Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Иззатилла Абдуллаев: «Чиройли «камбэк» ва илк ғалаба ёқимли бўлди»

Баҳо:
+ | -

Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси Суперлиганинг 6-турига келиб мавсумдаги илк ғалабасига эришди.

Сергей Лушаннинг қадами қутлуғ келиб, жиззахлик футболчилар Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасини таслим эта олишди. Шу тургача ўтказилган 5та ўйинда «Сўғдиёна» 4та мағлубият ва битта дуранг қайд этганди. Голларга бой тарзда ўтган баҳсда мезбонлар ажойиб «камбэк»ни амалга оширишди.

Бу учрашув худди 7 апрель куни ўтказилган Манчестер дебисида кузатилган жараённи эслатиб юборди. Ўшанда икки тўп фарқи билан ортда бораётган «Манчестер Юнайтед» якунда ғалабани илиб кетганди. Айнан шу сценарий Жиззахдаги ўйинда ҳам такрорланди.

Фарқи шундаки, бу сафар меҳмонлар эмас, мезбонлар кўчасида байрам бўлди. Эътиборлиси, ғалаба тўпи учрашувнинг асосий вақтига ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқада Иззатилла Абдуллаев томонидан киритилди. Захирадан ўйинга қўшилган футболчи ўз голи билан жамоасининг илк ғалабасини таъминлади.

Ирода эвазига қўлга киритилган ушбу уч очко «Сўғдиёна»нинг кейинги ғалабаларига замин яратса, ажабмас. Демак, «Бунёдкор»нинг собиқ устози Сергей Лушан «Сўғдиёна»даги дебют учрашувидаёқ муваффақиятга эришди.

Биз «Навбаҳор»га қарши баҳс якунлангач, ўйин қаҳрамонларидан бири Иззатилла Абдуллаевни суҳбатга чорлаб, унинг ғалабали беллашувдан кейинги таассуротлари билан қизиқдик.

Маълумот учун, Иззатилла Абдуллаев 2012 йили Ўзбекистон ўсмирлар (U-16) термаси сафида Эроннинг Тахти шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида тенгдошлари билан бирга чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганди. Ўшанда жамоага Дилшод Нуралиев устозлик қилганди.

- Иззатилла, аввало, ғалаба билан табриклайман. Очиғи, бу 3 очко узоқ кутилди. Мазкур ўйингача бўлган омадсизликлар сабаби нимада эди?

- Ҳақиқатан ҳам, сиз айтгандек, бу ютуқни жуда узоқ кутдик. Ғалаба биз учун сув ва ҳаводек зарур эди. Боиси, турнир жадвалидаги ҳолатимиз ҳавас қиладиган даражада эмасди. Янги мураббийнинг жамоага келгани бизнинг ўйин услубимизни ҳам ўзгартириб юборди.

Учрашувда маш-ғулотлар давомида Сергей Лушан томонидан айтилган барча кўрсатмаларни амалга оширдик. Танаффус пайтида мураббийимиз берган руҳий далда бизга куч берди. Майдонда ўзимизга ишонч билан ҳаракат қилдик. Рақибни мағлуб эта олишимизга ишонч пайдо бўлди. Ушбу муҳим ғалабани мухлисларимизга бағишлаймиз.

- Жамоа 78-дақиқагача ҳам 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётганди. Танаффус пайтида бош мураббий қандай кўрсатмалар берди?

- Сергей Иванович 0:2 ҳисоби ҳали мағлубият эмаслигини айтди. Ўз хатоимиз туфайли иккита оддий вазиятда дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Суперлига ўйинларида бу тарзда янглишиш ярамайди.

Хатолар рақиб жамоа футболчилари томонидан кечирилмайди. Ҳисобни қисқартирувчи голни урганимиздан сўнг футболчиларимизнинг руҳияти кўтарилди. Ишонч янада ортди ва бошлаган ишимизни чиройли тарзда якунлаб қўйдик. Албатта, бу ерда омад ҳам биз томонда бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли.

- Шу тургача ўтказилган учрашувларда жамоа ўз ўйинини намойиш эта олмаганди. Омадсизликнинг сабаблари жамоада муҳокама қилиндими?

- Албатта, муҳокама қилинди. Машғулотларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида ишладик. Бу жараён давом этмоқда. Қаерда хатога йўл қўйганмиз, буни яхши биламиз. Ўйлайманки, мураббийларнинг кўрсатмалари асосида камчиликларни бартараф этиб борамиз.

- Мухлислар «Сўғдиёна»нинг қора кунлари ортда қолганига ишонишса бўладими?

