Навбатдаги жаҳон чемпионатининг 31та йўлланмаси ўйналган квалификацион жараён расман хотима топди. Табиийки, бу сафарги саралаш давомида ҳам бир қатор диққатга сазовор кўрсаткичлар қайд этилди. Демак, якуний натижаларни зимдан кўриб чиқиш вақти келди.
Саралашнинг умумий статистикаси
Ўйинлар сони: 871та
Голлар сони: 2456та
1та ўйинга тўғри келган голлар сони: 2,8та
Сариқ карточкалар сони: 2965та
Қизил карточкалар сони: 48та
Энг яхши тўпурарлар - Роберт Левандовски, Аҳмад Халил, Муҳаммад ал Саҳлавий (16тадан гол). Биринчи навбатда, Роберт Левандовскини тилга олиш жоиз. Зеро, поляк ҳужумчиси 16та голни 10та ўйинда урди. У бу борада Луис Суарес, Криштиану Роналду, Лионель Месси, Эдинсон Кавани ва бошқа топ-форвардларни ортда қолдирди. Ваҳоланки, «Бавария» голеадори бундай натижага еврофутболнинг чин юлдузлари ёрдамисиз эришди. Браво, Роберт! ОФК миқёсидаги саралашда 16тадан гол ҳосил қилишган Аҳмад Халил (БАА) ҳамда Муҳаммад ал Саҳлавий (С.Арабистони)га келсак, улар тегишлича 17 ва 14та ўйинда майдонга тушишди, қолаверса, Осиёда рақиблар даражаси ҳам анча пастлигини инобатга олиш керак.
Энг яхши ассистент - Жошуа Киммих (9та самарали узатма). Германия футболида юқори суръатда ўсаётган ўйинчи, бетакрор Филипп Лам вориси ва бундестимнинг бўлажак сардори. Киммих саралаш бошқичи доирасидаги барча ўйинларда тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракатланди. Асосийси, кўпинча ўнг қанот ҳимоячиси ролини бажарган ёш футболчи 10та ўйинда 9та голга ассистентлик қилишдан ташқари, рақиблар дарвозасини 2 бора ишғол этишни уддалади. Ақл бовар қилмас самарадорлик.
Энг сермаҳсул жамоалар - Бельгия ва Германия термалари (1та ўйинда ўртача 4,3та гол). Ҳужум чизиғида Ромелу Лукаку ва Дрис Мертенс каби тўпурарлар ўйнайдиган, уларга Эден Азар, Ража Наингголан ва Кевин де Брюйне сингари аслар тўп оширадиган Бельгия термасининг 10та учрашувда 43та гол урганида ажабланарли томони йўқ. Германия термаси эса ижрочилар масаласида яна бойроқ. Хуллас, кутилган натижа.
Энг кўп ўйнаган футболчи - Иброҳим Алмеҳ (21та ўйин). Сурия термаси дарвозабони Осиёдаги 2та гуруҳ босқичида 19 марта майдонга тушди, шунингдек, австралияликларга қарши кечган ички «плей-офф» раундида яна 210 дақиқа ҳаракатда бўлди. Сурияликлар якунда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритолмадилар, аммо Алмеҳ Россия йўлидаги саралаш довонида бутун дунё бўйича майдонда энг кўп ўйнаган футболчи бўлди - 1740 дақиқа.
Дарвоза томон энг кўп зарба йўллаган футболчи - Криштиану Роналду (66 марта). Португалия футболи жавоҳирининг «Энг, энг, энг» туркумидаги рўйхатга кирмаслиги мумкинмиди? Криштиану худди «Реал»да бўлгани каби ҳар қандай ҳолатдан дарвозани ўққа тутишни пайсалга солмади. Жами 66та зарба 1та ўйинга ўртача 7,4тадан тўғри келади. Қисқаси, саралаш давомида ҳеч ким рақиблар дарвозабонларини Роналдучалик кўп безовта қилгани йўқ.
