Кириш Регистрация
04/12 00:30 Ипсвич 0-1 Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер 3-1 Вест Хэм
05/12 00:30 Ньюкасл 3-3 Ливерпуль
05/12 00:30 Саутгемптон 1-5 Челси
05/12 00:30 Эвертон 4-0 Вулверхэмптон
05/12 00:30 Манчестер Сити 3-0 Ноттингем Форест
05/12 01:00 Атлетик Бильбао 2-1 Реал Мадрид
05/12 01:15 Астон Вилла 3-1 Брентфорд
05/12 01:15 Арсенал 2-0 Ман. Юнайтед
06/12 00:30 Фулхэм - Брайтон
06/12 01:15 Борнмут - Тоттенхэм
06/12 22:30 Интер - Парма

Граф Антонио Конте портретига чизгилар

Баҳо:
+ | -

Мураббийлик мактабининг ёрқин вакилларидан бирига айланган Антони Конте айрим жиҳатлари билан граф Монте Кристони эслатади.

Эҳтимол италиялик мураббий қачонлардир Александр Дюманинг машҳур асарини мутолаа қилган ва бош қаҳрамонга ўхшашни дилига тугиб қўйгандир?

Нима бўлганда ҳам, қатъият, мақсадга эришиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик ва чапанича табиат - Монтега ҳам, Контега ҳам хос бўлган фазилат.

«Челси» бош мураббийининг ҳаётидан олинган қизиқарли лавҳалар билан танишгач, сиз ҳам бунга ишонч ҳосил қиласиз.

Жаноб «Парик»

Айтишларича, италияликлар олифталикка туғма мо­йиллик билан дунёга келишаркан. Табиат барчага юз фоизлик мукаммалликни беравермайди. Жумладан, Антонио Конте ҳам ташқи кўриниш борасида бир камчилик - кўпчилик эркакларга хос, лекин аслида хафа бўлишга арзимайдиган етишмовчиликка дуч келди: унинг сочлари барвақт тўкилиб кетди.

«Ювентус»нинг 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларидаги фаолиятидан яхши хабардор бўлган мухлислар сийрак сочли ялтирбош ярим ҳимоя­чини яхши эслашади. Аста-секин Конте ўжар табиатдан енгилганини тан олиб, бу нохуш ҳолатга эътибор бермай қўйди. Мураббийликнинг илк босқичида эса «Сиена» ва «Ареццо» клубларига умуман «бильярд шари» ёрдамида раҳбарлик қилди. Аммо кейинчалик...

Контенинг катта саҳнага қайтиши 2011 йили юз берди - «Ювентус» бош мураббийи сифатида майдонга тушганида «бильярд шари» қуюқ соч остида ғойиб бўлганди. Таажжубки, шўрлик Антонио янада кучлироқ маломатга дуч келди - мухлислар унга «парик» лақабини ҳадя этишди.

Масалан, «Фиорентина» фанатлари Контени «Сочлари монополия пуллари каби қалбаки» деган баннер билан кутиб олишди. Аслида мураббий бир неча мураккаб операцияларга дош берган, айниқса, Канаданинг  Hasson and Wong клиникасида амалга оширилган муолажадан сўнг қуюқ сочлар соҳибига айланди. Бу тиббиёт маскани хизматидан ўз вақтида Уэйн Руни, Райан Гиггз ва Дитмар Хаманн каби бир қатор юлдузлар фойдаланишган.

Суюкли душман

Жамоани бошқариши анчайин қўпол кўринсада, яхши самара берарди. Бу мураббийдан мавқтов сўзларини эшитишнинг иложи йўқ, у доимо «қирови»да юради. Айниқса, танаффуслар пайтида ғазаб отидан тушмайди. Контенинг ечиниш хонасига ташрифи ҳам ўзига хос: ундан аввал сувли «баклажка» ёки шунга ўхшаш буюм яшин тезлигида учиб киради. Андреа Пирло ҳазил аралаш оҳангда «Туриннинг энг хавфли нуқтаси»да бир неча ҳаяжонли дақиқаларни ўтказгани ҳақида ҳикоя қилганди.

Ахир баджаҳл Контенинг қўлидан чиққан буюмлар шундоққина машҳур ярим ҳимоячининг боши устида деворга уриларди. «Ювентус» аъзолари билан илк учрашувдаёқ мураббий уларни еттинчи ўриндан кўтарила олмайдиган ношудлар деб атаб, бундай шармандаликка чек қўйишини айтганди. Унинг қаҳридан нолиган Пирло мураббийнинг олмосдек ўткир ва илон заҳридек таъсирчан тилини ҳам унутмаганди.

