Бугун “Металлург” жамоасининг сардори Ҳикмат Ҳошимовнинг таваллуд топган куни. Тажрибали ҳимоячимиз ўзининг 38 баҳорини қаршиламоқда.
Ҳамон сафда, ёшларга ҳар томонлама ўрнак, намуна бўлиб келаётган бу ажойиб футболчи айтиш мумкинки иккинчи ёшлигини бошидан кечирмоқда.
Сўнгги мавсумларда “Металлург” сафида барча учрашувларда узлуксиз майдонга чиқиш борасида бетакрор натижани қайд этиб келаётган Ҳикмат Ҳошимовнинг иродаси, куч-ғайратига тан бермасликнинг иложи йўқ.
Фаолиятини пойтахтнинг МҲСК жамоасида бошлаган Ҳикмат Ҳошимов кейинчалик “Дўстлик”, “Сўғдиёна”, “Локомотив”, “Андижон”, “Насаф”, “Бунёдкор” жамоаларида тўп сурди. 2007-2008 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилди. 13 та халқаро учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига битта тўп киритди. Унинг 2007 йил 23 март куни Тайвань дарвозасига киритган голи терма жамоамизга ғалаба келтирган.
Ҳикмат Ҳошимов 2011 йилдан эътиборан “Металлург” футбол клубининг ўзгармас сардори сифатида ўйнаб келмоқда. Унинг бугунгача олий лиганинг баҳсларида ўтказган ўйинлари сони 500 тага яқинлашиб қолди. Бу борада мутлоқ рекордчи Асрор Алиқуловни қувиб етиши ва ундан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас.
Биз “Металлург” футбол клуби раҳбарияти, барча ўйинчилари ҳамда мухлислари номидан, қолаверса ўзбек футболи ишқибозлари номидан Ҳикмат Ҳошимовни туғилган куни билан самимий табриклаймиз. Унга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик, футболчилик ва ундан кейинги фаолиятида омад ёр бўлишини тилаймиз.