Мақола ёзилаётганда, бир гап эшитдим, «Реал» тарихда ҳеч қачон «Барселона»дан 7 очко ортда борган мавсумида чемпионликни нишонламаган экан. Бундай «қонуниятлар» кимларнидир ташвишлантириши бор гап, шу билан бирга ҳар қандай натижа ҳам қачондир биринчи марта содир бўлади.
Ла Лигадаги навбатдаги мавсумни «Реал» муваффақиятсиз бошлаши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Айниқса, «Сантьяго Бернабеу»да қаторасига уч учрашув ғалабасиз ўтди. Албатта, жамоа ўйинларини кузатётган бўлсангиз, инқироз ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Таркиб борасида ҳам, ўйин бўйича ҳам Зидан шогирдлари ҳали ҳам Европанинг энг кучли клуби бўлиб қолмоқдалар, назаримда. Аммо бирор муваффақиятсизлик «серия» кўринишини олганда, тасодиф тоифасидан чиқади ва қандайдир сабаблар ахтаришга эҳтиёж яратади. Хўш, «Реал»га нималар халақит бермоқда?
ЖАРОҲАТ ВА ДИСКВАЛИФИКАЦИЯЛАР
Суперкубок учун ўтказилган ўйинда Криштиану Роналду ҳакамни туриб юборгани учун 5 ўйинга дисквалификация қилинди. Яна бир етакчи ҳужумчи Карим Бензема «Леванте» билан ўйинда оғир жароҳат олди ва камида бир ойга сафдан чиқди. Худди ўша ўйинда, чап қанот ҳимоячиси Марсело майдондан четлатилди ва Сосьедаддаги ўйинни ўтказиб юборди. Бунинг устига у кечаги ўйинда ҳам жароҳати туфайли майдонни тарк этди. Охирги хабарларга кўра, у бир ойгача сафга қайтмайди. Марселонинг ўрнини босиши керак бўлган Тео Эрнандес ҳам жароҳат олган. Матео Ковачич лазаретда, Лука Модрич ҳам бир ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келди. Марко Асенсионинг ажойиб формаси пасайган.
Одатда жамоалар мавсумни имкон қадар бир таркибда бошлаб олади, чунки, жамоа яхши формада бўлмаганда, кўпроқ эски, синалган боғламлар, ғалаба қозониш тажрибаси қўл келади. Бир неча ўйинлар ўтгач, таркибни тетиклаштириш, баъзи чарчаган футболчиларга дам бериш учун ротацияларга қўл урилади. Таркибдаги ўзгаришлар режали ротациялар эмас, айнан мана шундай кутилмаган омиллар юзасига пайдо бўлаётгани натижага салбий таъсир қилиши муқаррар
ВАЗИЯТЛАРДАН ФОЙДАЛАНА ОЛМАСЛИК
«Реал» 5 турдаги статистик кўрсаткичлар бўйича ёмон натижа қайд этгани йўқ аслида. Дарвозага берилган аниқ зарбалар бўйича «Барселона» билан биргаликда (бир ўйинга 7.4) энг яхши натижа қайд этган. Ўртача аниқ паслар сони бўйича 2-ўрин (бир ўйинга 492), тўпни назорат қилиш бўйича ҳам 2-ўрин (62.3 фоиз)да боришмоқда.
«Сантьяго Бернабеу»даги 3 ўйинда жамоа атиги 2 очко олди холос. Бу ўйинларда «Реал» жами 62 марта дарвозага зарба йўллади, шундан 24таси аниқ чиқди. Бу зарбаларнинг атиги 3таси голга айланди холос. Мадридликлар дарвозасига 4 гол урилиши учун меҳмонлар атиги 9 маротаба аниқ зарба бериши кифоя бўлган, холос.
