Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Одил одилона жавоб беришга тайёр

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ саралашида яна муваффақиятсизликка учради. Аммо Жанубий Корея термасига қарши кечган ҳал қилувчи ўйиндан сўнг на собиқ бош мураббий Самвел Бабаян ва на ЎФФ раҳбариятидан кимдир саволларга жавоб беришни истади.

Фақат жамоа сардори Одил Аҳмедов «Спорт» телеканалининг «Гол» дастури орқали чиқиш қилиб, футболимиздаги вазият ҳақида имкон қадар очиқ фикр билдирди. Одил барчасига одилона жавоб беришга ҳаракат қилганини ҳисобга олиб, унинг гапларини ўз ҳолича ҳавола этишни лозим топдик.

ХИТОЙ

- Жаҳон чемпионатига чиқолмаганимизга сабаб шуки, охирги босқичда жуда кам гол урдик. Хитойликлар билан бўлган ўйинни инобатга олмасак, рақиблар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишда ҳам оқсадик. Мундиалга чиқишни истаган жамоа гол уриши шарт. Биз эса уролмадик. Энг ачинарлиси, ҳужумчилар ўз ишларини бажаролмадилар.

Айнан уларнинг бесамар ҳаракатлари сабаб, оғир вазиятга тушиб қолдик. Аслида Хитойдаги баҳс биз учун энг кераклиси бўлиб, унда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Агар ҳаммасини тўғри бажарганимизда, ғалаба қозонардик ҳам. Бироқ ҳамма кўрди, 3-4та 100 фоизлик имкониятдан фойдаланолмадик. Жанубий Корея термасини ютиш эса мантиққа унча тўғри келадиган иш эмас.

Бу рақиб дарвозасига гол уриш жуда қийинлигини ҳамма билади. Шунинг учун ҳам хитойликларни енгиш шарт эди. Хуллас, чамамда, ўз имкониятимизни ўша ўйиндаёқ бой бергандик. Тўғри, Хитой футболи ҳозир ривожланиш йўлида. Мана, ўзим мамлакат супер-лигасида ўйнаяпман ва кучли легионерлар борлигини биламан.

Уларга қараб, маҳаллий футболчилар тобора ўсмоқдалар. Мисол учун, Хитой термаси охирги 2та ўйинда 6 очко олди ва бу кўп нарсани билдиради. Аммо бу рақиб биздан кучли эмасди, барибир ва мағлубият жамоамизни кўп нарсадан маҳрум этди...

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ

- Жанубий Корея термасига қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида рақиб йўлларимизни батамом ёпиб қўйди. Меҳмонлар ҳимояга умуман эътибор қаратмай, марказда шу қадар кучли «прессинг» қўллашдики, ўйинимиз ўз-ўзидан йўқолиб қолди. Бу олдиндан ўйланган яхши тактика эди. Қисқаси, корейслар иккинчи бўлимда бизга умуман ўйин беришмади.

Қайси мураббий билан ишлаган бўлсам, охиригача курашиш кераклиги айтилади. Майдонга тушдингми, 95 дақиқа ўйнашга тайёр туришинг керак. Биз эса кўп ўйинларда 85-дақиқадан сўнг хотиржамликка берилиб ёки гол уриш илинжида олдинга ўтиб кетиб, хатоларга йўл қўйдик.

ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида биттагина хато ҳам қимматга тушади, ахир. Ж.Корея термаси билан ўйинда бирор чизиқдан кўнглим тўлмаганини айтсам, нотўғри бўлади. Ҳар бир футболчи майдонга ғалаба учун тушди. Қайси чизиқ кучли ёки кучсизлигини эса мухлислар ҳам билиб турибдилар. Бу борада бирор нарса дейишим шарт эмас.

ПУШАЙМОН ЭМАС

- Хитойдаги мағлубият жуда алам қилди. Ўша гапларимни кўпчилик эшитди. Албатта, жаҳл устида айтгандим. Аммо ҳар бир гапим футболимиз раҳбариятига етиб бориши, мураббийлар ва футболчилар эшитишларини истадим. Ўша гапларимдан пушаймон эмасман. Ахир бу саралаш цикли биз учун охирги имконият эди.

