Жанубий Кореянинг Янггу шаҳрида оғир атлетика бўйича Осиё Кубоги ҳамда клублар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари старт олди.
2 ноябрга қадар давом этадиган мусобақада терма жамоамиз шарафини 8 нафар эркаклар ва 8 нафар қизлар ҳимоя қилади.
Мусобақада иштирок этадиган барча атлетларимизга омад ва зафарлар тилаган ҳолда терма жамоамининг тўлиқ таркиби билан таништириб ўтамиз.
Эркаклар
1. Муҳаммадали Қахрамонов -62 кг.
2. Сарвар Таштемиров -77 кг.
3. Суннат Ўсаров -85 кг.
4. Файзулло Набиев -85 кг.
5. Шодилбек Эргашев -94 кг.
6. Отахон Имомов -94 кг.
7. Акбар Жўраев -105 кг.
8. Александр Ли -105 кг.
Аёллар
1. Махлиё Тоғоева -48 кг.
2. Муаттар Набиева -58 кг.
3. Шахло Абдуллаева -58 кг.
4. Кумуш Файзуллаева -63 кг.
5. Турсуной Жабборова -69 кг.
6. Манзура Мамасалиева -69 кг.
7. Омадой Отақўзиева -75 кг.
8. Долера Давронова -90 кг.
Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими олдидан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрилло Маҳмудов Жанубий Корея оғир атлетика федерацияси Президенти Вон Сунг-Лига миллий урф одатларимизга кўра эсдалик совғаларини топширди.
Осиё Кубоги ва клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида спортчиларимиз биринчи куннинг ўзида тўққизта медалга сазовор бўлишди. 56 кг. вазн тоифасида мусобақаларда иштирок этаётган Муҳаммадали Қахрамонов даст кўтаришда 111 кг, силтаб кўтаришда 145 кг. оғирликни ўзига бўйсундириб, умумий 256 кг. натижаси билан бир йўла олтита кумуш медалларини қўлга киритди. ( 3та кумуш Осиё Кубогида, яна 3 та кумуш клублар ўртасидаги қитъа чемпионатида).
Хотин-қизлар ўртасида 48 кг. вазн тоифасида чиқиш қилган Махлиё Тоғоева даст кўтаришда биринчи уринишда 65 кг, иккинчисида 68 кг. оғирликни кўтара олди. Учинчи уринишда эса 71 кг. тошга буюртма берилганди, афсуски бу уриниш муваффақиятли чиқмади. Махлиё силтаб кўтаришда ҳам учта имкониятнинг иккитасидан унумли фойдаланди. Натижада 84 ва 87 кг. оғирликни ўзига бўйсиндирган ҳамюртимиз 93 кг. тошни кўтара олмади.
Иккикурашда умумий 155 кг. натижа (68+87) Махлиё Тоғоевага бронза медалига эга чиқиши учун етарли бўлди ва у терма жамоамиз ҳисобига учта бронза медалини қўшиб қўйди. Терма жамоамиз аъзоларини муваффақиятли старт билан муборакбод этамиз ва улардан навбатидаги ғалабалар ва рекордларни кутиб қоламиз.