Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

Хавотирга қарши икки аниқ зарба ёки 3-ни ҳам кутишга ҳақлимиз

Баҳо:
+1 | -

Япония ва Жанубий Корея футболи Осиёда авангард эканлиги бугун барчага аён. Ҳаттоки, биз анъанавий тарзда мухлислик қиладиган Россия футболи ҳам тараққиёт бобида қитъадошларимизга ҳавас қилиши аниқ. Бу икки юрт вакилларининг жаҳон чемпионати ва Олимпиада саралаш баҳсларида доимий равишда йўлланма ютишларига мухлислар аллақачон кўникиб кетишди. Агар ўртада 4та йўлланма бўлса, 2таси Япония ва Жанубий Корея термаларига насиб этиши, бордию, 2та чипта ажратилса, ҳар иккиси шу жамоаларга тегиши 2х2Қ4 каби ҳақиқатга айланди, гўё. Айни шу тенденция боис, биздаги футбол онгига «Уларни енгиш имконсиз. Тезлик масаласида японларга ҳам, корейсларга ҳам етолмаймиз, барибир» қабилида хавотир туйғуси мустаҳкам жойлашиб олди.  Аҳвол шу даражага бориб етдики, жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичида вакилларимиз Япония термаси билан бир гуруҳга тушмасликларини тақдир инояти сифати баҳолайдиган, байрам қиладиган бўлдик. Ўйлаймизки, фикрларимизни далиллар билан исботлашга эҳтиёж йўқ.

Юқоридаги мулоҳазалардан шундай хулоса чиқариш мумкин: мамлакатимиз футболида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг аниқ белгиланган мақсадларидан бири - онгдаги ўша хавотир туйғусини йўқотиш. Бошқача айтганда, хоҳ клублар, хоҳ терма жамоалар миқёсида Япония ва Жанубий Корея футболидан устунликни таъминлаш. Бу борада Россия футболи анъаналари ва таъсиридан қутулиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки наинки ўзбек, балки МДҲ футболи ҳамон шўро мафкураси асоратларидан азият чекмоқда. Гарчи таниқли мураббий Валерий Лобановский шўро футболида ислоҳотларни амалга оширишга интилган бўлсада, унинг уринишлари айтарли натижа бермаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин завқ-шавқ билан барчани ҳайратлантирган шўро футболи 20-асрнинг 70-80-йиллари шу даражада турғунлик ботқоғига ботдики, ҳаттоки, улуғ мураббий маҳорати ҳам уни эски қолиплардан қутқаролмади. Мамлакатимиз футбол мактабларида ҳам ҳали-ҳануз ўша қолиплар таъсири яққол сезилади. Исътедодлар тараққиётга ҳарчанд интилишмасин, илдиз-илдизи мустаҳкам қолиплар исканжасидан якка ёки алоҳида ҳолатда халос бўлиш имконсиз жараёндир. Ҳозирда футбол мактаблари таянчи саналган мураббийлар авлоди ҳам шўро футболи анъаналари руҳида шаклланишганки, бу кишини ўйга толдиради. Таъкидлаш жоиз, умумий ҳолатдан рус футболининг янги авлод мураббийлари ҳам ташвишланишмоқда. Уларнинг айримлари Россия термаси ЖЧ-2018 гуруҳ босқичидан чиқолмаслигини баралла айтишмоқда ва бу қарашлар асосли эканлиги Станислав Черчесов шогирдлари ўйинлари мисолида ўз исботини топди неча бор. Мураббий изланмоқда, жамоа иштиёқ билан интилмоқда, аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Ҳаммаси сабаб - шўро футболидан мерос қолган эскича ёндашув.

Япония ва Жанубий Корея футболининг ютуғи - шўро футболи таъсирига тушмагани. Африка футболининг муваффақияти эса - бу таъсирдан тезда қутулгани. Мана, сал кечроқ бўлсада, араб футболи ҳам шу йўлни тутди. Дейлик, Ироқ футболида ҳаммаси яққол кўзга ташланди. Энди евроталабларга мувофиқ ишлашни бошлаган Вьетнам футболи ҳам дастлабки ютуқни қўлга киритди.

Муҳтарам мухлис! Гапни узоқ айлантирганимиз учун узр. Асосий муддао баёнидан аввал айни мулоҳазаларни айтиш зарурати туғилди. Бугун ЎФФ раҳбарияти еврофутболга интеграция ва ундан озиқланиш, таъсирланиш йўлидан бораётганини бош сабаби шу омиллар билан изоҳланади. Хуллас, футболимиз аста-секин эски қолипларни синдириб, тараққиёт бобида евростантарт мезонини танламоқда. Япониялик ёш футболчилар устидан кетма-кет икки марта қозонилган ғалаба шу ислоҳотлар йўлидаги дастлабки камтарона ютуқдир. Ўз ўрнида, Япония ёшлар термаси Таиланд ва Хитойда вакилларимизга қарши бир-биридан фарқли икки таркиб билан тўп сурганини алоҳида таъкидлашни истардик. Агар Япония термаси таркиби Таиланд турниридаги каби кўриниш олганида, балки масалага бу тахлит чуқур ёндашишга эҳтиёж қолмасди. «Аввал енгилган таркиб яна мағлубиятга учради», дея хотиржамликка бериларди кўпчилик. Футболимиздаги тараққиётнинг омадини қарангки, Япония томони таркибни янгилади ва вакилларимиз ўзларидан кичикроқ футболчилар билан куч синашишди. Ёш ўртасидаги фарқдан қатъий назар, футболимиз учун айни шу рақиб устидан қаторасига иккинчи марта ғалаба қозониш муҳим эди. Боксда кетма-кет берилган икки аниқ зарбанинг таъсири қанчалик сезиларли бўлса, футболда ҳам битта рақибни қисқа муддатда икки бора енгишнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Айниқса, анъанавий кучли рақибни шу зайл тор-мор қилиш ғолиб томон руҳиятини кескин кўтариб юборади. Ўзбекистон U-23 термаси шундай қутлуғ ишни амалга оширди. Кучли жамоанинг кучсиз рақибни йирик ҳисобда енгиш шарти - футболнинг ёзилмаган қонунларидан бири. Натижа аксинча тус олса, бундан кучли жамоа жиддий жабр тортади, яъни унинг руҳияти издан чиқади. Балки шунинг учундир АПЛнинг 24-турида «Челси» сафарда ўйнашига қарамай, «Брайтон»ни, «Арсенал» эса ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни йирик ҳисобда енгди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳам япониялик бўлажак олимпиячилардан устун эканликларини ҳис этган ҳолда, майдонга тушишди ва хайриятки, бу руҳий омил уларнинг ҳаракатларига салбий таъсир ўтказмади.

Энг муҳими, вакилларимиз футболимиз онгу шуурига сингиб кетган хавотир туйғусига қарши икки аниқ зарба йўллашди. Бу - тараққиёт сари талпинаётган футболимиз учун улкан руҳий далда. Энди ҳамма гап шу маромни ушлаб қолишда. Жанубий Корея ёшларига қарши кечадиган ярим финал учрашуви айни маънода ҳал қилувчи учинчи зарба вазифасини бажариши мумкин. О, учинчи зарба ҳам аниқ ва кучли чиқса борми?! Буни таърифлашга тил жоиз. Футболчиларимиз потенциал жиҳатдан бу ишни уддалашларига ишончимиз комил. Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, ҳаммаси мураббийлар штаби танлайдиган тактика ва берадиган кўрсатмаларга чамбарчас боғлиқ. 

Муҳаммад Вали

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:15, 24.01.2018.
Ўқилди: 3464 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.