Терма жамоа таркибидаги кўплаб футболчилар фахрий ёшда. Корейсларга қарши ўйин олдидан жамоадошларим билан гаплашиб, бу сўнгги имкон эканлигини уқтиришга уриндим ва ундан фойдаланиш шартлигини айтдим. Аммо ўхшамади. Кейинги жаҳон чемпионати вақти 34-35 ёшда бўламан. Терма жамоада эса ёшим ўтгандан кейин фақат номим ўйнашини истамайман.

Агар 19-20 ёшли футболчилар етишиб чиқишса, ҳозироқ  ўрнимни бўшатиб беришга тайёрман. Чунки бошқалар қатори ўзбек футболи ривожланишини истайман. Ҳар сафар мағлубиятдан сўнг уйга қайтгач, ичимдан нималар ўтиши ўзимга аён. Шунинг учун ҳам, кескинроқ гапиргандим.

КЕТИШ

- Йўқ, терма жамоадан кетиш ҳақида ҳали оғиз очмадим. Тез орада ЎФФга янги президент сайланса керак ва албатта, раҳбарият билан гаплашиб оламан. Терма жамоадан кетган тақдирда ҳам, фақат футболимиз ривожи йўлида шундай қиламан. Демоқчиманки, агар футболимиз манфаати учун кетишимга тўғри келса, бунга тайёрман.

СЕРГЕЕВ

- Игорь билан ўйин вақти алоҳида гаплашдим. Унга ўзини қўлга олиши кераклигини айтдим, шунча танқидга қарамай, гол уриб, қаҳрамонга айланиши мумкинлигини уқтирдим. Игорь руҳан «синиб» қолган. Ҳужумчи кўпроқ олдинда туриши керак. Хитойдаги ўйинда у битта зарба билан гол уриш керак бўлган вазиятда тўпни тўхтатиб, хато қилди.

Яъни таваккал қилолмади. Футбол шундай ўйинки, футболчи ҳам, мураббий ҳам баъзан таваккал иш тутиши шарт.  Таваккалсиз нимагадир эришиш қийин. Эътибор берсангиз, футболчиларимиз таваккалдан жуда чўчишади.

Футболда мухлислар ёки журналистлар босими доимо бўлади. Майдонда хато қилмасдан ютуққа эришиш эса мушкул масала. Аммо бизникилар хато қилиб қўйишдан қаттиқ чўчишади. Кимдир рақибни алдаб ўтиб, тўпни олдириб қўйса, яна шунга уриниши жуда кам кузатилади. Бизнинг катта муаммомиз шу.

ОЛИЙ ЛИГА

- Гейнрих яхши ҳужумчи. У позицияни яхши танлайди, ҳақиқий ҳужумчи. Қандай вазиятда бўлмасин, тўп йўлига очилишга ҳаракат қилади. Ҳимоячилар ортида ўйнашни ҳам билади. Саша каби ҳужумчилар етишиб чиқиши ўз чемпионатимизга боғлиқ. Агар лигамиз кучли бўлса, ҳужумчилар савияси ҳам ошади. Аммо ҳозирги ҳолатда олий лигани кучли дейиш қийин.

Кўпчилик пул дардида юрибди. Баъзи мураббийлар учун ҳаттоки, натижа ҳам, ким ўйнаши ҳам қизиқ эмас. Энг аввало, ўз пулини олса, бас... Олий лигада келишилган ўйинлар ҳам кўп. Бундай ўйинларда футболчи 20 фоиз куч билан ўйнайди.

Шундай ўйинчи терма жамоага келгач, ундан нима кутиш мумкин? Демак, энг аввало, ички чемпионатни кучайтиришимиз керак. Шунда терма жамоа ўз-ўзидан кучаяди. Ҳозир асосан легионерларга суяниб қолганмиз.

Албатта, Фарғона ёки Ғузордан кучли футболчи чиқиши мумкин, аммо у халқаро ўйинларда наф беролмайди. Чунки чемпионатимиз савияси паст. Олий лига ўйинларини кузатиб бораман, уларда Марадонадек ўйнаган футболчининг  халқаро майдонда шунчаки, тўхтаб қолишини ҳам кўряпмиз...

