Пойтахтимизда 21-22 август кунлари пара-атлетика бўйича Республика чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудлардан 150 дан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашди. Мазкур чемпионатни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ёш спортчиларни саралаб олиб, келаси йили Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Пара Осиѐ ўйинларида иштирок этадиган терма жамоамиз таркибини шакллантиришдан иборат эди.
Шиддатли баҳсларга бой ўтган мусобақаларда пара-атлетиканинг найза, диск, ядро улоқтириш, узунликка сакраш, шунингдек, 100, 200, 400 ва 800 метр масофаларга югуриш бўйича беллашувлар ташкил этилди. Икки кун давом этган баҳслар якунига кўра умумжамоа ҳисобида 1- ўринни Тошкент шаҳри (12та олтин, 6та кумуш, 5та бронза), 2 -ўринни Тошкент вилояти (10та олтин, 7та кумуш, 1та бронза) ҳамда 3-ўринни Фарғона вилояти (8та олтин, 4та кумуш, 11та бронза) спортчилари эгаллаб, совринли ўринларни қўлга киритишди.
Мусобақа якунида чемпионат ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Совринли ўринларни эгаллаган спортчиларга Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси таъсис этган эсдалик совғалари топширилди.