Трансферлар бозори Европанинг гранд жамоалари ҳужум чизиғини бутунлай ўзгартириб юборди. Жамоалар янги мавсумга кириб келган бир пайтда, қайси клуб энг кучли ҳужум чизиғига эга? France Football нашри бу ҳақида муҳокама қилди.
Неймар – Кавани- Мбаппе («ПСЖ»)
Қимматбаҳо нархларда жамоага олиб келинган Неймар ва Мбаппенинг умумий нархи 400 миллион евродан ошиб кетди. «ПСЖ» эса футбол тарихидаги энг қиммат ҳужум чизиғини туза олди. 4 йил олдин 64 миллион евро эвазига олиб келинган Эдинсон Кавани билан франциялик ва бразилиялик ҳужумчилар ажойиб учлик ҳосил қилиши аниқ. Ушбу трио вакиллари ўтган мавсумда умумий ҳисобда 95 гол урган.
Месси – Суарес – Дембеле («Барселона»)
Ёзги трансферлар бозоридан кейин машҳур МСН МСДга ўзгарди. Охирги йилларнинг энг кучли триоси вакили Неймар катта пуллар эвазига «ПСЖ» томон йўл олди, унинг ўрнига эса ёш Усмон Дембеле катта пуллар эвазига сотиб олинди. Франция термаси аъзоси Дембеле «Боруссия»да кўрсатган бир йиллик фаолиятидан кейин келиб қўшилди. Ҳужумчи ўтган мавсумда умумий ҳисобда 49 бора майдонда ҳаракат қилган. У энди Лионел Месси ва Луис Суаресларга ҳужумда шериклик қилади.
Бензема – Бейл – Роналду («Реал Мадрид»)
Бу кучли трио биргаликда Чемпионлар Лигасининг сўнгги тўрт мусобақасидан учтасини ўзлариники қилиб олди. Бу эса уларнинг савиясини тушунтиришнинг оддий йўли. Бу учлик уэлслик футболчининг 2013 йилдан жамоага келиб қўшилганидан буён, биргаликда 378 голни рақиб дарвозасига жойлаб қўйишди. Роналду эса бу голларнинг 206 тасини ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Рақамлар ақл бовар қилмас даражада!
Роббен – Левандовски – Рибери («Бавария»)
«Бавария» ҳужум чизиғи вакилларини ҳозирги куннинг энг ёш учлиги деб бўлмайди. Бироқ Арен Роббен (33 ёш), Роберт Левандовски (29 ёш) ва Франк Рибери (34 ёш) лар ёш бўлишмасада, «Бавария» сафида ҳали ҳамон жавлон уришмоқда.
Голландиялик ва франциялик ҳужумчиларга Томас Мюллер ва Кингсли Команларга қарши кучли рақобат қилиш, ўз салоҳиятларини юқори нотада сақлаб қолишларига сабабчи бўлмоқда.
Ройс – Обамеянг – Пулишич («Боруссия Дортмунд»)
Бу учлик ҳозирданоқ ишга киришолмайди. Боиси, Марко Ройс ҳали ҳамон жароҳатлари билан овора, унинг майдонга қайтиши эса 2018 йил январьидан олдин юз бермайди. Бироқ, клуб бош мураббийи Питер Бош қўли остида сон ва сифат жиҳатидан вариантларга эга. Ройснинг майдонга қайтгунича, бош мураббий Максимилиам Филип, Обамеянг ва Пулишич ҳисобига кучли учликни ҳосил қила олиши мумкин. Дембеленинг жамоани тарк этиши ортидан украиналик футболчи Андрей Ярмоленконинг олиб келиниши туфайли мураббийнинг вариантларини ошган.
Манжукич – Игуаин – Дибала (“Ювентус)
Ўтган йилги Чемпионлар Лигаси финалчиси бу йил ҳам ўзининг ўткир «тиши»ни сақлаб қолган. Марио Манжукич, Гонсало Игуаин ва Пауло Дибалалар бу йил ҳам Италия А сериясида чемпионликни ҳимоя қилишга қаттиқ бел боғлаган, бунда уларга Хуан Куадрадо ҳам ёрдам беради. Дибала эса дастлабки расмий уч учрашувда ўз ҳисобига 6 гол ёздириб қўйди.
