ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

«ОЛТИН ТЎП» СОҲИБЛАРИ

Шу пайтга қадар «Барселона»нинг Мессидан ташқари бешта футболчиси «Олтин тўп»ни қўлга киритган. Булар Луис Суарес (1960 йилда), Йохан Круифф (1973-1974 йилларда), Христо Стоичков (1994 йилда), Ривалдо (1999 йилда) ва Роналдиньо (2005 йилда). «Олтин тўп»ни қўлга киритиш борасида Лионель Мессининг ўзига жамоанинг алоҳида тарихини яратди, десак, муболаға бўлмайди. Аргентиналик ҳужумчи Каталония клуби таркибида шу пайтга қадар беш марта «Олтин тўп» соҳибига айланган.

РЕКОРДЧИ ТЎПУРАРЛАРИ

"Барселона"нинг рекордчи тўпурарлари (Мессидан бошқа)

"Барселона" таркибида турли хил мусобақаларда энг кўп гол уриш бўйича рекордчилар ким эканини биласизми? Қуйида ушбу саволга жавоб топишингиз мумкин.

Норасмий ўйинларда энг кўп гол урган футболчи — Паулиньо Алькантара

Алкантара 1911 йилдан 1927 йилга қадар 212 та норасмий беллашувда ўз ҳисобига 223 та гол ёздириб қўйган. Паулиньо расмий ўйинларда 137 та гол урган. Бу натижа учун у 137 баҳсда майдонга тушган.

Испания кубогида энг кўп гол урган футболчи — Хосеп Самитьер

Самитер 1919-1932 йилларда Каталонияликлар таркибида 75 учрашувда 65 та гол урган. Хосеп 1927/1928 йилги мавсумда 15 ўйинда 21 та гол уриб, ўзига хос рекорд ўрнатган.

Кубок эгалари кубогида энг кўп гол урган футболчи — Ханс Кранкль

Кранкл 1978-1981 йиллар давомида "барселона" таркибида 61 ўйинда 44 та гол урган. Ханс ана шу голларнинг 10 тасини кубок эгалари кубоги турнирида киритишга муваффақ бўлган.

«Барселона» УЕФА Чемпионлар лигасини беш марта қўлга киритган: 1992 йилда Йохан Круифф бошқаруви остида, 2006 йилда Франк Рейкаард бошқаруви остида, 2009 ва 2011 йилда Хосеп Гвардиола бошқаруви остида ҳамда 2015 йилда Луис Энрике бошқаруви остида.

ЖАМОА ТЎПУРАРЛАРИ

10. Мариано Мартин

Голлари: 124 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 1940-1948 йиллар

8-9. Ривалдо

Голлари: 130 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 1997-2002 йиллар

8-9. Самюэль Это’О

Голлари: 130 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 2004-2009 йиллар

7. Анхель Ароча

Голлари: 134 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 1926-1933 йиллар

6. Паулино Алькантара («Барселона» тарихида энг яхши тўпурар бўлган биринчи энг катта юлдуз футболчи)

Голлари: 142 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 1912-1916, 1918-1927 йиллар

5. Хосеп Эскола

Голлари: 167 та

«Барселона»да ўйнаган йиллари: 1934-1949 йиллар

4. Хосеп Самитьер

Голлари: 176 та

«Барселона»да ўйнаган вақти: 1919-1932 йиллар

3. Ласло Кубала

Голлари: 194 та

«Барселона»да ўйнаган вақти: 1950-1961 йиллар

2. Сесар Родригес

Голлари: 232 та

«Барселона»да ўйнаган вақти: 1942-1955 йиллар

1. Лионель Месси

Голлари: 512 та гол (расмий ўйинларда 480 та, норасмий ўйинларда 32 та, 2017 йил 14 январь ҳолатига биноан)

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 13:43, 06.08.2017.
Ўқилди: 9978 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.