- Буни амалда исботлашга ҳаракат қиламиз. Демакки, биздан янада кўпроқ ишлаш талаб этилади. Суперлигада ўткинчи ўйинлар йўқлигини ҳамма кўряпти.

Шу кунгача ўтказилган тур учрашувларига эътибор қаратсангиз, ҳеч бир жамоа осонликча очко қўлга киритмаётганига амин бўласиз. Ке-йинги баҳсларда ҳам фақат ғалаба учун курашамиз. Бу борада мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари жуда муҳим бўлади.

- «Навбаҳор» билан ўйиндан олдин Сергей Лушан қандай кўрсатма берди ва сизларни қай тариқа ғалабага ишонтира олди?

- Мураббийнинг ишончи катта далда бўлди. Зеро у бизга ишонишини қайта ва қайта таъкидлади. Ўз кучимизга ишониб ҳаракат қилсак, албатта, шу ўйинда уч очкони қўлга киритишимиз мумкинлигини уқтирди.

Ўз ўрнида биз мураббийнинг ишончига жавобан майдонда боримизни бериб ўйнадик. Интилишлар самараси ўлароқ, натижа ижобий бўлди.

- Учрашувда ғалаба тўпини киритдингиз. Бу фаолиятингиздаги ҳозирча энг муҳим голми?

- Ҳар бир ўйинга худди финал учрашуви каби тайёргарлик кўряпмиз. Бу голнинг қандай аҳамиятга эга эканлигини билмадиму, лекин шуни ишонч билан айта оламанки, ҳар бир баҳсда ўз голларим билан жамоам муваффақиятига ҳисса қўшишга интиламан.

Бундан асло чарчамайман. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш - футболчининг вазифаси, шундай экан, голларимни шахсий муваффақият сифатида қабул қилмайман.

- Футболчилар муҳим тўпларни киритишганида уни кимгадир бағишлашади. Сиз ўйиннинг 90+3-дақиқасида «Навбаҳор» дарвозасига урилган голни кимга атадингиз?

- Бизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб турган жамоамиз мухлисларига бағишладим. Бу ғалаба барчамизники! Шу ўринда жамоа раҳбариятига, жамоадошларимга, менга ишонч билдирган мураббийга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Сергей Лушан ёшларга эътибор қаратиши билан танилган. «Бунёдкор»да ҳам шу анъанасига содиқ бўлган. Мана, у бир неча кундан бери Жиззахда. Ушбу мутахассис ҳақида нима дея оласиз?

- Биз бир-биримизни ўрганишда давом этяпмиз. Сергей Иванович чинакамига профессионал мутахассис, ўз ишининг устаси. Футболчиларни ўйинга тўғри тайёрлаш, зарур паллада уларни руҳлантиришни билади.

Албатта, мен ҳам бу мураббийдан кўпроқ нарса ўрганишга ҳаракат қиляпман. Ўйлайманки, у билан ҳали узоқ вақт бирга ишлаймиз.

- Жамоадаги футболчи ва мураббийлар ўртасидаги муносабат яхшими? Аввалги ўйинларда бой берилган очколар носоғлом муҳит таъсиридан эмасми?

- Бу борада муаммо йўқ. Оғир кунларда бир-биримиз билан ҳамжиҳат бўлдик. Омадсизликлар кетидан ёруғ кунлар келишига астойдил ишондик. Бир-биримизни қўллаб-қувватладик. Ниҳоят, узоқ кутилган ғалабага эришдик.

«Навбаҳор» устидан қозонилган ютуқ ҳам ҳамжиҳатликдан нишона. Ўйлайманки, Сергей Лушаннинг жамоамизга мураббий этиб тайинлангани ички муҳитни янада яхшилайди. Муваффақиятли ўйинларимиз бардавом бўлади.

- Жамоада молиявий масалада муаммолар йўқми? Маошларни ўз вақтида оляпсизларми?

- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ, деб ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин. Маош ва мукофот пулларини ҳатто олдиндан оляпмиз. Клуб раҳбарияти мазкур жиҳатга жиддий эътибор қаратган.

Бу ҳолат доимий назоратда. Дарвоқе, клубнинг расмий сайтида жамоанинг бугунги кундаги молиявий ҳолати ҳақида расмий баёнот ҳам берилганди. Шундай экан, нолишга асло ҳаққимиз йўқ.

- Демак, энди сизлардан фақат мазмунли ўйин ва натижа кўрсатиш талаб этилар эканда?! Жавобгарликни ҳис қиляпсизларми?

