Россия миллий жамоаси Москвадаги янги таъмирдан чиқарилган «Лужники» стадионида Аргентина термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди. Унда меҳмонлар Серхио Агуэронинг ягона голи эвазига ғалаба қозонишди.
Ўйиндан сўнг аргентиналиклар етакчиси Лионель Мессининг микст-зонада пайдо бўлиши мухбирларнинг панжара тўсиқлардан ўтишларига сабаб бўлди. Хусусан, аргентиналик журналистлар Лионелга ваъдасини эслатиб қўйишди.
Бир пайтлари Месси Аргентина термаси ЖЧ-2018да ғолиб чиқса, ўз уйидан Буэнос-Айреснинг Сан-Николас туманида жойлашган БибиМарьям черковигача пиёда боришини айтганди. Ушбу бино эса Леонинг уйидан 38 км. узоқликда жойлашган.
— Аслида сизлар таклиф қилгандингиз, мен эса рози бўлганман, - деб гап бошлади «альбиселесте» сардори. - Агар жаҳон чемпионлигини қўлга киритсак, ортимдан бутун Аргентина боради.
— Россияга қарши ўйиндан қониқиш ҳосил қилдингизми?
— Бугун биз шунчаки ғалаба қозониш учун эмас, балки бу ишни қойилмақом тарзда уддалашга интилдик. Ўйлайманки, ниятимиз амалга ошди.
Биринчи бўлимни яхши ўтказдик, кўплаб ҳужумлар уюштирдик. Лекин танаффусдан кейин ғалаба учун кўп меҳнат қилишга тўғри келди. Зафар қучганимиздан хурсандман.
— Йил сиз истагандек якунланяптими? Эквадордаги ажойиб кеча сизга қувонч ва ишонч улашдими?
— Эквадордаги баҳс, қолаверса, бугунги учрашув ҳам Аргентина терма жамоасининг жаҳон чемпионатига тайёрлигини кўрсатди. Ҳақиқатан ўша ғалабадан сўнг тинчландик ва ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз.
— Клубдан фарқли ўлароқ, терма жамоада кам вақт ўтказасиз. Бу муаммо эмасми? ДАВОМИ