Энг самарадор футболчи - Роберт Левандовски (48,5 фоиз). Польшалик супертўпурар томонидан йўлланган зарбаларнинг деярли ярми тўп рақиб дарвозаси тўрига «илиниши» билан якунланди. Оддий айтганда, унинг 16та гол уриши учун 33та зарба кифоя қилди.
Энг кўп тўп узатган футболчи - Тони Кроос (1та ўйинда ўртача 121та). Ҳа,тўп назорати масаласида Испания термаси олдига тушадигани йўқ, аммо немислар жамоасида Тони Кроос борки, у айни пайт майдон марказида тартиб ўрнатиш бўйича жаҳонда тенгсиз саналмоқда. «Реал» хавбеки саралаш доирасидаги 10та ўйинда жами 1200 марта тўп оширди. Аниқроқ айтсак, 1та ўйинда нақ 121 марта жамоадошларини тўп билан таъминлади - тасанно!
ЖЧга энг қисқа йўл - Бразилия термаси (537 кун). Бразилияликлар 537 кун оралиғида йўлланма масаласини ҳал этишди. Неймар - Габриэль Жезус - Фелиппе Коутиньо боғлами Жанубий Америка ҳудудида ўтган саралашда дуч келган рақибларга мастер-класс кўрсатди. Хуллас, бошқа грандлар сўнгги тургача енгил нафас олмаган бўлсалар, бразилияликлар март ойидаёқ Россия мундиали чиптасини ўз номларига расмийлаштириб қўйишди.
ЖЧга энг узоқ йўл - Перу термаси (770 кун). «Инклар» саралаш чиғириғига Бразилия термаси билан бир кунда тушишди, аммо уларнинг йўллари анча узоқ бўлиб чиқди. Яъни Перу термасининг йўлланма олиш учун дунёнинг нариги бурчаги - Янги Зеландия томонларга боришига тўғри келди. Оддий айтганда, КОНМЕБОЛнинг охирги вакили старт чизиғидан роппа-роса 770 кун ўтиб, ЖЧ-2018нинг 32- иштирокчисига айланди.
Аҳолиси энг кўп давлат - Бразилия (193 467 000 киши). Бўлажак ЖЧда Бразилия термаси энг кўп мухлисли жамоа бўлади. Ахир Жанубий Америкадаги бу мамлакатда деярли ҳамма футбол билан «оғриган». Табиийки, фанатлар Тите шогирдларини аввалги мундиалда бўлгани каби воқеа жойидан мега-даражада қўллаб-қувватлаб туриш имкониятига эга эмаслар. Аммо деярли 200 миллион киши сенга кўз тикиб турганини билишнинг ўзи - катта мотивация.
Аҳолиси энг оз давлат - Исландия (334 252 киши). Қандай? Аҳолиси ярим миллионга ҳам етмайдиган кичик мамлакатда шунчалик кўп жанговар футболчиларни қандай тарбиялашган? Дарвозабон - режиссёр, ҳимоячи - учувчи, мураббий - дантист (стоматолог). Бу йигитлар футбол майдонидаги ишлардан ташқари, бошқа мажбуриятларни ҳам унутмайдилар. Ахир мамлакатда одам кам, муҳим соҳаларга эса чин мутахассислар зарур...
Энг йирик ғалаба - Қатар термаси (15:0). Бутанликлар учун Тибет тоғига маҳлиё бўлиш футбол ўйнашдан анча осон ва қулай. Улар битта ўйинда нақ 15та гол қўйиб юборишди. Ўз навбатида, футбол бобида митти саналадиган рақибни аямаган Қатар термасини ҳам алоҳида таърифлаш керак. Араблар ўртача ҳисоблаганда, ҳар 6 дақидада гол уришди-я...
Энг кўп гол қўйиб юборган жамоа - Бутан термаси (52та). Бутан термаси саралаш давомида биргина Мальдив жамоаси дарвозасига йўл топди, холос. Ўз дарвозасини эса ҳаммага ланг очиб қўйди - 0:15, 0:12, 0:7. 8та ўйин якунида 52та минус белгили голдан улкан хирмон вужудга келди. Йўқ, хато ўйламанг, Бутун термаси бу учрашувларнинг барчасида дарвозабон хизматидан ҳам фойдаланган, албатта.
