Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида давом этаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бешинчи куни Ўзбекистон делегацияси учун ҳар жиҳатдан самарали ва унумли бўлди.
Бунга қадар ўзбекистонлик спортчилар медаллар жамғариш масаласида мезбонлардан сўнг Эрон, Қозоғистон, Хитой, Таиланд, БАА, Ҳиндистон делегацияларини олдинга ўтказиб юбориб умужамоа ҳисобида саккизинчи ўринга жойлашиб олишганди.
Бешинчи кунги беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий 57 та медаль билан кучли учликка кўтарилиб олишди.
Тўртта медалдан учтасини делегация ҳисобига белбоғли курашнинг классик усулида гиламга чиққан полвонлар келтиришган бўлишса, яна битта олтин Ўзбек миллий спорти — кураш бўйича беллашувларда қўлга киритилди.
Финал баҳсларига етти нафар спортчи етиб келди. Улардан учтаси ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозониб олтин медалларга сазовор бўлди. Тўрттаси эса кумуш медаль билан кифояланди.
Олтин медалга эга чиққан уччала спортчи ҳам финалда мезбонлар устидан зафар қучишди. Вазни 70 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Хусниддин Рўзиев туркманистонлик Хангелди Аллаковни, -90 кг вазн тоифасида Обидали Мавлонов мезбонларнинг яна бир вакили Овазгелди Бердиевни, энг оғир вазндаги Шерзод Раҳимов эса Ахал Балларовни таслим қилиб, шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилишди.
Шунингдек, мусобақада кураш бўйича беллашувлар ҳам старт олди. Ўзбек миллий спорти бўйича ташкил этилган баҳсларнинг биринчи Рината Илматова (+87 кг.), Раҳима Йўлдошева (-87 кг.) ва Искандар Ҳакимжоновлар (-60 кг.) орасида фақатгина Раҳима Йўлдошева финалга қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда Раҳима туркманистонлик Ширин Кубаевани мағлуб этиб олтин медалга эга чиқди.
-50 кг вазн тоифасида Шаҳзода Эргашева кеча, 20 сентябрь куни мусобақадаги учинчи кумуш медалини қўлга киритди. Бунга қадар анъанавий ва белбоғли курашнинг эркин усулларида иккинчи ўринни эгаллаган Шаҳзода бу сафар белбоғли курашнинг классик йўналишида ҳам кумуш медалига лойиқ кўрилди.
-65 кг вазн тоифасидаги Дилафруз Мамажонова Осиё ўйинларида иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишга улгурди. Кеча Дилафруз финалда мезбон спортчи Гулнар Хайитбаевага имкониятни бой бериб делегация ҳисобига навбатдаги кумуш медалини қўшиб қўйди.
Шунингдек, Исломжон Қўлдошев (-100 кг.) ва Элдор Неъматов (-80 кг.)лар кечаги баҳслар якунига кўра шоҳсупага кўтарилиб, кумуш медалини қўлга киритишди.
Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича ҳам баҳслар бошланди. Кеча иккита вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди ва уларнинг ҳар иккаласида ўзбекистонликлар кумуш медалларга эга чиқишди.
Қизлар ўртасида -58 кг вазн тоифасида чиқиш қилган Муаттар Набиева даст кўтаришда 94 кг, силтаб кўтаришда 118 кг, умумий 212 кг тош кўтариб иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медалига лойиқ кўрилди.
Эркаклар ўртасида -69 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Достон Ёқубов даст кўтаришда 139 кг, силтаб кўтаришда 177 кг, суммада 316 кг оғирликни ўзига бўйсундириб иккинчи ўринни эгаллади ва делегация ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.
Енгил атлетика бўйича беллашувларнинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Ядро улоқтириш баҳсларида Елена Смолянова 15.60 метр натижаси билан кумуш медалига сазовор бўлган бўлса, Марат Хайдаров кўпкураш баҳсларида бронза медали билан тақдирланди.
Енгил атлетика бўйича мусобақалар якунига етди ва кеча, 21 сентябрь куни терма жамоа аъзолари Тошкентга етиб келишди. Осиё ўйинларида енгил атлетикачилар томонидан 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали қўлга киритилди.
Белбоғли курашнинг классик усулида Одилжон Суюнов (+100 кг.), Хусан Носиров (-55 кг.), Файзулла Умматов (-60 кг.) ва Ҳавасхон Жўрақўзиева (-65 кг.), муайтайда Уббинияз Турениязов (-81 кг.) ва таэквондо бўйича ўтказилган баҳсларда Ниёз Пўлатов (-58 кг.) бронза медалларига эга чиқишди.
Айни пайтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 10 та олтин, 17 та кумуш ва 36 та бронза, умумий 63 та медаль бор.
Делегация ушбу натижа эвазига Туркманистон, Таиланд ва Эрон делегацияларидан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Кучли олтикка шунингдек Қозоғистон ва Хитой делегациялари ҳам киришган.
Акмалхон Эшонхонов
Қишда энг кўп кутилаётган трансферлар [5094]
«Барселона» раҳбарияти Фликнинг талабига рад жавобини берди [3240]
Ўзбекистонда 1 январдан “Futbol TV” канали ишга тушади [3031]
Мбаппе "Реал"да Роналдунинг натижасидан ўзиб кетди [2369]
"Манчестер Юнайтед" ярим ҳимоя юлдузи январдаёқ кетмоқчи [2281]
"Реал" "янги Каземиро"ни топди [2276]
"Ювентус" "Ливерпуль"дан 40 миллион евро сўрамоқда [2220]