Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Шукурали Пўлатов: «Умид қиламанки омадсиз жамоа «Нефтчи» бўлмайди»

Баҳо:
+ | -

ФИФА кунлари муносабати билан олий лига баҳсларида кичик танаффус юзага келди.

Ўртада Ўзбекистон кубогининг ярим финал жавоб учрашувлари ўтказилиб, Биллур совринга даъвогар икки жамоа номи маълум бўлди. 

Бу ёқда чемпионатимиз финиш чизиғи кўриниб қолганиданми, халқаро «кичик танаффус»да ҳам жамоаларимиз дам олишгани йўқ.

Қайтага, тайёргарликка зўр беришмоқда. Чунки олий лигада ҳақиқий кураш энди бошланади.  Айниқса «биринчи лига» хавф солиб турган ҳудудда ҳар бир учрашув 6 очколикка айланиши муқаррар.

Биз «хавфли ҳудуд»да юрак ҳовучлаб турган жамоа вакилини эмас, ўрта поғонада жойлашган «Қизилқум» футболчиси  Шукурали Пўлатовдан интервью олдик.

- Шукурали,  суҳбатимизни «Насаф»га қарши ўйиндан бошласак. Биринчи дақиқадаёқ гол ўтказиб юбординглар ва якунда 0:2 ҳисобидаги мағлубият?

- «Насаф»га қарши кечган ўйинга алоҳида иштиёқ билан тайёргарлик кўргандик. Жамоамиз олдига Қаршидан ғалаба билан қайтиш вазифаси қўйилган эди. Афсуски, ҳимоядаги хатоларимиз эвазига гол ўтказиб юбордик.

- Сиз ҳам мудофаа вакилисиз. Демакки, сизда ҳам айб бор.

- Мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Ҳар сафар бехато ўйнашнинг иложи йўқ. Боз устига, «Насаф»дек кучли жамоаларга қарши сафар ўйинларида.

Мағлубиятда бир кишини айбдор сифатида кўрсатиш ярамайди. Менимча, «Насаф»га қарши яхшигина қаршилик кўрсата олдик, деб ўйлайман. Осон мағлубиятга учрадик, деган фикрдан йироқман.

- Ниманинг эвазига Бердиев шогирдларини мағлуб этмоқчи эдинглар? Реал қараганда бу имконсиз эмасмиз?

- Албатта имконият бор эди. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Жамоавий ўйин намойиш этиб, ҳимояда бехато ўйнаганимизда, албатта Қаршидан уч очко билан қайтардик.

Тўғри, қаршиликлар таркибидагилар маҳорат бобидан биздан устундирлар. Лекин биз ҳам сўнгги учрашувларда ёмон кўринмаяпмиз.

- Мендаги факт сизда ҳам бор бўлиши мумкин. «Қизилқум» охирги марта 18-турда «Қўқон - 1912» жамоасини мағлуб этган экан. Ўшандан бери ғалаба сизларга бегона. Бунинг сабаби нимада?

- Сиз айтгандай 3 учрашувда уч очко ишладик.  Аммо, бу мағлубиятимизни билдирмайди.  Кетма-кет мағлубиятлар ёки дуранглар - футболда бундай ҳолатларнинг бўлиши табиий. Бу олий лига ўйинларининг муросасиз ўтаётганидан дарак.

- Жамоа аъзоларида кайфият қандай? Ишқилиб, муҳит яхшими?

- Муҳит ҳам, кайфият ҳам яхши. Фақат шу дуранглар исканжасида қолиб кетдик. Битта ғалаба вазиятни ҳам, кайфиятни ҳам ижобий томонга ўзгартириб юборади.

-  «Қизилқум» таркибидаги футболчилари билан бемалол юқори ўринлар учун курашиши мумкин» Мутахассис шундай деганди. Аммо сизлар ўртамиёналикдан қутулиб кетолмаяпсизлар?

- Юз фоиз қўшиламан. Аксарият ўйинларда кераксиз вазиятда очколарни бой бердик. Бунинг натижасида ўзимиз истаган ўринга кўтарила олмадик. Йигирма учта ўйиндан 27 очко жамғардик, холос. Бу «потенциали»мизга нисбатан сезиларли даражада оз.

Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, жамоалар жуда ҳам зич жойлашишган. Битта ғалаба жамоангизни турнир жадвалида 2-3 поғона юқорилашига замин яратади. Мағлубият эса аксинча.

- «Обод» олий лига баҳсларидан четлатилди. Бироз кутилмаган воқелик. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Бир томондан федерациянинг қарорини қўллаб-қувватлайман. Спорт принципларига амал қилиш керак, деган фикрдаман. Шу йўл билан чемпионатимизда тартиб-интизом кучаяди. Бу эса қолган клубларга сабоқ бўлади.

- Ҳозирги ҳолатда олий лигада нечта жамоа қатнашиши тарафдорисиз?

- Мамлакатимиз барча вилоятларининг олий лигада ўйнайдиган клублари бўлиши тарафдориман. Негаки, футбол мухлислар учун.

Шунга яраша ҳар бир жамоа томошабон ўйин кўрсатса, майдонда борини бериб  кураш олиб борсагина олий лигамизнинг савияси кўтарилади.

Бу эса ўз навбатида терма жамоаларимизнинг кучайишига замин ҳозирлайди. Зўрма-зўраки жамоани ушлаб туришдан фойда йўқ.

- Сиз айтгандек, сон эмас, сифатга эътибор қаратадиган вақт аллақачон келган. Лекин саволимизни жавобсиз қолдирдингиз?

- Футболчилар учун қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин битта шарт билан: бу савияга таъсир ўтказмаслиги керак. ЎФФ ва ПФЛ олий лигадаги клублар сони қанча бўлишини ҳал қилади. Балки, 12 та жамоа қолиб, икки босқичли чемпионатга ўтилар.

- Тахмин қилиб кўринг-чи, мавсум якунида олий лигани қайси жамоа тарк этиши мумкин?

- Ҳали 7та тур бор.  Лекин умид қиламанки, бу омадсиз жамоа «Нефтчи» бўлмайди.

- «Нефтчи» сиз учун қадрли жамоа. Бир пайтлар ушбу клуб сафида тўп сургансиз. Ҳарҳолда, унинг бугунги тақдирига ҳам бефарқ эмассиз. Нима учун номдор клуб бундай ҳолатга тушиб қолди?

- Тўғриси, «Нефтчи» клубининг ички оламидан бутунлай бехабарман. Қолаверса, унинг ҳозирги тушкун ҳолатини муҳокама қилмоқчи эмасман.

Фақат «Обод» четлатилгач, сўнгги ўринда Фарғона жамоаси турганлигига ачинаман. Бир пайтлар фақат чемпионлик кўзлаган клуб, наҳотки аутсайдерликни ўзига эп кўрса.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:41, 17.10.2017.
Ўқилди: 2852 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.