Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Футболнинг фидойи файласуфи, тўп афсунгари – Роналдиньо

Баҳо:
+ | -

Афсус, минг афсуслар бўлсинким, инсоний фазилатлари билан тенги йўқ бўлган Роналдиньодек футбол файласуфига ўз фаолиятини фантастик тарзда якунлаш насиб этмади.

Аслида, бунданда кўпроғига муносиб футболчи эди. Моҳир ҳужумчи икки йил ишсиз қолиб, таклиф кутди. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, суюкли касби билан расман хайрлашишга мажбур бўлди.

Хайриятки, футболни ҳаётининг асл мазмуни деб билган афсунгар стадионларга ташриф буюрган ва телеэкранлар қаршисида ўтирган миллионлаб томошабинларни футбол хасталигига мубтало қилди.

Мураббий ва жамоадошларининг ўринли ҳамда ўринсиз танбеҳларини ҳам, рақибларининг кўполликларию, ҳакамларнинг жазоларини ҳам самимий табассум билан, худди мукофотдек қабул қиладиган беозор ва ёқимтой футболчини унутиб бўладими, ахир?!

Моддий манфаатлардан холи бўлган футболда Роналдиньони нафақат фантастик финт­лари ва афсунгар зарбалари, балки ўз касбининг ҳокисор фидойиси эканлиги учун севишади.

Ҳужумчи ҳаётидан олинган бир қатор воқеалар билан танишиб чиққач, биз шунга амин бўлдик. Ўйлаймизки, мақола сизга ҳам бразилиялик футбол афсонасининг янги фазилатларини кашф этишингизда ёрдам беради.

1. Аканинг намунаси

Футболга муҳаббат қўйишида акасининг ибрат бўлганлигини Рони жуда кўп марта таъкидлаган. Роберто Гаушунинг юксак техникаси ва тезлиги укасининг мурғак қалбини ром этганди. Кўпинча у ҳовлига укасини олиб чиқар ва тўпни ерга туширмасдан неча марта зарба беришини санаб туришни илтимос қиларди.

Машғулот соатларга чўзилиб кетарди. Афсуски, тиззасидан жароҳатланган Роберто ёшлар терма жамоасидан нарига ўтолмади. Шу боис бутун оила учун бошпана вазифасини ўтаган «Гремио» совға қилган уй унинг фаолиятидаги энг катта соврин бўлиб қолди. Рони саккиз ёшга чиққанида отаси юрак хуружи туфайли оламдан ўтди.

Рони уни бир кун бўлсада, унутмади: «Отам ҳаёт бўлганида қандай футболчи бўлиб етишганимни кўришини истардим». У доимо ўз дўстларига шундай дерди: «Оиламиздаги энг зўр футболчи Роберто, деб ўйлайсизми? Йўқ, Роналдиньо! Вақти келиб, у жаҳон чемпиони бўлади!».

2. Бир ўйинда 23та гол!

13 ёшида Ронини илк марта телевизор орқали кўрсатишди. Футзал беллашуви бошланиши арафасида саф тортган жамоадошлари орасида қўнғирсоч болакай мафтункор табассуми билан яққол ажралиб турарди. Асосий томоша ҳакам ҳуштаги янграши билан бошланди.

Рони ўз рақибларини осонлик билан доғда қолдирар, гоҳ тўпни уларнинг оёқлари орасидан, гоҳ бошлари устидан ошириб дарвозага интиларди. Эртасига матбуотда қайсидир болалар жамоаси бошқа бир жамоани 23:0 ҳисоби билан мағлуб этгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Майдондаги ўйинчилар сонидан икки баравар кўп бўлган бу голларни бир футболчи - Роналдиньо амалга оширганди! «Мен бутун дунё танийдиган футболчи бўлишни орзу қилардим. Доимо сон-саноқсиз мухлисларимга дастхат улашаётганим, фотокамераларнинг шиқирлаши кўз олдимда гавдаланарди.

Бир ўйинда 23та гол уришнинг энг гаштли жиҳати нима эканини биласизми? Мен битта ўйин билан машҳурликка эришдим», - деганди Рони кейинчалик.

3. Оғир дамларда дўстларга ёрдам бериш

Болакай футболга шунчалик берилиб кетдики, мактабда таҳсил олишга вақт тополмай қолди. Бунинг ўрнига пляж футболи ва футзал мусобақаларида мактаб шарафини ҳимоя қилди.

Учрашувлардан кейин тўппа-тўғри уйга йўл олар ва ҳовлида кучуги билан машқ қиларди: «Тўғри, кучугим техника бобида мақтана олмасди. Лекин чарчамаслик бобида мендан устун эди», - дея хотирлайди ҳужумчи.

Рони қисқа вақт ичида «Гремио»нинг етакчи ўйинчисига айланган бўлсада, маоши жамоадошлариникидан анча кам эди. Шунга қарамай, дўстлари учун ҳеч нарсасини аямасди.