ЯНГИ РАҲБАРИЯТ

Агар ЎФФнинг янги раҳбарияти мени чақириб, маслаҳат сўраса, шу гапларни очиқ айтишга тайёрман. Бўлаётган ишларни кўриб, жоним ачишади. Бирор соҳага келдингми, пул ўз йўлига, маблағ баробарида ишингни ҳам лоақал 30 фоиз яхши кўришинг керак. Фақат пулга боғланиб қолиш билан ривожланиш қийин.

Агар ҳамма ерда ўз соҳаси мутахассиси ишласа, 40 фоиз куч билан ҳам натижага эришиш мумкин. Мана, Намангандан мисол келтираман - ҳозир вилоятда футбол «ўлиб» қолган. Чунки раҳбарият ўз ишини яхши билмайди. Яқинда вилоят ҳокими билан гаплашиб, янги лойиҳа бошлаган эдик. Ёш иқтидорлардан 14 нафар футболчини алоҳида ажратиб бердим.

Мен учун бундан ҳеч қандай манфаат йўқ. Шунчаки, вилоят футболига куйинганимдан ҳаракат қилгандим. Аммо Наманган футболи раҳбарияти ўз ишини шу қадар тушунмайдики, 14 нафар футболчини икки гуруҳга ажратиб берибди. Бунақада иқтидорларни ўстириб бўладими? Наманган футболи айни пайт жуда ортда қолиб кетган.

Бу кетишда яна қолади. Аслида водийда иқтидорлар кўп. Масалан, Фарғонада илгари Саркисяннинг ўзи янги футболчиларни саралаб берарди. Унинг даврида қанчадан-қанча иқтидорлар кашф этилди. Аммо кетиши билан тўхтаб қолди. Олдинлари кўпчилик Намангандан Тошкентга келиб, олимпия захиралари коллежида таҳсил оларди.

Аммо бунга ҳамманинг ҳам имкони етмайди. Наманган футболи раҳбарияти эса ўз ишини лоақал 5 фоиз яхши кўрмайди. Демак, ёшлар футболининг ўсиши даргумон. Агар озгина эътибор берсак, қанча-қанча иқтидорларни топамиз. Уларни тарбиялай олсак, келажакда ҳозиргидек ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар муаммоси туғилмасди.

Европа Лигасида 5 мавсум ўйнаган бўлсам, ҳар бир давлатга борганда, маҳаллий футбол билан қизиқдим. Аксарият мамлакатларда ёшларга эътибор катта.

Бизда ҳам ёшлар мураббийлари бор, аммо эскича услубда ишлашади. Қанча машғулот кузатган бўлсам, ҳаммаси эскича, қадимий. Олий лигада эса асосан номларга суяниб ўйнашади. Мураббийлар ёшларга бепарво қарашади. Мана шуни тўғрилаш керак.

ЖУРНАЛИСТЛАР

- Ҳар бир соҳанинг ўз устаси бор. Шахсан мен ўзбек футболини журналист ва шарҳловчиларсиз тасаввур қилолмайман. Чунки айнан улар бизга баҳо беришади.

Журналистикани ҳам кузатиб бораман, аммо ҳаммани эмас. Ким журналист ёки ҳаваскор эканлигини биламан. Уйда ўтириб, телевизор кўрганча мақола ёзадиганларни тушунмайман.

Очиғи, баъзи журналистлар мақолаларини мазза қилиб ўқийман, ҳаттоки, мени танқид остига олган бўлсалар ҳам. Агар профессионал журналист ёзмаган бўлса, ўқиб ўтирмайман.

САРДОРЛИК

- Терма жамоага сардор бўлиш қийин. Юки оғир. Клубда билинмаслиги мумкин, аммо термада қийин. Тўғрисини айтсам, кўрсатувга таклиф олгач, келмасликка виждоним йўл қўймади.

Чунки жамоа сардори сифатида барча саволларга жавоб беришим шарт. Жаҳон чемпионатига чиқолмаганимизда менинг ҳам айбим бор.