Энг кўп гол урган жамоалар - С.Арабистони ва Япония термалари (44тадан). Гол уришда айнан саудлар ва японларнинг пешқадамлик қилишгани Осиё ҳудудидаги саралаш тизимига боғлиқ. Шунинг ҳисобига икки жамоа ҳам ЖЧ йўлида 18 мартадан майдонга тушди. Демак, уларнинг ўртача маҳсулдорлиги Европа вакиллари - Германия ва Бельгия термалариникидан анча паст.
Энг оз гол урган жамоа - Лихтенштейн термаси (1та). Мана шунақа, футбол нуқтаи назаридан олганда, энг митти мамлакатлар вакиллари ҳам саралашда камида 1 марта гол қувончини туйишди. Хусусан, Лихтенштейн термасига бундай бахтни исроилликлар ҳадя этишди. Айтганча, Мали ва Камбоджа жамоалари ҳам гуруҳ босқичида 1тадан гол уришди, аммо улар «ўтиш» ўйинларида ҳам рақиб дарвозасига йўл топишганди.
Энг оз гол қўйиб юборган жамоа - Марокаш термаси (1та). Фақат Европани олсак, Испания ва Англия жамоалари мустаҳкам ҳимояси билан алоҳида ажралиб турди. Лекин квалификация жараёнида «қуруқ»лик бўйича энг яхши натижани Меҳди Бенатия етакчилигидаги Марокаш термаси ҳимояси қайд этди. Ҳа, Эрве Ренар ўта тартибли ва баланслашган жамоа шакллантирган кўринади.
c 32та жамоадан 30таси бунгача лоақал бир марта ЖЧда ўйнаган. Шунинг баробарида 3та терманинг охирги иштироки аввалги асрда кузатилган - Перу (1982 йили), Миср (1990 йили) ва Марокаш (1998 йили). Демак, Россия-2018да 2та дебютантни кўрамиз - Исландия ва Панама термалари.
c 7та иштирокчи ўз тарихида жаҳон чемпиони мақомига эришган. Булар - Германия, Испания, Франция, Аргентина, Англия, Бразилия ва Уругвай.
c ЖЧ-2018 Жанубий Америка ва Африканинг амалдаги чемпионисиз ўтади. Камерун термаси шу йилнинг бошида Африка кубоги соҳибига айланганди, чилиликлар эса 2015 ва 2016 йиллар Америка кубогида кетма-кет 2 марта тенгсиз чиқишганди. Дарвоқе, бу икки жамоа ўтган йили Конфедерациялар кубогида иштирок этганди. Шунингдек, Океания чемпиони - Янги Зеландия термаси ҳам навбатдаги мундиалда ўйнамайди.
c Мезбон - Россияни ҳисобга олмаганда, тарихда биринчи марта саралашда ўйнаш учун 208та жамоа, яъни ФИФАнинг барча аъзоларидан ариза тушди. Фақат Зимбабве ва Индонезия термалари саралашга қўйилмади (дисквалификация сабаб).
c ЖЧ-2018 йўлланмасини ютган 31та терма саралашда иштирок этган 206та жамоанинг 15 фоизидир.
c Германия термаси саралаш босқичи доирасидаги 10та ўйиннинг барчасида ғалаба нашидасини сурди.
c Жонатан Каруана Мальта термасининг атиги 2та ўйинида қатнашди. Энг қизиғи, у Шотландия ва Литва термаларига қарши кечган икки ўйинда ҳам қизил карточка олди.
c Англия - Шотландия ўйинини «Уэмбли»да 87258 мухлис кузатди (ЖЧ-2018 саралаши рекорди). Гибралтар - Греция учрашувида эса энг паст натижа қайд этилди - 460 мухлис.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади