Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, чемпионликка эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кеча тунда юртимизга қайтиб келишди.
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида чемпионларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов, мутасадди шахслар, Ёшлар Иттифоқи етакчилари, эстрадамиз юлдузлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва мухлислар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзолари ва мураббийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Сўнгра футболчилар ва мураббийлар штаби аъзоларига Президент совғалари - Chevrolet Malibu русумидаги автомобиллар топширилди.
Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси вакилларини чемпионлик билан табриклар экан, ҳақиқий ватанпарварларга хос бўлган матонатли ва шижоатли ўйин учун уларга миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзолари номидан эса Жавоҳир Сидиқов сўзга чиқиб, юксак эътибор учун ташаккур билдирди ва келгусида ҳам халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга сўз берди.
Эътиборингизга чемпионларни кутиб олиш ва тақдирлаш маросимидан тўлиқ видеолавҳаларни тақдим этамиз.
Репортажнинг 2-қисми