РЕКОРДЛАР
Ўтган йили «Реал» барча мусобақалардаги мағлубиятсиз сериясини 40тага етказиб, испан жамоалари ичида шундай рекорд соҳиби бўлган «Барселона»ни қувиб ўтганди. Аммо кучли бешликдаги шундай рекорд соҳиби «Ювентус»га етиб олиш учун атиши 3 ўйин қолганда, «Севилья»га ютқазганди. 2015 йилда эса, «Валенсия» «Реал»нинг ўз майдонидаги 22 ўйиндан иборат ғалабали сериясига чек қўйган ва мадридликлар Гиннесснинг рекордлар китобига киришига тўсқинлик қилганди.
«Бетис»га қарши ўйин олдидан яна бир рекорд ҳақида жуда кўп гапириб юборилди. Охирги марта 2016 йилнинг апрелида майдонни голсиз тарк этган мадридликлар 73 ўйиндан бери ҳар ўйинда гол уриб, «Сантос»нинг натижасини такрорлаган эди. «Бетис» дарвозасига урилган гол Пеле жамоасини қайддан ўчирар ва «Реал» яққол рекордчига айланарди. Албатта, бу ҳам «Реал»га ортиқча босим юклаган бўлиши табиий.
ОРТИҚЧА ИШОНЧ
Августда Рамос, Модрич ва Роналду Европада ўз чизиқларида энг яхшилар сифатида қайд этилгач, бунинг устига суперкубоклардаги «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона» устидан қозонилган ишончли ғалабалар бутун дунёни «Реал» ҳақида гапиришга мажбур қилганди.
Ўша ҳолатга Зайнидин Зидан жуда тўғри баҳо берганди ва шогирдларини учаётган мақтовлардан ҳимоя қилишга чоғланганди. Ўша Европанинг энг яхшилари бўлиб турган шогирдлари ҳақида: «Улар ўз оёқларида туришларини истар эдим», – деб қисқа гапирди холос.
«Леванте» билан дурангдан сўнг ҳам Зидан бу нуқтага яна эътибор қаратди – «шогирдларим майдонга ўзларига ҳаддан ташқари ишонган ҳолда тушмоқдалар», деб изоҳ берди у навбатдаги дурангдан сўнг.
Ростан ҳам, агар рақиб юз фоизлик натижа кўрсатиб турган ва ўз майдонида ўйнаётган «Реал Сосьедад» ёки «Барселона» ёки «Манчестер Юнайтед» бўлса, ўйиннинг аҳамиятидан қатъи назар, мадридликлар учун қулай – навбатдаги топ ўйин каби муносабатда бўлинади ва у ҳолда жамоани тўхтатиш қийин. Лигада ҳам жамоа ҳозирча энг яхши ўйинини энг қийин рақиб билан ўтказди. Муаммолар айнан «Реал» осонлик билан очко олиши шарт бўлган тўқнашувларда пайдо бўлмоқда.
БОСИМ
Икки йил кетма кет Чемпионлар Лигасини шу пайтгача ҳеч ким ютмаганди. «Реал» бундан ташқари Испания чемпионатида ҳам ғалаба қозонди ва тенгсиз жамоа сифатида мавсумни бошлади.
Бундай босимни елкасида кўтариш, ҳеч нарса бўлмагандек, янги мавсумни одатдаги ғалабалар билан бошлаш учун юлдуз бўлиши керак. Криштиану Роналду, Бензема, Бэйл каби футболчилар турли сабабларга кўра четда қолишгач, Мората, Хамес каби қутқарувчилар сотилиб юборилгач, Мадридда бу босим Асенсио, Иско, Васкес каби футболчилар елкасига тушиб қолди.
Асенсио жуда ажойиб футболчи, лекин агар мухлислар Бэйлга қарши ҳуштак чалиб, ўрнига Асенсио ўйнаши кераклигини айтиб турган бир паллада, бундай босимни кўтариш осон эмас. Асосан захира варианти бўлган футболчиларнинг ўтган йили баъзи ўйинлардаги яхши ўйинлари туфайли юлдузлик мақоми бериб юборилди. Ростан ҳам бу футболчилар ўсишда, фойда келтиришда давом этишлари мумкин, лекин гап айнан мавсум бошидаги босимни кўтариш ҳақида кетганида, бироз оғир бўлиши табиий.
Қаҳрамон Асланов