Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунлари муносабати билан Африка қитъасида ўқув-машғулот йиғини ва унинг доирасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Марокашнинг Касабланка шаҳрида ўтган ўйинларда Темур Кападзе ва Миржалол Қосимов шогирдларига ЖЧ-2018 иштирокчилари ҳисобланган Сенегал ва Марокаш терма жамоалари рақиблик қилди.
Бу ўйинларда дуранг ва мағлубият қайд этдик. Умуман олганда, бу натижалар кишида салбий таассурот қолдирмаслиги мумкин.
Лекин африкаликларнинг иккинчи таркиб билан майдонга тушишганини инобатга олсак, ижобий натижага умид бор эди, айниқса, Сенегалга қарши кечган учрашувда. Ўша баҳсда Али Сиссе асосий таркибнинг 10 нафар футболчиси хизматидан фойдаланмади. Бу тўлақонли битта таркиб дегани. Садио Мане бошчилигидаги юлдузлар биздан кейин Босния ва Герцеговина терма жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда ҳаракат қилишди. Тўғри, болқонликлар таркибида ҳам Эдин Жекодек юлдуз бор эди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу икки ўйин ва қолаверса, кейинроқ Эрон, Уругвайга қарши ўтказиладиган учрашувлар миллий терма жамоамиз фойдасига хизмат қилади. Биринчи галда ўйинлар ФИФА кунларида расмий мақомда ўтказиляпти. Иккинчидан, рақибларнинг бари ЖЧ-2018 иштирокчилари. Учинчидан, кенг футбол жамоатчилиги биз ҳақимизда янада кўпроқ маълумотга эга бўлади. Бир томондан, Сенегал, Марокаш ва Уругвай терма жамоаларида Осиё жамоалари билан ўйнаш учун эҳтиёж бор эди. Боиси, улар жойлашган гуруҳда «сариқ қитъа» термалари бўлиб, боз устига, биз улар билан ўйнагандик. Шу сабабли Марокаш ҳам, Сенегал ҳам жамоамиз билан ўйнашга рози бўлди. Қолаверса, олис Африкага биз бордик. Уларнинг келмаслиги икки юз фоиз аниқ эди. Майли, ҳозирча сафарга бориб турайлик. Ҳали шундай кунлар келсинки, кучли рақибларнинг ўзлари «Сизлар билан Тошкентда ўйнашга ҳам тайёрмиз», деган фикрларни айтишсин. Ҳар ҳолда, шу кунлар тезроқ келишига умид қилиб қоламиз.
Ўзбекистон - Марокаш учрашуви олдидан африкаликлар устози Эрве Ренар бўлажак ўйин ҳақида фикр билдирар экан, таркибдаги барча футболчиларга имконият беришини айтиб ўтди.
«Биз қисқа фурсатда иккита учрашув ўтказяпмиз. Шу сабабли ҳам ихтиёримда бўлиб турган барча футболчиларга имконият бермоқчиман. Уларнинг ҳар бири майдонга тушишга ҳақли. Ҳозирча Ўзбекистонга қарши кечадиган ўйинга танланадиган таркиб борасида аниқ фикр билдира олмайман. Лекин бугун Ўзбекистон билан бўлиб ўтадиган учрашувда Сербияга қарши ўйинда захирада ўтирган футболчиларнинг хизматидан кўпроқ фойдаланаман», - деди Марокаш термаси устози.
Ренар жаноблари учрашувдан олдин фикрига содиқ қолди ва бизга қарши баҳсда деярли иккинчи таркиб футболчилари майдонга туширилди. Лекин захирадан ҳам асосий таркиб футболчилари ўйинга қўшилишди. Буни ҳам алоҳида айтиш керак. Дарвоқе, Мадриднинг «Реал» клуби аъзоси ҳисобланган Ашраф Ҳакимининг машғулот чоғида жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди. Ҳатто терма жамоа шифокори Абдулраззоқ Ҳифти унинг Мадридга жўнаб кетганлигини ҳам айтганди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади ва истеъдодли ҳимоячи бошланғич таркибда майдонга туширилди. Ашраф Сербияга қарши ўртоқлик учрашувида қатнашмаганди. Шунингдек, Эрве Ренар Голландиянинг «Аякс» клуби аъзоси ҳисобланган Ҳаким Зиешга имконият берди. Ўйиннинг 72-дақиқасида Ясин Баммоуни алмаштирган бу футболчи Сербия билан ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоасига қарши кечган учрашувда Франциянинг турли ёш тоифаларидаги термаларида ўйнаган, ҳозирда Германиянинг «Шальке-04» клуби шарафини ҳимоя қилаётган 20 ёшли Амин Харит, охирги Африка Миллатлар кубогида порлаган Айюб ал Кааби каби футболчилар асосий таркибда майдонга тушишди. Кааби ҳатто гол урди ҳам. Бу икки футболчи 24 март куни Сербия билан бўлган ўйинни захира ўриндиғидан томоша қилишганди.
