Россияда ўтадиган мундиалда мухлислар қайси футбол юлдузларининг ғайритабиий қилиқларига гувоҳ бўлишлари мумкин? Хорижлик касбдошларимизнинг махсус шарҳлари шу мавзуга бағишланган.
Александр Митрович (Сербия)
U-19 тоифасидаги Евро-2013 турнирида серблар ўз таркибида Мартиаль, Лапорт ва Рабьодек кучли футболчилари бўлган Францияни енгишган (1:0) ва шоҳсупага кўтарилган эдилар.
Мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Митрович эса ўша пайтда ҳам ноёб иқтидор соҳиби эди. Аслида, «Партизан» тарбияланувчиси дарвозабонликни ёқтирар, лекин отасининг талабига кўра, ҳужум чизиғида ўйнарди.
2013 йилнинг 10 декабрида унинг «Андерлехт» клуби ЕЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги беллашувини сафарда «Олимпиакос» билан ўтказганди.
93-дақиқада меҳмонлар посбони Сильвио Прото қоида бузгани учун майдондан четлатилди, унинг дарвозаси томон пенальти белгиланди.
Ана шу паллада Александр қўлига қўлқоп кийди. У тўпнинг йўналишини тўғри топди. Аммо Чори Домингеснинг зарбаси аниқ ва кучли бўлгани боис, «Андерлехт»ни голдан қутқара олмади.
Ибра билан айтишиб қолди. Ўша мавсумнинг «ПСЖ»га қарши учрашувида 19 ёшли ҳужумчи Златан Ибрагимовични алдаб ўтиб, олдинга интилди.
Швециялик касбдоши эса уни чалиб йиқитишдан ўзга чора тополмади. Митрович машҳур рақибига кескин норозилик билдирди. Ибранинг футболчилардан дакки олиши - камёб ҳодиса.
Голни мухлис билан нишонлади. «Ньюкасл»-«Сандерленд» баҳсида мувозанатни тиклаган Александр ўз голидан шунчалик хурсанд бўлдики, уни майдонга югуриб тушган «қарғалар» мухлиси билан қучоқлашган ҳолда нишонлади.
Мухлисларини рақс билан сийлади. «Ньюкасл» мухлислари Митровични жуда тез севиб қолишди ва унга атаб қўшиқ ёзишди.
Учрашувлардан бири якунига етгач, стадиондаги барча мухлислар шу қўшиқни куйлаган ҳолда ҳужумчини кузатиб қўйишди. Бундан тўлқинланиб кетган Александр майдон марказига қайтди ва қўшиқ оҳангига мос рақс ижро этди.
Луис Суарес (Уругвай)