Бугун Осиёнинг 8та шаҳрида қитъа чемпионлар лигасининг янги мавсуми плей-офф баҳслари бўлиб ўтади. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бугун ўтказиладиган учрашувларнинг 2тасида Ўзбекистон клублари ҳам иштирок этишади.
Ўзбекистон вице-чемпиони – Қаршининг “Насаф” клуби ўз уйида Иорданиянинг “Ал Файсали” жамоасини қабул қилади. Яна бир жамоамиз – “Пахтакор” эса Қатарда “Ал Ғарафа” клуби меҳмони бўлади. Мазкур икки ўйинда ғолиб чиқадиган жамоалар 2018 йилги Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиш имконига эга бўлишади.
Таъкидлаш жоизки, “Насаф” ушбу рақиби билан олдин ҳам туқнаш келган. Ўшанда яна бир нуфузли мусобақа – ОФК кубоги-2011нинг нимчорак финалида йўллари кесишган жамоалар баҳсида амманликлар Қаршида 2:1 ҳисобида мағлуб этилганди. “Насаф” бу гал ҳам Иордания жамоасидан устун эканини исботлашга уриниб кўради.
Бугунги беллашувни қаршиликлар кўк рангли либосларда, меҳмонлар эса оқ-қора рангдаги либосларда ўтказишади. Учрашувни япониялик ФИФА ҳаками Хирюки Кимура бошқаради. Унга қанотларда ҳамюртлари Очи Шинжи ва Такаги Такумилар ёрдам беришади.
ОЧЛ-2018. Плей-офф учрашуви
“Насаф” (Узбекистон) – “Ал Файсали” (Иордания)
30.01.2018. Қарши ш., “Марказий” стадион. 16:00да
Бош ҳакам: Хирюки Кимура (Япония)
Қанот ҳакамлари: Очи Шинжи, Такаги Такуми (иккаласи ҳам Япониядан)
Захира ҳаками: Насрулло Кабиров (Тожикистон)
Назоратчи: Али Ҳамад Бадавий (БАА)
Учрашув комиссари: Доржи Минду (Бутан)
“Пахтакор” эса “Ал Ғарафа”га қарши ўйинда сариқ либосларда, мезбонлар бўлса оқ либосларда майдонга тушади. Ўйинда ироқлик ҳакамлар бригадаси ишлайди. Моҳаннад Қосим Иси Саррай мазкур учрашувда бош ҳакам сифатида ишлайдиган бўлди.
ОЧЛ-2018. Плей-офф учрашуви
“Ал Ғарафа” (Қатар) - “Пахтакор” (Ўзбекистон)
30.01.2018. Доҳа ш., 22:00да
Бош ҳакам: Моҳаннад Қосим Иси Саррай (Ироқ)
Қанот ҳакамлари: Муаяд Муҳаммад Али, Вазиқ Обайд Свайди (Ироқ)
Захира ҳаками: Заид Тамир Муҳаммад (Ироқ).
Назоратчи: Омар Муса Халаф Лум (Иордания).
Учрашув комиссари: Сивакумар (Сингапур).
Кеча бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманларида ҳар икки ўзбек клуби бош мураббийлари ҳам бугунги ўйинларда фақат ғалабага умид қилишаётганини таъкидлаб ўтишди:
- Ушбу ўйинни, мавсум бошидаги ўйин бўлганлиги учун ҳам финалга тенглаштирган бўлар эдим. Биз насиб этса гуруҳ босқичига чиқиш масаласини ҳал қиламиз. Буни жуда ҳоҳлаймиз. Ўйин куни ҳамма футбол ишқибозларининг эътибори бизга қаратилади. Бу биздан катта маъсулият талаб қилади. Бу маъсулиятни ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз. Янги футбол мавсумини ғалаба билан бошлаш иштиёқидамиз, - деди “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев.
- Бу бир беллашувдан иборат тўқнашувдир. Иккинчи имконият берилмайди. Мақсадимиз ғалаба қозониш ва бунга бор кучимиз билан интиламиз. Футболда ҳар қандай ҳолат содир бўлиши мумкин. Рақибимиз ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Бу биз учун мавсумдаги биринчи расмий учрашувга айланади. Баҳсга ҳозирлик кўриш учун тайёргарлик жараёнини ўтказдик. Расмий ўйинлар амалиёти борлиги "Ғарафа"га кичик устунлик берар, аммо биз мавсумни янги куч ҳамда ғалаба билан бошлаш йўлида боримизни берамиз, - дея фикр билдирди “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе.
Умид қиламизки, ҳар икки клубимиз ҳам бугун ўзбекистонлик футбол ишқибозларига ажойиб ғалабалар тақдим этишади.