Ўз ўрнида Темур Кападзе ва Миржалол Қосимов ҳам мазкур баҳсга иккинчи таркибни туширишди. Сенегал билан ўйинда ҳаракат қилган айрим етакчи футболчиларимизга дам берилди. Дарвозамизни Элдор Суюнов қўриқлади. Сенегал билан учрашувда ушбу вазифани Игнатий Нестеров бажарганди. Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов эса бу сафар захирада қолдирилди. Марказий ҳимоячилар Ислом Тўхтахўжаев ва Анзур Исмоилов, қанот ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов ҳам майдонга туширилмади. Уларнинг ўрнини Шуҳрат Муҳаммадиев, Шерзод Аъзамов, Рустам Ашурматов, Жавоҳир Сиддиқов, Жасур Яхшибоев сингари футболчилар эгаллашди.
Энди бевосита ўйиннинг ўзига қисқача тўхталиб ўтамиз. Марокаш - Ўзбекистон учрашуви белгиланган вақтдан бир соат олдин бошланди. Шу кунга қадар мазкур баҳс бизнинг вақт билан соат 01:00да бошланиши ҳақида хабар берилганди. Бироқ ушбу ўйин Тошкент вақти билан соат 23:55да бошланди. Бунга Европанинг ёзги вақтга ўтгани сабаб бўлди. Тошкент ва Касабланка шаҳарлари ўртасидаги вақт тафовути беш соатга етди. Европа вақтига ўтишдан олдин бу фарқ тўрт соатни ташкил қиларди.
Ўйиннинг 3-дақиқасида Амин Харитнинг кучли зарбасини Элдор Суюнов қайтарди. Дарвозабондан қайтган тўп яна жарима майдонига узатилди, бу ерда эса Аюб ал Кааби осонгина ҳисобни очди - 1:0. Учрашувнинг 18-дақиқасида Жалолиддин Машарипов жарима тўпини амалга оширди. Бу вазиятда дарвозабон тўп йўлига ғов бўлди. Мезбонлар бўлим давомида тўп назоратини ўз қўлларида ушлаб туришди. Бу эса уларнинг минимал устунлигини таъминлади. Баҳснинг 42-дақиқасида Файсал Фажрнинг жаримадан йўллаган зарбаси анча хавфли чиқди. 43-дақиқада ҳисоб ўзгарди. Бурчакдан узатилган тўпни Маруан Да Коста боши билан дарвозага жойлаб қўйди - 2:0. Учрашувнинг 85-дақиқасида Темурхўжа Абдухолиқовнинг кучли зарбасидан сўнг тўп ҳимоячига тегиб, майдонни тарк этди. Ўйиннинг асосий вақти якунланишига икки дақиқа қолган бир пайтда ҳисобни қисқартиришимиз мумкин эди. Лекин жарима майдончаси ичида сўнгги зарбани берадиган футболчимиз топилмади.
Шу тариқа, ўйин Марокаш миллий жамоасининг ишончли ғалабаси билан якунланди. Энди улар ЖЧ-2018 бошлангунига қадар Словакия ва Эстония термаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказишади. Биз эса Эрон ва Уругвай билан ўйнаймиз.
Маълумот учун, Марокаш термаси Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг «B» гуруҳида Португалия, Испания ва Эрон жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
27 март (сешанба)
МАРОКАШ - ЎЗБЕКИСТОН 2:0 (2:0)
Голлар: Аюб ал Кааби (3), Маруан Да Коста (43).
Марокаш: Мунир ал Кажоуи (Аҳмад Тагнаоути, 46), Ал Ҳажам Волид (Салоҳиддин Эссаиди, 82), Да Коста Маруан, Саисс Ганем (Наҳири Муҳаммад, 63), Ашраф Ҳакими, Софьян Амрабат, Файсал Фажр, Амин Харит, Ясин Баммоу (Ҳаким Зиеш, 72), Аюб ал Кааби (Волид Азару, 62), Закария Лабяд (Софьян Буфаль, 46).
Ўзбекистон: Элдорбек Суюнов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Шерзод Аъзамов, Рустам Ашурматов, Олег Зотеев (Акром Комилов, 74), Фозил Мусаев (Одилжон Ҳамробеков, 45), Жавоҳир Сиддиқов (Элдор Шомуродов, 83), Икром Алибоев (Отабек Шукуров, 68), Сардор Рашидов (Жасур Яхшибоев, 56), Жалолиддин Машарипов, Марат Бикмаев (Темурхўжа Абдухолиқов, 56).
Огоҳлантиришлар: Икром Алибоев (42), Рустам Ашурматов (71).