Европа зонасида ЖЧ-2018 саралаш баҳслари давом этмоқда. Қуйида эътиборингизга 7 турдан кейинги статистикаларни келтириб ўтамиз.
Италия термасининг жаҳон ва Европа чемпионатлари саралашидаги 54та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияси барҳам топди. «Скуадро Адзурра» саралаш доирасида сўнгги марта 2006 йили мағлубиятга учраганди.
«Сантьяго Бернабеу»да «Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике мухлислар ҳуштакбозлигига учради. Гап шундаки, у Каталониянинг Испаниядан ажралиб чиқиши тарафдори саналади. Айтганча, олдинроқ Серхио Рамос мухлислардан Пике шаънига ҳуштакбозлик қилмасликларини сўраганди.
Жанлуижи Буффон Италия термаси сафида 170-учрашувини ўтказди. У 1997 йилдан буён мамлакат бош жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
«Барселона» яримҳимоячиси Андрес Иньеста эса Испания миллий жамоасидаги ўйинлари сонини 120тага етказди. «Қизил фурия» таркибида 2006 йили дебют қилган футболчи айни пайт гвардиячилар рўйхатида Икер Касильяс, Серхио Рамос, Хави ва Андони Субисарретадан ортда қолмоқда, холос.
Хорватия - Косово учрашуви ноқулай об-ҳаво шароити туфайли якунига етмай қолди. Загребдаги «Максимир» стадионида кечган учрашув 27-дақиқада тўхтатилди. Бу вақтда ҳисоб очилмаганди. УЕФА матбуот хизмати ўйин бошқа куни давом эттирилишини маълум қилди. Аниқ муддат ФИФА билан келишган ҳолда белгиланади.
Украина - Туркия (2:0) ўйинида Андрей Ярмоленко «дубл»га эришди. Қизиғи, 2та голда ҳам ҳакамлар хатоси роль ўйнади. Ярмоленко аввалига «офсайд» ҳолатида гол урган бўлса, кейин Евгений Коноплянка тўпни чизиқ ташқарисидан қайтариб, самарали узатмани амалга оширди.
Уэльс термасининг 17 ёшли ҳужумчиси Бенжамин Вудберн австрияликларга қарши ўйин (1:0)нинг 69-дақиқасида майдонга тушиб, 74-дақиқада ғалаба голига муалллифлик қилди.
Германия термаси ярим ҳимоячиси Жошуа Киммих чехияликларга қарши учрашув (2:1)да тўлиқ вақт ҳаракатланди. Эътиборли томони, «Бавария»нинг 22 ёшли вакили бундестим сафидаги охирги 20та ўйиннинг барчасини алмаштиришсиз ўтказди.
Криштиану Роналду Фаррер ороллари термаси билан ўйинда навбатдаги «хет-трик»ка эришиб, миллий жамоалар тўпурарлари рейтингида Пеледан ўзиб кетди. Бразилиялик афсона ҳисобида 77та гол бор. Роналдуники эса 78тага етди. Умуман, у рейтингнинг 5-ўрнига кўтарилди.