Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ҳеч кимга керак бўлмаган чемпионлар

Баҳо:
+1 | -

Кеча 4 феврал куни Самарқанд шаҳридаги «Сўғдиёна» футзал спорт мажмуасида маҳаллий «Шердор» футбол жамоаси билан заиф эшитувчилар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлиб келган терма жамоа ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Бу терма жамоани Самарқандга таклиф қилиш режаси «Шердор» жамоаси бошлиғи О.Саттаров ва жамоа бош мураббийи Б.Сатторовлардан чиққан экан. Улар шу ўртоқлик ўйини сабаб ушбу терма жамоани имконлари даражасида рағбатлантириш ва ушбу терма жамоага бошқаларнинг эътиборини тортишни ният қилишган экан.

Икки жамоа ўртасидаги ўйинни томоша қилар эканман бу терма жамоа ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида Таиланд давлатида бўлиб ўтган заиф эшитувчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бежизга ғолиб чиқмаганини билдим. Болалар ҳақиқатдан кучли ўйнашар экан. Айниқса ҳужумчи Ж.Қаршиев ва дарвозабон А.Шокиржоновлар жудаям маҳоратли эканлар. Шу учун ҳам жаҳон чемпионатида Қаршиев энг яхши тўпурар совринини, А.Бобожонов эса энг яхши дарвозабон совринини қўлга киритишган экан. Жамоада умумий ҳисобда 18 нафар бола бор. Улар турли вилоятлардан йиғилишган экан.

Ўйин 1:2 ҳисобида терма жамоа ғалабаси билан тугади. Ўйиндан сўнг ушбу тадбирда қатнашган Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Раҳматуллаев, Самарқанд вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, Самарқанд вилояти ногиронлар жамияти Д.Пардаев, Самарқанд вилоят спорт фахрийлари Х.Рафиевлар ҳар иккала жамоага келгуси фаолиятларида омадлар тилаб футболчиларга ўз совғаларини топширишди. Шунингдек Тошкентдан, «Орият Доно» радиосининг «Майдон маркази» эшиттириши бошловчилари Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновлар ҳам тадбирга ташриф буюриб, футболчиларни табриклашди.

Ўйинни томоша қилишга борар эканман бу терма жамоанинг бунчалик маҳорат билан тўп суришини ҳам, спорт мажмуасини футбол мухлислари билан тўлиб жой етмай қолишини ҳам кутмаган эдим. Ташкилотчилар тадбирни аъло даражада ташкиллаштиришди. Тадбир хам, футбол ўйини ҳам ажойиб тарзда бўлиб ўтди. Ўйинчилар майдонда бор маҳоратларини кўрсатиб жон-жаҳдлари билан ўйнашди.

Ўйиндан сўнг терма жамоа бошлиғи Элёр Мухторов билан гаплашар эканман, унинг жамоаси ҳақидаги гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Унинг айтишича улар жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиб қайтганларида уларни биронта ташкилот чиқиб кутиб олмабди. Аэропортга фақатгина болаларнинг ота-оналари чиқишибди холос. Бундан ташқари улар қайтганларидан кейин бир неча неча кун ўтиб ҳам уларга ҳеч қайси ташкилот эътибор бермаган. Рағбатлантириш, мукофот бериш хақида эса умуман гап бўлмаган.

— Ўшанда болаларнинг ҳам, уларнинг ота оналарининг ҳам кўзларига қарай олмадик. Охири бир неча кун кутганимизга қарамай ҳеч ким эътибор бермагандан кейин ота-оналар порталга ёзишди. Биз эса ЎФФ (ҳозирги ЎФА)га мурожат қилдик. Яна натижа бўлмади. Охири футболчилар номидан биз ҳам порталга ёзишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг 15 декабарга келиб ЎФФ тор доирада тақдирлаш маросими ўтказди ва болаларнинг ҳар бирига 2 миллион сўмдан пул ва эсталик совғалари беришди, дейди Мухторов.

— 2 миллион пул болаларнинг Таиландга бориб келишига сарфлаган пулларини ҳам қопламайди-ку, — дейман Мухторовга.

