Каталониянинг "Барселона" жамоаси бугун колумбиялик ҳимоячи Ерри Минани сотиб олганини расман эълон қилди. Хўш Мина ким ўзи у? У ҳақда нималарни билишимиз керак? Қуйида бу саволга жавоб излаймиз.
Тўлиқ исми-шарифи Ерри Фернандо Мина Гонсалес бўлган ҳимоячи 1994 йилнинг 23 сентябр санасида Колумбияда таваллуд топган.
Мина даставвал дарвозабон бўлган. Бироқ бундай бўй билан дарвозабон бўлиш шунчаки "жалько" эди. Бўйи 195 см бўлган футболчи кейинчалик ҳимоячи амплуасига ўтди ва 2013 йилнинг 20 март куни Колумбиянинг "Депортиво Пасто" жамоаси сафида "Депор" клубига қарши ўйинда ўз дебютини ўтказди. Ўша мавсумда 19 ёшли футболчи 24 учрашувда битта гол уришга муваффақ бўлди.
2014 йили 20 ёшли ҳимоячини "Индепендьенте Санта-Фе" жамоаси ўз сафига қўшиб олди. Уч мавсум давомида марказий ҳимоячи 124 ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига 12 та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлди. Бу жамоа билан у Жанубий Америка кубоги, Колумбия чемпиони ва Колумбия суперкубогини қўлга киритди.
Бундай иқтидор эгаси узоқ вақт Колумбияда қолиб кетмаслиги аниқ эди. 2016 йилда Бразилиянинг "Палмейрас" жамоаси ҳимоячини ўз таркибига қўшиб олди. Икки йил давомида Ерри 49 ўйинда 9 та гол уриб, 2016 йилда Бразилия чемпиони бўлди.
Минанинг Бразилияда ҳам узоқ вақт қолмаслиги аниқ бўлди. 2018 йилнинг дастлабки кунларида "Барселона" футболчига "совчи" юборди ва унга 11,8 млн.евро "қалин пули" тўлаб, ўз таркибига қўшиб олди.
Эътиборга молик жиҳати у "Барселона"да майдонга тушган биринчи Колумбиялик футболчига айланиши мумкин. Шу пайтгача Испания чемпионатида 10 нафар колумбиялик тўп сурган бўлса, "Барса"да уларнинг ҳеч бири майдонга тушмаган эди.