- Албатта. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Зиммамиздаги масъулият икки ҳисса ошган. Биринчи галда мухлислар олдидаги жавобгарлик турибди. Ҳар бир уй ўйинимизда стадионни тўлдириб ўтирган ишқибозларимизга ҳамиша ҳам ғалабали онларни туҳфа эта олмаймиз.

Ўз ўрнида, бизни тушуниб, охиригача ишонаётган, самимий қўллаб-қувватлаётган мухлисларга раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг далдаси биз учун жуда муҳим.

- Сергей Лушан жамоага келганидан кейин «Сўғдиёна»нинг вазифалари ўзгардими?

- Йўқ. Мавсум бошида клуб раҳбарияти томонидан жамоамиз олдига қўйилган вазифани бажаришга астойдил интиламиз.

- Асосий мақсад - Суперлигада қолишми?

- Ундай эмас. Биз кучли олтиликка киришга ҳаракат қиламиз. Шу тариқа иккинчи босқич баҳсларида кучлилар сафида иштирок этишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз.

- Турнир жадвалининг юқори қисмидаги рақобатни кўряпсиз. Вазиятга реал ҳолатда қарасак, кучли олтиликка киришнинг иложи бормикан?

- Юқорида таъкидлаганимдек, бу раҳбарият томонидан жамоамиз олдига қўйилган вазифа ва уни бажаришга астойдил интиламиз. Муҳими, «Сўғдиёна»да янги саҳифа очилди, уни ёрқин лаҳзалар билан бойитишда давом этамиз. Ўзимизга бўлган ишончни қайтариб олганимиз яхши бўлди.

Дарҳақиқат, турнир жадвалининг юқори қисмида кураш қизғин кечмоқда. Кучли жамоаларнинг ҳам очко йўқотиши одатий ҳолга айланмоқда. Ҳар бир турда кутилмаган ҳисоблар қайд этилмоқда. Лекин ҳали асосий кураш олдинда. Кейинги ўйинларда ҳам ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин.

- Хориж клубларидан қайси бирига мухлислик қиласиз?

- Мадриднинг «Реал» жамоаси иштирокидаги ўйинларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Мана, бугун (суҳбат 12 апрель куни уюштирилган - муаллиф) драматик кечган ўйинда «Қироллик клуби» «Ювентус»ни мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. ЕЧЛ чорак финалининг иккинчи кунги баҳсларида ҳам шов-шувли натижа қайд этилишига бир баҳя қолди.

Лекин кўпчилик ўйиннинг боришига қараб ғолиб номи қўшимча бўлимлар ёки пенальтилар сериясида аниқланишини кутаётганди. Очиғи, мен ҳам ярим финал тақдири қўшимча бўлимларда ҳал бўлса керак, деб ўйлагандим. Бу сафар омад «Реал»га кулиб боқди. Севимли жамоам кетма-кет учинчи маротаба бош мукофотни қўлга киритиш учун курашни давом эттиради.

Мадридликлар ўзлари ўрнатган рекордни янгилашга уриниб кўришади. Навбатдаги босқичда «Ливерпуль», «Бавария» ва ҳаттоки, «Рома» ҳам жиддий рақибга айланади. «Барселона»ни курашдан чиқариб юборган римликлардан ҳам кўп нарса кутса бўлади. Чемпионлар Лигаси мутлақо бошқача турнир. Унда ҳар қандай натижа қайд этилишини кўриш мумкин.

Амалда шундай ҳам бўлди. «Барселона»нинг Римда 3та гол ўтказиб юборишини ҳеч ким кутмаганди. Мана, «Реал» ҳам ўз уйида худди шундай ҳолатга тушди. «Қироллик клуби» анчадан бери ЕЧЛ доирасидаги баҳсларда «Сантьяго Бернабеу»да бу тарзда мағлуб бўлмаганди. Футболчи мана шундай ўйинларни кўриб ҳам ўзига керакли нарсаларни олиши мумкин.

- Сизнингча, ким чемпион бўлар экан?

- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Қуръа натижасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Юқорида айтганимдек, нисбатан пастроқ назар билан қаралаётган «Рома» ва «Ливерпуль» жамоалари ҳам кубокка эга чиқиши мумкин.

Кўпчилик «Манчестер Сити» ва «Барселона»ни ярим финал ёки финалда кўришни тахмин қилаётганди. Кўряпсиз, бу клублар ҳатто чорак финал босқичидан нарига ўта олишмади.

Шундай экан, бизни ҳали кутилмаган натижалар кўп ҳайрон қолдиради.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 03:31, 22.04.2018.
Ўқилди: 5040 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.