21 октябрь санаси куннинг иккинчи ярмида Осиё Футбол Конфедерациясининг стратегик режалаштириш, маркетинг ва инфратузилма масалалари бўйича йўриқчиси Элнур Мамедов ЎФФ маркетинг бўлими бошлиғи Бахтиёр Маметов ҳамроҳлигида Бекобод шаҳрига ташриф буюрди.
Расмий меҳмонларни "Металлург" стадионида "Металлург" ПФК ҳамда "Металлург" стадиони раҳбарияти кутиб олишди.
Меҳмонлар ташриф давомида "Металлург" стадиони яшил майдони билан ва инфратузулмаси билан яқиндан танишишди. ОФК вакили Элнур Мамедов стадионнинг чимини кўздан кечирар экан стадион раҳбариятига қоплама борасида ўз фикр мулоҳазалари, қимматли маслаҳатларини берди.
Шундан сўнг "Металлург" аренасида яратилган барча шарт-шароитлар билан танишиб чиқди. Жамоалар кийиниш хоналари, душ, тиббий марказлар, спорт заллари, мартабали меҳмонлар учун ажратилган махсус жойлар шунингдек медиа марказдаги шароитларни ўрганишди.
Стадион қошида барпо этилган шахмат, таэквандо тўгаракларини кўздан кечирди, айниқса Бекобод шаҳри футбол тарихи музейи меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Музейдаги барча экспонатларни кўздан кечирар экан, нуфузли меҳмон ўзининг самимий дил изҳорларини ёзиб қолдирди.
Ташриф якунида, "Металлург" клуби раҳбарлари, матбуот ва маркетинг бўлими ҳамда стадион ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкиллаштирилди. Унда Элнур Мамедов клуб маркетинг ишларини янада такомиллаштириш, ривожлантириш борасида керакли маслаҳат ва тавсияларини берди.
"Металлург" матбуот хизмати