Иско ниҳоят, «Реал» билан янги шартнома тузди. Мадрид клуби матбуот хизмати хабарига кўра, у 2022 йилга қадар амалда бўлади. 25 ёшли футболчининг келишувида олдин айтилганидек, ақлга сиғмас даражада катта товон пули белгиланди - 700 миллион евро.
Исконинг амалдаги шартномаси 2018 йил ёзда ниҳоясига етарди. У 2013 йилдан буён Мадрид клубининг 197та ўйинида қатнашиб, 34та гол урди ва 46та самарали узатмага муаллифлик қилди.
Бразилиялик Марсело эса «Қироллик клуби» билан 14 сентябрь куни келишувга эришганди. Эътиборлиси, унинг янги шартномаси ҳам айнан 2022 йилга қадар мўлжалланган.
Хуллас, Иско ва Марсело ҳамкорлик муддатини узайтиришгани муносабати билан клуб расмий сайтига махсус интервью беришди.
«Мадрид» ҳақида
Иско: - Жаҳоннинг энг яхши клубида фаолият юритаётганимдан фахрланаман: 4 йилда 11та соврин! Бундай кўламли муваффақиятни тасаввур қилиш ҳам қийин. Факт шуки, бунга эришдик. Муҳими, жамоамиз доимо етакчиликни кўзлайди.
Марсело: - Вақтида «Реал» ўйинларини мунтазам равишда ТВ орқали томоша қилардим. Бу клуб доимо буюклик мақомига эга бўлган. Аммо унинг қадриятлари, жумладан, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишидан Мадридга келганимдан кейингина хабар топдим. Ана шу олижаноблик шахсий дунёқарашимни бутунлай ўзгартириб юборди. «Мадрид» шунчаки, буюк клуб эмас, балки чинакам институтдир!
Зайниддин Зидан ҳақида
Иско: - Фаолиятимда Зидан катта ўринга эга: оғир дамларда далда берди, майдонда айнан ўзимга мос позиция топиб берди. Қолаверса, илк кунлардаёқ салоҳиятимга ишониши ва мендан умиди катталигини яширмади.
Ўз ўрнида, мен ҳам унга ишондим, сабр-қаноат билан имконият беришини кутдим. Хусусан, янги футболчилар харид қилинган вақтларда ҳам машғулотларни тўхтатмадим. Имкониятдан унумли фойдаланиш учун доимо тайёр туриш керак. Ҳозир яхши биламан - қайсидир учрашувни ўтказиб юборишим мумкин. Лекин муҳими - жамоа ғалабаси!
Марсело: - Зидан - мен кўрган энг яхши мураббий. Унинг бир қарашиданоқ барча футболчилар нима қилиш кераклигини тушуниб олишади. Мана, Зизу қисқа вақт ичида номдор футболчиларни ягона мақсад йўлида бирлаштириб, аҳил жамоа шакллантирди. Бу осон эмас.
Шартнома муддати ҳақида
Иско: - Аслида янги шартнома остига ўтган мавсум имзо чекишим мумкин эди. Бироқ бор эътиборни ўйинларга қаратишни маъқул кўрдим. Келишув муҳокамасини кейинроққа сурганимнинг асосий сабаби шу.
Марсело: - «Реал» тарихидан жой олишга муваффақ бўлаётганимдан бахтиёрман: Яратганнинг ўзи мени шундай буюк неъмат билан тақдирлади! 10 йилдан буён жамоа шарафини ҳимоя қиляпман. Шундай экан, яна 5 йил ўйнаш ҳуқуқи нимани англатишини яхши биламан. Бу - азалий орзунинг рўёби!
«Мадрид»даги ёрқин ва аламли лаҳзалар ҳақида
Иско: - Энг ёрқин хотира - бу шубҳасиз, десима! Салбий хотира сифатида эса оёғим жароҳатланганини айтишим мумкин. У менга қаттиқ азоб берганди.
Марсело: - Мадриддаги илк кунларни ҳеч қачон унутмайман. Ортда қолган йиллар давомида фарзандларим улғайишди, ўзимда иштиёқ ва ғайрат тобора ошди. Муҳими, профессионал футболчи сифатида ўсдим, кўп нарсаларни ўргандим, бир қатор унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирдим.
