Мағрур Златан Ибрагимовичга яна бир бора тасанно! Яқиндагина «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафига қўшилган ва ўзини оч шерга қиёслаган швед ҳужумчиси жамоа сафидаги илк ўйинидаёқ ажиб гол уриб, бежиз шундай демаганини амалда исботлади.
Умуман, новча футболчи MLSдаги машҳурларнинг каттагина гуруҳини тўлдирди. Мана, қуйидаги фотожамланма айни пайт тобора ривожланиб бораётган лигада қандай юлдузлар тўп суришаётганига оддий далил.
Қаранг, топ-8 шаклидаги элит рўйхатга киритилган ҳар бир футболчи дунё миқёсида танилган ва кўпчиликка таниш...
Бошланиши чакки эмас
Златан Ибрагимович «Лос-Анжелес Гэлэкси» таркибидаги илк ўйиндаёқ ишга тушди. Яъни швед голеадори дебютини «дубль» билан безади. Эътиборлиси, «Гэлэкси» аввалига 0:3 ҳисобида ортда бораётганди.
Златан 77-дақиқада ҳисобни тенглаштирди ва охирги лаҳзаларда ғалабани янги жамоаси томон буриб юборди - 4:3. Муҳими, Ибранинг голларидан бири чинакам шедевр бўлди - чиройли зарба йўллаш айнан унга хос.
1. Эшли КОУЛ (37 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»
Англиялик юлдуз АҚШ футболига 2016 йили юзланган эди. У ҳозирда хотиржам ҳолда тўп сурганча сармоя тўпламоқда. Инглизлар ҳам «Челси» ва «Арсенал»нинг собиқ «қаноти»ни ҳали унутишмади.
Ҳарқалай, Коулни яқинда охирги 25 мавсум юзасидан тузилган АПЛ рамзий терма жамоасига киритишди. Айтганча, Эшлининг ўзи ҳам Лондонни қўмсай бошлаган кўринади - шу ой бошида тез орада ортга қайтиши ҳақида сўз очди.
Қизиқ, у қайси мақомда қайтаркин?
2. Жованни ДОС САНТОС (28 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»
Ака-ука Дос Сантосларда суперюлдузга айланиш имконияти етарли эди. Зеро, ҳар иккиси барчасини буюк «Барселона»да бошлади. Хусусан, Жованни мавсум-2007|2008даёқ каталонияликлар асосий таркибида 28 марта майдонга тушди, бироқ ёш юлдузча шу орада «Тоттенхэм» таклифига «учиб», ўзини «қаҳри қаттиқ» АПЛга рўбарў қилди.
Англияда Роман Павлюченко билан бирга ўйнаган тўнғич Дос Сантос ҳарчанд уринмасин, айтарли каромат кўрсатолмади. Кейин Европанинг бир қатор ўртамиёна клубларида қайта бош кўтаришга ҳаракат қилдию, бунинг уддасидан чиқолмади.
Хуллас, юзидаги табассуми билан Роналдиньони эслатиб юборадиган йигит 4 мавсумдан буён АҚШда ризқ термоқда.
3. Хонатан ДОС САНТОС (27 ёш) - «Лос-Анжелес Гэлэкси»
Хонатаннинг футболча тақдири худди акасиникидек. «Барселона»нинг бир неча ўйинида иштирок этган йигитча яхшиликдан яхшилик қидириб, «Вильярреал»га йўл олди ва маълум муддат яна акаси ёнида тўп сурди.
Бироқ Примеродаги 100 ўйин ҳам унга суперклуб учун трамплин бўлгани йўқ. Қисқаси, таклиф кутишга сабри чидамаган Хонатан океан ортига парвозни пайсалга солмади.
Зеро, Лос-Анжелес клуби унга бинойидек маош ваъда қилганди. Ҳа, MLS савияси унча баланд эмас, аммо Хонатан яна акаси билан бирга.
4. Маркос УРЕНЬЯ (28 ёш) - «Лос-Анжелес»
Коста-Рика футболи вакили айниқса, россиялик мухлисларни чинакамига ҳайратлантиргани рост. Ахир бир неча йил «Кубан»да сокингина тўп сурган ва Россия премьер-лигасида ҳаттоки, голлари ҳисобини очолмаган Уренья ЖЧ-2014 кашфиётларидан бирига айланди.
Коста-Рика термасининг 1|4 финалга чиқишига катта ҳисса қўшган Маркос (у жумладан, уругвайликларга қарши ўйинда гол урганди) мундиалдан кейин Данияга йўл олди.
У Скандинавия мамлакати чемпионатида ҳам худди Россияда бўлгани каби яққол ажралиб турмади - бир неча мавсумда атиги 5та гол. Лекин камтарона статистикаси АҚШдан таклиф олишига етарли бўлди. Уренья эндиликда кимсан Ибрагимович билан битта шаҳарда яшайди. Ҳа, унга катта статистика керак эмас...
5. Себастьян ЖОВИНКО (31 ёш) - «Торонто»
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.