Олий лиганинг 29-турида “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Ушбу ўйинда “Суғдиёна” вакиллари биринчи бўлимда 10 киши, иккинчи бўлимда 9 киши бўлиб майдонда ҳаракат қилишди ва шунга қарамасдан ҳам якунда рақибни мағлубиятга учрата олди. Учрашувда ҳал қилувчи голларни киритган ва ғалабага муносиб ҳиссасини қўшган Умиджон Қодиров ўйин борасида ўз фикрини билдирди.
-Иккинчи даврада жуда кўп дуранг натижалар қайд этиб қўйдик ва кўп ўйинларда омадимиз келмади. Жамоа билан бор диққатимизни шу ўйинга қаратгандик. Бугунги ўйин биз учун жуда муҳим эди, биз жамоамиз билан муҳим баҳсга астойдил тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз раҳбарияти, ходимлари, жамоадошларим ва мухлисларга бизни қўллаб-қувватлашгани учун рахмат айтаман. Бугун муҳим бўлган 3 очкони қўлга кирита олдик.
Биринчи бўлимдаги Ихтиёр Тошпўлатовнинг қизил карточка олиб майдондан четлатилиши жамоага қандай таъсир қилди?
-Албатта, салбий таъсир қилди. Ўйин бошида 10 киши ўйин якунида 9 киши бўлиб ҳаракат қилдик. Икки карра куч билан ўйнашимиз талаб этиларди. Учрашув давомида жамоадошларим бир бирини рухан қўллаб-қувватлади. Бунинг учун уларга катта рахмат айтаман.
“Сўғдиёна” матбуот котибаси, Дилдора Холбоева.