Кириш Регистрация

Мундиал ғолиблигига даъвогарлар. Топ-10

Баҳо:
+ | -

Навбатдаги жаҳон чемпионатига ҳам тобора кам вақт қолмоқда. Терма жамоалар юзага келган ФИФА кунларидан фойдаланиб, ўз ўйинларини маромига етказишга ҳаракат қилишмоқда. Биз эса Россияда ўтадиган турнирда ғолибликка даъвогар жамоалар ҳақида фикр юритиб кўрамиз. Даъвогар терма жамоаларни рейтинг шаклида эътиборингизга ҳавола қиламиз. Демак, бошладик.

10-ўрин. РОССИЯ

Авваламбор, бу рейтингни мезбонлар бошлаб беришади. Тўғри, жамоа охирги йилларда ишончсиз ўйинлар кўрсатмоқда. Катта турнирлардаги омадсизликлар гирдобига тушиб қолгандай, гўё. Лекин бу мундиал кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Чунки руслар ўз уйида ўйнашади. Айтишадику: “Ўз уйинда деворлар ҳам ёрдам беради”, — деб. Бу турнирда Россия сўзсиз “Қора тулпор” мақомида иштирок этса ажаб эмас.

9-ўрин. ХОРВАТИЯ


Сўнгги йиларда бу жамоа катта турнирларда доим кучли таркиб билан қатнашмоқда, аммо, лекин, афсус, натижа йўқ. Лекин бу мундиал жамоа суперюлдузларининг аксарияти учун охиргиси бўлса ажабмас (Модрич, Манжукич, Ракитич, Срна, Перишич...). Улар ўзларига яқин бўлган рус майдонларида узоқроққа боришлари кутилмоқда. Хорватлар анча жипслашган футбол намойиш этишмоқда. Саралаш босқичида ҳам тартибли футбол намойиш этишди. Бир сўз билан айтганда хорватларда чемпион бўлиш учур имконият бор.

8-ўрин. БЕЛЬГИЯ



Бельгияликлар ўзларининг ақлбовар қилмас таркиби билан ҳатто Бразилия билан ҳам тенглаша оладилар, десак муболага бўлмас. Чунки таркибдаги ўйинчилар рўйхатига қарасак (Куртуа, Де Брюйне, Мертенс, Азар, Лукаку...) ҳайрон қоласиз. Дарров хаёлингизга ўз-ўзидан бир гап келади: наҳот шу таркиб чемпионликка лойиқ бўлмаса? Лойиқ, лекин Бельгия шу йиллар ичида мураббийдан ёлчимади. Кетма-кет турнирлар мураббийлар хатоси билан бой берилди. Энди эса анчагина тажрибага эга бўлган Роберто Мартинес бу супертаркибни хақиқий супержамоага айлантриши керак. Мартинез агар жамовий ўйинни йўлга қўя олса, бу жамоани тўхтатиб қолиш жудаям қийин бўлади.

7-ўрин. ПОРТУГАЛИЯ



Амалдаги Европа чемпионлари бу ўнлигимиздан жой олишмаса, мухлислар ҳайрон бўлишган бўлар эди. Сантуш шогирдлари ЕВРОда ғалаба қозонгач, сўзсиз Мундиалда катта ютуқларга ҳарис бўлиб туришибди. Жамоани етаклаб юриш вазифаси аниқ Криштианунинг зиммасида. Португулларнинг ҳам ҳозирда ЖЧ ғолиблигига имкониятлари чакки эмас. Фақат ўз кучига ишониш керак холос. Роналду кейинги мундиалгача қандай ахволда бўлиши унинг ўзига ҳам аён эмас. Шу сабаб у ўзининг сўнгги мундиалида борини беришига шубҳамиз йўқ. Боз устига, 2018 йилги “Олтин тўп” соврини тақдирини, катта эҳтимол билан, мазкур Мундиал ҳал қилади.

6-ўрин. ИСПАНИЯ



Яқиндагина футболда инқилоб қилган Испания ютиш мумкин бўлган жамики турнирда ғалаба қозониб улгурди. Сўнг уларда кескин пасайиш кузатилди. Сўнгги мундиалда гурухдан ҳам чиқа олишмади. Лекин ҳозирги Испания ёшларга таянган, тажрибали футболчилар билан кучайтирилган янги жамоа билан Мундиалда қатнашади. Бу жамоадан ҳамма нарса кутса бўлади. Лопатеги яхши шаклланган жамоани мундиалга тайёрламоқда. Уларнинг рақибларига осон бўлмаса керак.

5-ўрин. АНГЛИЯ



Тўп ўнлигимизнинг экваторида Англия терма жамоаси. Инглизлар ҳамма қатнашган турнирларида доим фоварид бўлишган. Лекин хеч ҳам жиддий ютуқларга эриша олишмаган (яқин 50 йил ичида). Бунинг сабабини кимдир кучли ва тиғиз ички чемпионат билан асосласа, яна кимдир бу жамоанинг психологиясига боғлайди. Ҳа, инглизлар энди бу анъанага чек қўйиш имконига эгалар.