Энг қувончли воқеа? Бу - эрталаб уйғониб, оила аъзоларимнинг соғ-саломат ва бахтиёр эканликларини кўришим. Энг оғир дам? Менимча, майдонга тушмаслигимни маълум қилишларидан оғирроқ лаҳза бўлмаса керак.
Қайтараман, бу ерга келганимда, тажрибасиз ғўр йигитча эдим ва оиламнинг далдаси билан олға интилишда давом этиб, шу даражага чиқдим.
Профессионал тараққиёт ҳақида
Иско: - Дарҳақиқат, айнан «Реал»да ҳақиқий профессионал мақомига эришдим, самарали ўйнашни ўзлаштирдим. Буларнинг барчасига Зидан туфайли эришдим. Ахир у рақиб жарима майдонига яқинроқ ҳудудда тўп суришимга имкон яратди. Табиатан сабр қилиш ва кутишга одатланганман. Чунки қачондир «Мадрид» сафида порлашимни билардим.
«Барселона»га ўтиш ҳақида
Иско: - Бунинг иложи йўқ. Кўп бора таъкидлаганимдек, ҳамиша «Реал»да ўйнашни ўйлаганман. Ҳа, ҳаммаси бирданига текис бошланмади. Лекин қийинчиликларни енгиб ўтганим боис, бахтиёр онларни алоҳида қадрлайман. Мана, жамоам билан ЧЛда 3 марта зафар қучдим - тарихий воқеа! Умид қиламанки, муваффақиятни ҳали давом эттирамиз.
Тўғри, «Барселона» вакиллари агентларим билан учрашишгандир. Бироқ ўзим нимани исташимни яхши биламан: жойим «Мадрид»да, тамом! Хуллас, клуб таркибидан мустаҳкам ўрин олиб, имкон қадар кўпроқ соврин ютишни хоҳлайман.
Асосий таркиб ҳақида
Иско: - Ҳақиқат шуки, таркибимиз жуда кучли. Мураббий эса майдонга 11 нафар футболчини тушира олади, холос. Ўтган мавсум ротация туфайли барча йигитлар ўйнаш имкониятига эга бўлишди. Ўзимни асосий таркиб вакили сифатида кўрсатолмайман, аммо жамоа ўйинида муҳим ўрин тутишимга шубҳам йўқ.
«Реал»га ўтиш қарори ҳақида
Иско: - Ҳаётимиз давомида кўп мулоҳаза қиламиз, қандайдир қарорларга келамиз. Шу тариқа ўз тақдиримизни белгилаймиз. Тарихим «Мадрид» билан боғлиқлигига аллақачон амин бўлганман. Шу жамоада узоқ вақт тўп суришдан умидворман.
«Реал»даги энг яхши испаниялик эканлиги ҳақида
Иско: - Бундай гапларни ушлаб олиш ярамайди. Футбол ва матбуотнинг ўзига хос хусусиятлари бор: кимдир 1-2та ўйинни чиройли ўтказса, уни кўкларга кўтаришади. Борди-ю, 1-2та учрашувда кўринмай қолсачи? Ҳамма дарров уни сотишни талаб қилади. Демакки, футболчи доимо яхши спорт формасини ушлаб туриш ва бор куч-маҳоратини сарфлашга интилиши лозим.
Фаолиятини «Реал»да якунлаш ҳақида
Иско: - Келажакда қандай воқеалар юз беришини ҳеч ким билмайди: футбол сўқмоқлари жуда мураккаб. Нима бўлган тақдирда ҳам, шу жамоада узоқ йиллар қолиш, шартномамни қайта-қайта узайтириш учун ҳаракат қиламан.
Марсело: - Ҳаттоки, «Кастилья»да ўйнашга ҳам тайёрман. Чунки ўзимни унинг тарбияланувчисидек ҳис этаман. Хуллас, Мадридда иложи борича узоқроқ қолиш ниятидаман. Тўғри, аввало, 5 йил асосий жамоада муносиб тўп суришим талаб этилади. Лекин ҳозирги шартнома фаолиятимдаги охиргиси бўлмаслигига умид қиламан. Умуман, келажак ҳақида гапириш анча оғир.