Таажжубки, футболчиларга устоздан мақтов, ҳеч бўлмаганда хайрихоҳликни  эшитиш олий мукофот билан баробар бўлсада, улар майдонда Конте учун жондан кечишга ҳам тайёр эдилар.

Ваҳоланки, мураббий ўйиннинг бошидан охиригача уларни ношуддан олиб ношудга солар, таъна-дашномларга бутун стадион гувоҳ бўларди. Ана шу зайлда кечган баҳсларнинг аксариятини Конте ва унинг шогирдлари хурсандчилик ва кўтаринки кайфиятда якунлашган. Хуллас, устоз футболчиларнинг биринчи рақамли суюкли «душмани» мақомига эришди.

Қирқинди мақолалар

Газеталардан қирқиб олинган танқидий мақолалар Конте учун муҳим тарбия воситаси ҳисобланади. Мутахассис уларни ечиниш хонаси деворларига ёпиштириб, шогирдларининг диққат билан ўқиб чиқишларини назорат қиларди. Бу услубни Антонио «Лечче»даги илк профессионал фаолиятида устозлик қилган Эуженио Фашеттидан мерос қилиб олган.

Антонионинг фикрича, ғалабага эришиш учун футболчи талаб даражасидаги қувват, зарядга эга бўлиши шарт. Заряднинг мусбат ёки манфий бўлиши муҳим эмас. У қанча кучли бўлса, шунча яхши. Айтганча, мағлубият билан якунланган ўйинлардан кейин мураббий ҳар бир шогирдини алоҳида-алоҳида иззат-нафсига тегадиган лақаблар ва ҳақоратлар билан «мукофот»ларди.

Ҳеч ким насибасиз қолмасди. Кейин ҳар бир футболчидан 20 фунтдан пул талаб этарди ва норози оҳангда «нима учун, мистер?» саволини кутади. Бор қаҳр-ғазабини тилига жойлаб, жавоб қайтаради: «Ҳатто шунга ҳам ақлингиз етмайди, лақма тўнкалар - янги газеталар сотиб олиш учун!» тарбиявий раунд шу тариқа якун топади. Бироқ бу манзара ҳар бир учрашувда давом этаверади.

Бедор

Антонио қалбидан жой олган суюкли уч хонимнинг 2 нафари жарангдор. «Ғалаба» номининг соҳиблари. Рафиқаси - Элизабетта бундан мустасно, қизининг исми Виттория - омад маъбудига ҳурмат белгиси.

Иккинчи ғалаба эса табиийки, футбол оламига тегишли. Телефони хотирасига туширилган шиор ҳам Контенинг ҳаётий ақидасини эслатиб туради: «Мағлубият ўлим билан баробар!» Футболчилик даврида Антонио мағлубиятдан ке­йинги тунни бедор ўтказарди.

Мураббийликка ўтганидан сўнг ҳар бир учрашувни хотирасида тиклаб, тонгга қадар таҳлил қилади, ҳар қайси хато-камчилик, икир-чикир, ўйин тафсилотлари эътибордан четда қолмайди. Бедорлик - Контенинг ажралмас дўсти!

Меҳнат, машаққат ва лаззат

Унинг наздида машғулотлар футболчилар учун дам олиш манбаи эмас, балки бор куч ва диққат-эътиборни жалб этган ҳолда бажариладиган машаққатли меҳнатдир. Ҳаёт шодликлари ва футболдан лаззат олиш эса ўйин пайтида келади. Айтишларича, Антониода «хатоларга аллергия» бор. Шу сабабли мураббий ҳар бир машғулотда аввалги учрашувда йўл қўйилган хатолар бартараф этилиши шарт, деб ҳисоблайди.

Шогирдларининг жамоавий ҳаракатларини автоматик даражага олиб чиқиш учун назарий машғулотларни ҳам яшил майдонда ўтказади. Эътиборлиси, 11 футболчидан иборат жамоа йўқ рақибни хаёлан тасаввур этган ҳолда тўп суради. Ўйинчилар битта ҳаракат устида соатлаб машқ қилишади.

Шу тариқа автоматик тарзда ҳаракатланадиган ҳамжиҳат жамоа шаклланади. Машғулот жараёни борасида Контега эътироз билдиришнинг умуман иложи йўқ. Чунки мураббий юксак натижаларни қайд этмоқда, мухлислар «граф» унвони билан, мутасаддилар эса рекорд шарт­нома билан сийлаш орқали ундан мамнун эканликларини намойиш этишган.

6 август оқшоми бўлиб ўтган Англия суперкубоги учрашуви («Уэмбли», «Арсенал»-«Челси»-4:1) Антонио Контега навбатдаги бедор кечани туҳфа этганига шубҳа йўқ.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:00, 18.08.2017.
Ўқилди: 5169 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.