— Сўраманг, очиғи ўзимиз ҳам буни кутмаган эдик. Олимпия ва параолимпия ўйинларида ғалаба қозонган спортчилар катта-катта мукофотлар билан тақдирланишди. Мана яқинда 23 ёшгача бўлган терма жамоамиз ғолиб бўлиб қайтганда уларни тақдирланганларини ҳаммамиз кўрдик. Президентимиз томонидан «Малибу» автомашиналари берилди. Яна камига уларнинг айримларига қайсидир вилоят ҳокимлари яна автомашиналар совға қилишди. Умуман олганда соғлом спортчиларнинг ғалабалари учун ҳеч нарсани аяшмаяпти, беришаяпти. Биз ногиронларга келганда ҳамма жим. На ЎФФ тан олади ва бошқаси. Биз хозирча аросатда юргандай ҳеч кимга кераксиз ҳолда юрибмиз. Йўқ, биз автомашина ҳақида ўйлаганимиз ҳам йўқ. Майли ЎФФ дагилар айтгандай биз ғолиб чиққан мусобақа ФИФА ва ОФК тасарруфида ўтказилмагандир. Аммо нима бўлганда хам биз юртимиз байроғини баланд кўтариб ёруғ юз билан қайтдик-ку. Наҳотки ҳисобида нечадир миллард маблағи бўлган ЎФФ бизни тузукроқ рағбатлантира олмаса. Шуғулланиб туришимиз учун битта спорт залини эплаб бера олмаса.

Ишонсангиз яқинда Франциядан бир турнирга таклиф этишди. Буни бир нечта ташкилотга билдирдик. Аммо уларнинг ҳеч биридан садо чиқмади. Шундан сўнг маблағ муаммоси туфайли бора олмадик. Ва таклифга рад жавобини бердик. Биз кўп нарса талаб қилмаяпмиз. Озгина эътибор беришса бўлди эди. Аммо ўша эътибор ҳозирча ҳеч кимда топилмаяпти.

Э.Мухторовнинг гапларини эшитар эканман бироз олдин ўйин давомида эътибор берганим бир ҳолат кўз ўнгимдан кетмас эди. Ўйинчилардан бирининг оёғидаги оёқ кийими оддий ва эски эди. Менга айтишларича ўша бола жаҳон чемпионатида хам шу эски оёқ кийими билан майдонда тўп тепган.

Очиғи бу тадбирга борар эканман бу терма жамоа хақида мақола ёзиш хаёлимда умуман йўқ эди. «Сайтга уч-тўртта расм ва кичик бир хабар ёзиб бераман, бўлди» деб ўйлаган эдим. Аммо бу терма жамоанинг ўйинини кўриб, ўйиндан кейин жамоа бошлиғининг гапларини эшитиб бу терма жамоа ҳақида шунчаки кичик бир хабар бериш билан чекланиб қолиб бўлмаслигини, уларнинг муаммоларини иложи борича кенгроқ ёритиш кераклигини тушундим.

Э.Мухторовнинг гапларини эшитиб шу хулосага келдимки бу жамоанинг ютуғи муносиб баҳоланмабди. Жамоанинг ютуғини мамлакатимиз ОАВ да кенг ёритиш керак эди деб ўйлайман. Ҳалиям кеч эмас. Чунки, ҳаммамиз кўриб турибмиз жамиятимизда энг қийналаётган қатлам бу турли ногиронлардир. Энди ана шу терма жамоанинг ютуқларини тарғиб қилиб, уларни муносиб тақдирлаб, оммалаштириб бошқа турли ногиронлар ўртасида спортни оммалаштирсак мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Наҳотки шу терма жамоага бироз маблағ ва эътибор бериш ҳеч қайси ташкилотда топилмаса?

Яна Э.Мухторовнинг айтишича, заиф эшитувчи болалар ўртасида бу болалардан ташқари яна кўплаб футболни қойиллатиб ўйнайдиган иқтидорли болалар бор. Маблағ ва имконият йўқлиги учун уларни бир жойга йиғиб шуғуллантиришни имкони бўлмаяпти.

— Агар, дейди у, — бизда ҳам бошқа кўпгина давлатлардагидай алоҳида футбол бўйича сурдофедерация очилганда эди, ҳатто ҳар бир бир вилоятдан биттадан жамоа тузиб йилда бир икки марта йиғилиб заиф эшитувчилар ўртасида мамлакат чемпионати ва кубоги мусобақаларини ҳам бемалол ўтказсак бўлар эди. Аммо ҳозирги ҳолатда сурдофедерация тузилиши уёқда турсин, жаҳон чемпиони бўлиб келган болаларни терма жамоа сифатида сақлаб қолишни ўзи муаммо бўлиб қолмоқда.

Э.Мухторов билан анча суҳбатлашдик. Агар мутасадди ташкилотлар эътибор берамиз, оталиққа оламиз дейишса уларнинг муаммоси кўп хам эмас, катта ҳам эмас. Гап чет элларда кимларнидир кўзига кичик ва арзимас бўлиб кўринаётган мусобақада ғолиб чиқиб, юрт байроғини баланд кўтариб қайтган ногиронлар ҳақида кетаяпти. Соғломлар эплай олмаган ишни шулар уддалашибдими, демак булар икки ҳисса эътиборга ва рағбатлантиришга лойиқдирлар.

Манба: xabar.uz
Киритилди: 09:34, 06.02.2018.
Ўқилди: 11716 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.