Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида эртага ярим финал баҳсини ўтказади. Вакилларимизга Жанубий Корея термаси рақиблик қилади. Мазкур ўйин олдидан Равшан Ҳайдаров ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Шукрки, таркиб борасида муаммоларимиз йўқ. Барча футболчилар эртанги баҳсга тайёр. Жисмоний, тактик ва руҳий жиҳатдан Жанубий Кореяга қарши ўйинга тайёрмиз. Умид қиламан, эртага энг яхши ўйинимизни намойиш қиламиз", — сўз бошлади Равшан Ҳайдаров.
"Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари мазкур мусобақа доирасида 4тадан ўйин ўтказишди. Шу боис, ҳар иккала жамоа бир хил ҳолатда. Тўртта ўйиндан кейин баъзи футболчилардан чарчоқ аломатлари бор. Аммо мураббийлар штаби бунинг устида ишламоқда".
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси чорак финалда Япония устидан йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳайдаровнинг фикрича, бундай натижа Кореяга қарши баҳс олдидан футболчиларнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.
"Японияга қарши ўйинда қозонилган ғалаба руҳий жиҳатдан бизга ёрдам беради. Лекин кореяликлар қай даражада кучли эканини яхши биламиз. Умид қиламан, эртага Японияга қарши баҳсда бўлгани каби ҳаракат қиламиз. Жанубий Корея жисмоний жиҳатдан кучли эканини биламиз. Ғалаба қозониш учун қўлдан келган барча ишни қиламиз" — деди Равшан Ҳайдаров.
Жанубий Корея терма жамоаси мусобақадаги барча ўйинни Куншан стадионида ўтказишди ва улар бу майдонга тўла мослашиб улгуришган. Ўзбекистон эса аввалги баҳсларни Чанчжоу ва Цзяньмин шаҳарларида ўтказганди.
"Корея барча ўйинларни бу стадионда ўтказиб, улар майдонга мослашиб олишган бўлиши мумкин. Аммо ҳар иккала жамоа бир хил ҳолатда. Боиси, барчамиз Хитойда ўйнаяпмиз. Шу боис, бу нарса биз учун муаммо бўлмаслиги керак".