Биласизми, сўнгги йилларда бир анъана кузатилмоқда: Хосеп Гвардиола “Барса”да ишлаганида испанлар Мундиалда ғолиб чиқишди, унинг ўйин услуби таъсири кўрсатганди ўшанда. Сўнг Гвардиола “Бавария”га келгач, “немис машинаси” унинг фалсафаси билан мундиалда бош совринга эга чиқди. Энди навбат Англияга келгандир балки?! Бу қизиқ маълумот холос. Агар инглизлар “Манчестер Сити” ўйин фалсафасидан фойдаланишса, менимча, узоқ кутилган натижага эришиш имкони бор.

4-ўрин. АРГЕНТИНА



Ўтган мундиал финалчилари бу рейтингда кучли учликка ҳам кира олишмади. Бунга уларнинг саралаш босқичидаги ишончсиз ўйини сабаб. Аргентина сал қолса, мундиални уйида томоша қилиши мумкин эди. Хайриятки, Месси бир аммалаб, жамоани қулоғидан тортиб бўлса ҳам мундиал поездига чиқариб олди. Энди буёғига ишлар қандай кетишини ҳеч ким олдиндан тахмин ҳам қила олмайди. Лекин “Супермен” Месси учун бу тарихга кириш учун энг қулай имконият. Чунки кейинг мундиалда у ҳозиргидек жанговар формада бўладими, йўқми?

3-ўрин. ГЕРМАНИЯ



Ҳа, “немис машинаси” мундиалнинг амалдаги чемпионлари ҳисобланишади. Уларда авлодлар алмашинуви кечмоқда. Жамоа ёшартирилмоқда десак тўғрироқ бўлса керак . Янги авлод ўйинчилари ҳам ҳозирча чакки кўринишмаяпти (Юлиан Вайгл, Киммих, Вернер, Сане...). Немислар доим ўзлари иштирок этган турнирларда қандай таркибда бўлишидан қатъи назар доим фаворит ҳисобланишади. Бунга ҳамма кўникиб қолган. Бу топ ўнликда уларнинг 3-ўринга тушиб қолишларининг асосий сабаби ЕВРОдаги бироз бўшроқ ўйин десак бўлади. Лекин мундиал бошқа турнир. Шу сабабдан янгиланган немис машинасидан шиддатли футбол кутиб қоламиз.

2-ўрин. ФРАНЦИЯ



Французлар бу рейтингнинг биринчи ўринида бўлиш учун ўзларидан олдинги жамоага фақат битта жабҳада имкониятни бой беришди. Бу ҳақида бироз кейинроқ…
Французлар ЕВРОдаги кумуш медалидан сўнг ҳозир анчайин катта ғалабага чанқоқлар. Таркиб деярли жаҳон терма жамоаси. Бу Мундиалда французларда ё Мбаппе, ёки Дембеленинг порлаши кутилмоқда. Ҳозирги таркибдан тушиб қолган футболчилар билан қўрқмасдан яна битта асосийсидан қолишмайдиган таркиб тузса бўлади. Энди кўп нарса Дешамга боғлиқ. Дешам мураббий сифатида жуда кўп финаларда ўйнаб, уларни бой берган. Сўзимиз бошида айтилган камчилик ҳам — шу. Дешам ўзининг шу анаъанасига чек қўйиши керак. Французлар бу мундиалга яқин ўн йилликдаги энг кучли таркиб билан кетишмоқда. Уларда чемпионлик учун яхшигина имконият бор.

1-ўрин. БРАЗИЛИЯ



Ҳа, пентакампеонлар бу рейтинги бошқариб турушибди. Бежиз, улар бу ўринга кўтарилишмади. Аввалига Олимпиадада узоқ кутилган олтин медалар, сўнг саралашдаги жуда ҳам ишончли ғалабалар, энг муҳими эса, Бразилия яна ҳужумкор ўйин услубига қайтиб ўйнамоқда. Сколари даврида Бразилия битта ҳужумчига (Фред) таяниб ўйнаганди. Сколарининг Бразилияси бироз ҳадиксираган, эхтиёткор эди. Титенинг Бразилияси ҳақиқий томошабоп, ҳужумкор футбол намойиш этмоқда. Бу ҳужумкор жамоанинг “маэстроси” — Неймарнинг мундиалдаги ўйини унга узоқ кутилган “Олтин тўп”га эга чиқиш имконини беради. Ҳамма бразилиялик афсоналар мундиалда зафар қучишни уддалашган (Пеле, Ромарио, Роналдо, Ривалдо). Навбат Неймарга. Пентакампеонлар Россиядаги мундиалга жароҳатларсиз етиб бориб, ўз ўйинларини кўрсатишса, сўзсиз тарих зарварақаларида янги саҳифа очиш учун қулай имкониятга эгалар. Бразилия футболчилари аввалгидак футболдан роҳат олиш учун майдонга тушишса бўлгани. Уларни тўхтатиш қийин бўлади.

“Чарм тўп афсунгарлари”га ва бошқа жамоаларга мундиалда омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Хулоса
Яна қайтарамиз, бу бизнинг тахмин, холос, кимдир Германиянинг, яна кимдур Аргентинани 1-ўринга қўйган бўларди. Буниси энди иккинчи масала. Энг муҳими, жамоалар бизга бир ой мобайнида чиройли, шоу даражасидаги ўйинларни тақдим этишса бўлгани. Тезроқ келақол, биз сени соғиндик, МУНДИАЛ!

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 07:03, 23.03.2018.
Ўқилди: 10112 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.