Бир куни жамоадошининг қарзга ботиб қолганидан хабар топган Рони йиғиб юрган маблағини унга сарфлаганди. «ПСЖ» сафидан жой олиш, терма жамоа билан ЖЧ-2002да шоҳсупага кўтарилиш ва Париж грандининг энг яхши ўйинчиси унвонига сазовор бўлиш орқали Роналдиньо келажаги порлоқ иқтидор соҳиби мақомидан чинакам профессионал даражасига кўтарилди.

4. «МЮ»га ўтиши мумкин эди

Ронининг сахий қалб соҳиби эканлиги у юлдуз мақомига эга бўлганидан кейин маълум бўлди. «ПСЖ» таркибидаги сўнгги беллашув якунига етгач, ҳужумчи трибунада ногиронлар аравачасида ўтирган мухлис олдига келди ва футболкасини унга совға қилди.

Ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган бу видеолавҳа ҳамон YouTube хазинасини безаб турибди. Қизиғи шундаки, бир пайтлари Рони Париждан Каталонияга эмас, Манчестерга йўл олиши ҳам мумкин эди. Фергюсон вакиллари музокара учун Франция пойтахтига етиб келишганди.

Бироқ сўнгги лаҳзаларда «Барселона»дан келган таклиф масалага узи-кесил нуқта қўйди: «Ўшанда «МЮ» ўз сафига қўшиб олишга яқин турганди. Менга Сандро Росель қўнғироққилгач, шубҳага ўрин қолмади. Мен «Барса»даги буюк «Р»лар сулоласини давом эттиришга аҳд қилдим, тушуняпсизми? Роналдо, Ривалдо ва Ромариодан кейин Роналдиньо!».

6. Муҳими - ўйин

Роналдиньо яшил майдонда бошқалардан ажралиб турарди. Гап унинг тасаввурга сиғиши қийин бўлган фантастик финтлари ёки мафтункор табассумида эмас.

У футболга шунчалик ошиқи-беқарор эдики, тўп билан ўзидан бўлак бошқа нарсани тамоман ўйламасди. Атрофида юз бераётган воқеаларнинг унга дахли йўқ эди, гўё. Ҳатто ҳакам футболчилар ўртасидаги қоида бузишларни муҳокама қилаётган ва уларни карточкалар билан жазолаётган лаҳзаларда ҳам Рони тўп билан турли трюкларни намойиш этиб, мухлисларни хушнуд этарди.

Мана, бир мисол, майдон четидаги болакайлардан бири майдонга икки тўпни улоқтирди. Кўпчилик футболчилар бундай пайтда тўпни аутга тепиб юборадилар. Рони эса аксинча, тўп йўллаган болакайга самимий табассум совға қилди. Тўпни чап оёғи билан ердан кўтарди, ўнг оёғи билан илиб олиб, бир-иккита финт намойиш этди.

Кейин товонининг орқа томони билан болакай томон йўллади. Бир неча сониялик ана шу томошада унинг футболга ва мухлисларга бўлган чексиз муҳаббати тўла-тўкис намоён бўлганди. Ҳатто ўйиндан четлатишдек олий жазони ҳам Рони табассум билан қабул қиларди.

АҚШдаги тижорат турнири доирасида бўлиб ўтган «Интер»-«Милан» қарама-қаршилигида америкалик рефери унга қизил карточка кўрсатди. Ҳакамнинг ноҳақлиги яққол кўриниб турган бўлсада, ҳужумчи чурқ этмаганди.

«Агарда 4-5 соат давомида тўп сурсангиз, ҳадеб гол уравериш жонингизга тегади. Мен тўпни шундоққина дарвозага йўллаш мумкин бўлган вазиятларда ҳам аввал рақибни алдаб, кейин гол урардим», - дейди ҳужумчи.

7. Месси билан дўстлиги

Ронининг таъкидлашича, «Барселона» асосий таркиб ўйинчиларининг қатъий талаби билан Франк Райкаард Мессини ўринбосарлар таркибидан чақиришга мажбур бўлган.

Леонинг ўзи воқеани шундай хотирлайди: «Ечиниш хонасида «Барселона-В»нинг аъзолари алоҳида ўтиришарди. Бир куни Роналдиньо ёнимга келиб, унинг ёнидаги шкафни эгаллашимни айтди. Бу мен учун катта шараф эди». Шундан кейин Рони аргентиналик касбдошини қўллай бошлади.

Майдонда доимо тўпни узатиш учун Мессини қидирар, голни биргаликда нишонларди. «Барса» либосидаги илк голини Лео айнан Ронининг самарали узатмаси эвазига амалга оширганди. «Милан»га отланган бразилиялик афсунгар ўзининг «10» рақамини Мессига қолдирди.

8. «Бернабеу»даги олқишлар

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:46, 05.02.2018.
Ўқилди: 8357 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.