Кимнидир вақтида руҳлантиролмагандирман, керакли гапларни айтолмагандирман. «Ютқазгандан кейин ҳеч ким жавоб беришни истамади», дейишларини эшитмаслик ва мухлисларга бор гапни етказиш учун ҳам келдим. Умуман, ҳар доим барча саволларга жавоб беришга тайёрман.

Айтганча...

Мураббийдан узрнома

Ўтган ҳафта мухлисларимиз учун жуда оғир кечгани барчага маълум. Ҳаттоки, аксарият мухлислар миллионлар ўйинидан кўнгил узишгандек, гўё. Бинобарин, ишонамизки, бу ҳиссиётлар вақтинчалик ва улар тез орада сафимизга қайтишади.

Мухбирларимиз мазкур салбий кайфияту туйғулар сабабчиси ҳисобланган миллий жамоамизнинг эндиликда собиқ бош мураббийига айланган Самвел Бабаяндан интервью олиш мақсадида, у билан боғланишди.

Самвел Вячеславович эса кейинроқ албатта, интервью беришни айтиб, дил сўзларини мухлисларга етказиб қўйишимизни илтимос қилди. Хуллас, қуйида Самвел Бабаяннинг терма жамоа ва ўзбек футболи фанатларига йўллаган узрномаси ҳавола қилинмоқда: 

- Аввало, билдирилган ишончни оқлай олмаганим учун мухлислардан кечирим сўрамоқчиман. Ўтган йиллар мобайнида мураббийлар штаби билан имкониятимиз даражасида катта ҳажмда иш бажаришга ҳаракат қилдик.

Хусусан, терма жамоа аҳил оилага айланди. Асосий мақсадимиз жамоани ЖЧга олиб чиқиш, жонажон Ўзбекистонимизда ҳам футбол ўйнай олишларини ва бу спорт турини яхши кўришларини намойиш этиш орқали юртимиз довруғини янада кўтариш эди.

Шу ўринда етарли шарт-шароитларни яратиб берган ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Аслида саралаш турнири охирги босқичини жуда яхши бошладик ва 2та турдан сўнг гуруҳ пешқадамига айландик. Терма жамоада ишга бошқача ёндашув керак, яъни ўзига хос жиҳатлари бор. Оддий айтганда, натижа футболчилар соғлиғи қандайлиги ва терма ихтиёрига вақтида етиб келишларига ҳам боғлиқ.

Афсуски, 2-турдан сўнг етакчи футболчиларнинг жароҳатланишлари ёки жамоага оптимал спорт формасида келмасликлари натижасида таркибда йўқотишларга учрадик. Бундан ташқари, баъзи ўйинларда шахсан ўз хатоларим оқибатида очко йўқотдик. Шунинг баробарида кўплаб учрашувларда омад етишмаганини ҳам айтиш керак.

Сўнгги дақиқаларда қўйиб юборилган голлар фақат хатолар оқибати эмас, балки омадсизликка ҳам боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, мазкур босқичда иштирок этган йигитлардан тузилган жамоа жаҳон футбол форумида иштирок этишга лойиқ эди. Ишонаманки, бош жамоамиз ҳали ЖЧ финал босқичида қатнашади, бунинг учун бизда иқтидорли футболчилар етарли.

Якунда мухлисларимизга жамоамизни 2 йил давомида, сўнгги тургача қўллаб-қувватлаб келганлари учун катта миннатдорчилик билдираман. Терма жамоада ишлаш ҳар қандай мутахассис учун катта шараф ва шу билан бирга мислсиз жавобгарлик ва масъулият юклайди. Худо ҳаққи, бутун вужудим билан шу ишга шўнғигандим.

Эзгу мақсад - ЖЧ финал босқичига йўл очишимизга биттагина гол етишмади... Мундиалга чиқиш ва мухлисларимизни бахтиёр қилиш учун барча ўйлаган ишларимизни қилдик, аммо...

Яна бир карра барчадан узр сўрайман ва терма жамоамизга кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, мухлисларга фақат қувонч, шодлик тақдим этишини тилаб қоламан...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:35, 12.09.2017.
Ўқилди: 14517 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.