Суперлига 10-турида стадионларда ҳақиқий футбол байрамлари ташкил этилиши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўзига хос юбилей турда стадионларга ташриф буюрадиган мухлисларни яна бир суперсовға кутаётгани ҳақида айтиб ўтди.
“Суперлига ўз номига мос равишда супер мусобақага айланиб бормоқда. Аввалги йилларга ўхшаб энди фаворит сифатида эътироф этиладиган жамоалар осонлик билан очколарни қўлга киритишмаяпти. Жамоалар учрашувларда ажойиб ирода, шижоат ва шиддат намойиш қилишяпти. Буни ҳисобда ортда бораётган жамоаларнинг қаҳрамонлик кўрсатиб, якунда ғалаба қозонаётгани, ўйиннинг сўнгги дақиқаларигача аёвсиз кураш кечиб, ғалаба голлари ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда киритилаётганидан ҳам кўрса бўлади.
Суперлиганинг 10-турида стадионларда ҳақиқий футбол байрами ташкил қилинади. Суперлига титул ҳомийси “PEPSI”компаниясининг совғаларидан ташқари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам мухлисларга ўзига хос суперсовға тақдим қилишга қарор қилди.
Суперлигага 10-туридан ўрин олган ўйинлар якунига етганидан сўнг 6та стадионнинг ҳар бирида ўзига хос лоторея ташкил қилинади. Лотореяда омади келган икки нафардан мухлисга Iphone 8 смартфони тақдим қилинади.
Футбол мухлислар учун. Стадионга қанча кўп мухлис ташриф буюрса, ўйинлар ҳам шунга яраша шиддатли ва муросасиз кечади”, - дейди Умид Аҳмаджонов.
Демак, Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюринг, ўзингизни севимли жамоангизни қўллаб-қувватланг ва суперсовғаларга эга бўлинг!