«Реал» нимани англатиши ҳақида
Иско: - Буни сўз билан ифодалаш қийин: «Мадрид»нинг бир бўлагига айланиш ҳар бир футболчининг орзусидир. Мана, дунёнинг энг сара ўйинчилари қаторида тўп суриш бахтига муяссар бўляпман. «Реал»да болалигимдаги кўплаб орзуларимга эришдим. Жумладан, Испания термасидан жой олдим. Оддий айтганда, «Реал» - футбол тарихидаги буюк жамоа!
Ўз кумири ҳақида
Марсело: - Мадриддаги илк кунларда менга Роберто Карлос кўп ёрдам берди, дейлик, машғулотлардан сўнг уйига олиб кетиб, оила аъзолари билан таништирди. Очиғи, бундай муносабатни кутмагандим, айниқса, Робертодан. Ахир ўз ўрнига даъвогарлик қиладиган рақобатчига чинакамига меҳрибонлик кўрсатиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Роберто ҳозир ҳам қимматли маслаҳатларини аямайди. У аввал кумирим эди, энди эса энг яқин дўстимга айланди!
Бобоси ҳақида
Марсело: - Бобом билан боғлиқ бирор-бир ёқимсиз хотира йўқ. Хаёлан ўтмишга қайтар эканман, бутун вужудимни соғинч ҳисси қуршаб олади. Эҳ, бобом гуллаб-яшнаётган оиламни кўрганида, 10 йилдан буён «Реал»да ўйнаётганимни билганида эди, боши кўкка етарди...
Ёшларга таъсир ўтказиш ҳақида
Марсело: - Менда Роберто Карлос тажрибаси бор. Ундан кўп нарсаларни ўргандим. Энди барчасини Тео билан баҳам кўришга тайёрман. У жуда ажойиб йигит - ҳамма унга кўмаклашишни истайди. Бироқ шахсан мен Тео билан асосан майдон ташқарисида мулоқот қилишни афзал биламан. Асенсио ҳам келажакда ёрқин юлдуз мақомини олишга қодир иқтидорли ўйинчи. Тўғри, табиатан ёшлар хусусида кўп гапиришни ёқтирмайман. Илиқ фикрлар уларга салбий таъсир қилиши мумкин. Хуллас, тилда эмас, амалда бир-биримизни қўллаб-қувватлаганимиз маъқулроқ.
Етакчи юлдузлар ҳақида
Марсело: - Шу кунга қадар бир қатор буюк футболчилар билан ёнма-ён тўп сурдим ёки шундайларга қарши ўйнадим. Улар орасида Роналдуни энг мукаммал футболчи сифатида тилга оламан. Энг етук рақиб эса - Неймар. Майдонда менга айнан у мисли кўрилмаган қийинчилик туғдирарди.
Келажак режалари ҳақида
Марсело: - Ўз олдимга аниқ мақсадларни қўйганман. Биринчи нав-батда, мукаммаллик сари интилиш, ўқиб-изланишдан тўхтамаслигим лозим. Табиийки, Бразилия термаси билан ЖЧда зафар қучишни истайман. Албатта, буниси мураккаб вазифа. Лекин биз тўғри йўлдамиз, менимча.
Айтганча...
Марселога белгиланган дисквалификация муддати нисбатан қисқартирилди. 29 ёшли бразилиялик Испания чемпионати 3-туридан ўрин олган «Леванте»га қарши кечган учрашув (1:1)да Жефферсон Лермага нисбатан ишлатган қўполлиги учун тўғридан-тўғри қизил карточка олганди. Ҳакам қайдномага Марселонинг тўпсиз ҳолатда рақибга зарба бергани ҳақида ёзди ва Ла-лига Тартиб интизом қўмитаси уни 2та ўйинга дисквалификация қилди. Аммо мадридликлар қарор юзасидан апелляция бериб, дисквалификацияни 1та ўйинга қисқартиришди. Демак, Марсело энди «Бетис» билан бўладиган кейинги тур баҳсида майдонга тушиши мумкин.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади