Ўзбекистон миллий терма жамоаси 23 март куни Сенегалга қарши, 27 март куни эса Марокашга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади.
Бош жамоамиз мураббийлар штаби мазкур ўйинларга “Локомотив” жамоасидан 8 нафар футболчини жалб этган. Мусобақа ўтказиш Регламентида белгиланганидек, клубнинг уч ва ундан ортиқ футболчилари терма жамоаларга чақирилган тақдирда чемпионат учрашувини бошқа муддатга кўчириш имкониятига эга эканлигидан келиб чиқиб, "Локомотив" ПФК ПФЛга 4-тур доирасидан ўрин олган АГМК - "Локомотив" учрашувини қолдириш бўйича мурожаат қилди.
Мазкур ўйин тақвим бўйича 29 март куни Олмалиқда ўтказилиши лозим эди. Бироқ "Локомотив" жамоасининг бир қатор асосий футболчилари терма жамоа сафида 27 март куни майдонга тушиши боисдан 2 кун ўтиб АГМК билан ўйинда "Локомотив" тўлиқ асосий таркибини майдонга тушира олиш имконияти кам эканини ва "темирйўлчилар" 3 апрель санасида ОЧЛ гуруҳ бахсларида сафарда ўйнашини инобатга олган ҳолда ПФЛ ушбу учрашувни қолдиришга розилик билдирди.
Тақвим жуда тиғиз экани ва ўйинларнинг яқин саналар ичида ўтказилаётгани сабабдан ПФЛ ушбу қолдирилган ўйиннинг ўтказилиш муддатини чуқур таҳлил этиб, кейин ўйин санасига аниқлик киритадиган бўлди.
Шу ўринда юртимиздаги баъзи ОАВлар мазкур ҳолатни нотўғри талқин қилиб, мухлислар ўртасида турли тушунмовчиликларни юзага келтираётганини таъкидлаб ўтиш керак. Футболимизда ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда юртимиздаги ОАВ ходимларини бир мақсад – футбол ривожи йўлида бирлашишга ва бу борада ўз куч ва имкониятларини ислоҳотларга ҳисса қўшишга сарфлашга чақириб қолган бўлардик.