“Насаф” Олий лига 23-тур учрашувини ўз майдонида Навоий шаҳрининг “Қизилқум” жамоасига қарши ўтказади.
Ўйин 30 сентябр шанба куни “Марказий” стадионда соат 18:00да бошланади.
Бу жамоалар ўртасидаги ҳар бир баҳсни футбол ишқибозлари катта қизиқиш билан кузатиб келишган. Бу сафар ҳам улар ана шундай баҳсга гувоҳ бўлишлари аниқ.
Мазкур жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташласак, “Насаф” ва “Қизилқум” жамоалари ҳозиргача 35 марта рўбарў келган. Ушбу баҳсларнинг 20 тасида Насафнинг қўли баланд келган бўлса, 6 учрашувда навоийлик футболчилар ғалаба қозонишган. 9 учрашувда томонлар дурангга имзо чеккан. Тўплар нисбати бўйича ҳам “Насаф” устунлик қилмоқда: 66-38.
Энди бу жамоалар ўртасидаги энг йирик ҳисоблар ҳақида тўхталадиган бўлсак, Насаф “Қизилқум” устидан 7:1, 5:2 ва 4:0 кўринишида ғалабага эришган. “Қизилқум”нинг “Насаф” устидан энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 3:1 кўринишида.
Рўзиқул Бердиев бошчилигида “аждарлар” ҳали бирон марта, ҳоҳ Қаршида бўлсин, ҳоҳ Навоийда бўлсин, “Қизилқум” жамоасига мағлуб бўлган эмас.
Бу жамоалар Қаршида жами 16 марта ўзаро баҳслашган. Уларнинг 13тасида Насаф ғалаба қозонган, бир учрашувда “Қизилқум” жамоаси кичик 1:0 ҳисобида ғалабага эришган. Бу учрашув 2008 йили бўлиб ўтган. Қолган 2 учрашувда муроса кўчаси танланган. Қаршидаги учрашувларда жами дарвозаларга 57 марта гол киритилган. Голлар нисбати бўйича ҳам устунлик “Насаф” томонида: 43-14.
Бўлажак учрашув жамоаларнинг Қаршидаги 17-учрашуви сифатида тарихга киради.
Қаршидаги сўнгги беш учрашув натижаси
2016 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0
2015 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 3:1
2014 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0
2013 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 7:1
2012 йил. “Насаф” – “Қизилқум” 2:0
“Насаф” ўтказилган 22 учрашувларнинг 13тасида ғалаба, 2 учрашувда дуранг ва 7 учрашувда мағлубиятга учраган. Рақиблари дарвозасига 39та гол киритиб, ўз дарвозасидан 16та тўп олиб чиққан. 41 очко жамғариб, турнир жадвалининг 2-поғонасида бормоқда.
“Қизилқум” жамоаси 22 учрашувнинг 6тасида ғалаба, 9 учрашувда дуранг ва 7 учрашувда мағлуб бўлган. Навоийлик футболчилар рақиблари дарвозасига 27та гол киритиб, ўз дарвозаларидан 28та тўп олиб чиқишган. 27 очко тўплаб, турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб туришибди.
“Насаф” ўтган учрашувни сафарда ўтказиб, “Сўғдиёна” жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
“Қизилқум” жамоаси эса 22-турда “Олмалиқ”ни қабул қилиб, 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
“Насаф” жамоасини тўпурарлар рўйхатини 13та гол билан ҳамон Драган Черан бошқариб бормоқда.
“Қизилқум” жамоаси тўпурарлар рўйхатида икки футболчи етакчилик қилмоқда. Булар Илҳом Юнусов ва Отабек Зокировлардир. Улар ҳозиргача ўз ҳисобларига 6тадан гол ёздириб қўйишган. Илҳом Юнусов 6голнинг 3тасини пенальтидан киритган.
Мазкур жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув 29 сентябр жума куни Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳи майдонида бўлади. Учрашув соат 15:00да бошланади.
ЎзПФЛ 23-тур
“Насаф” (Қарши) – “Қизилқум” (Навоий)
30.09.2017. “Марказий” стадиони. 18:00да
Бош ҳакам: Шерзод Қосимов (Тошкент)
Қанот ҳакамлари: Алишер Усмонов (Тошкент), Тимур Гайнулин (Тошкент),
Захира ҳаками: Дмитрий Клепиков (Тошкент)
Назоратчи: Хушвақт Мухторов (Самарқанд).
ЎзПФЛ вакили: Роман Черников.