Инсине – Мертенс – Каллехон («Наполи»)
Ўйиннинг кўп қисмини тўп назоратисиз ўтказсада, «Наполи» Европанинг энг жозибадор кучли триосига эга ҳисобланади. Учлик Маурицио Сарри қўли остида ажойиб ижрочиларга айланган. Улар ўтган мавсумда 64 бора рақиб дарвозасига йўл топа олган. Шундан 50 таси ички чемпионатга тўғри келади.
Перотти – Дефрел – Жеко («Рома»)
Ушбу ёз мобайнида «Рома» ўтган мавсумда 15 гол урган ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳдан ажралиб қолди. «Ливерпул»га йўл олган мисрлик ҳужумчининг ўрнига, Рим клуби раҳбарияти анча вақт Риёд Маҳрез номзоди атрофида ўралашиб юрди. Бироқ, бу ҳаракатлар самарасиз якун топди. Эйсебио Ди Франческо энди 4 3-3 ўйин схемасида ўнг қанотда франциялик ўйинчи Грегуар Дефрелни қўллаб кўради. У Эдин Жеко ва Диего Пероттиларга ҳужумда ҳамкорлик қилади.
Мане – Фирминьо – Салоҳ («Ливерпул»)
«Ливерпул» июль ойида тезкор қанот ҳужумчиси Салоҳни бонусларсиз 42 миллион евро эвазига сафига қўшиб олди. Бу билан клуб ҳужум чизиғида энг тезкор ҳужумчилар жамланди. Ўнг қанотда мисрлик ҳужумчи, чап қанотда эса Садио Мане ҳаракат қилади. Бу билан «қизиллар» рақиблари янги мавсумда қанотдан келадиган таҳдидларни бартараф қилиш чораларини кўришни бошлаганлари маъқул. Фирминьо ҳам ажойиб спорт ҳолатида. Ҳозирча уч учрашувда уч гол ва уч голли узатмага эга.
Алли – Кейн – Эриксен («Тоттенхем»)
Премер Лиганинг ўтган мавсумдаги энг яхши учлиги (86 гол) мавсум оралиғида ҳеч қандай ўзгаришга учрамади. Аксинча, жамоага тажрибали Фернандо Лёренте келиб қўшилди. Кейн (29 гол), Алли (18 гол) ва Эриксенлер (8 гол) сафига Ҳон-Мин Сонни (14 гол) ҳам киритадиган бўлсак, «тақачилар» ҳужум чизиғи янги мавсумга шай ҳолатда турибди.
Санчес – Лаказетт – Ўзил (Арсенал)
Янги мавсум бошидан бери расмий тарзда Алексис Санчес, Александр Лаказетт ва Месут Ўзиллар майдонда биргаликта ҳаракат қилгани йўқ. Ўтган якшанба куни «Ливерпул»дан қақшатгич зарба еган баҳсда, Лаказетт ўйинга захирадан кирди. Бу вақтда эса чилилик футболчи майдонни тарк этганди. Арсен Венгер олиб боришни истаётган 3 4-2 1 ўйин схемасида шу уч футболчи биргаликда ҳамкорлик қилиши керак.
Азар – Мората – Виллиан («Челси»)
Ушбу ёзги трансфер бозори вақтида «аристократлар» ўтган мавсумда 20 гол урган асосий тўпурари Диего Костани Алваро Моратага алиштирди. Чемпионлар Лигасининг сўнгги ғолиби илк бор ўзини Европанинг гранд жамоасида асосий ҳужумчи сифатида синаб кўради, боиси жамоа устози Антонио Конте Костани жамоада кўриш истагида эмас. Ҳужумда Виллиан ва Азар каби юлдузларга таянадиган Мората янги мавсумда порлаши керак бўлади.
Изоҳ: 4 ҳужумкор ўйинчи билан ҳаракат қиладиган Манчестернинг икки клуби – ҳақиқий ҳужумкор учликни ҳосил қилишмаган. Шу боисдан бу жамоалар ҳужум чизиғи ушбу категорияга киритилмади.