Суперлиганинг 9-турида Тошкентнинг икки клуби — “Локомотив” ва “Пахтакор” ўзаро тўқнаш келади. Мазкур учрашув 29 апрель - якшанба кунига тайин қилинган.
Бунда ПФЛ марказий ўйиннинг дам олиш кунига тўғри келишига эътибор қаратган. Бу ўз навбатида мухлислар ташрифига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши турган гап. Шунингдек, “Спорт” каналини ҳам айнан шу учрашув сабаб дам олиши куни нисбатан каттароқ аудитория томоша қилиши катта эҳтимол.
Қоидага кўра, “Локомотив” ва “Пахтакор”нинг ёшлар жамоалари бир кун аввал — 28 апрель куни ўзаро майдонга тушиши керак эди. 28 апрель куни, шунингдек, “Локомотив-БФК” клуби Про-лиганинг 5-тури доирасида “Лабса”ни қабул қилади.
“Локомотив” ёшлар жамоаси ҳамда “Локомотив-БФК” футбол клублари ТТМИга қарашли стадионда ўз ўйинларини ўтказиб келади. Шундан келиб чиқиб, “Локомотив” клуби мазкур беллашувлардан бирини бошқа санага кўчиришни сўраб, ПФЛга мурожаат қилди.
ПФЛ Суперлига ҳамда Про-лига ўйинларини жуда жиддий сабаб бўлмаса, бошқа санага кўчирмайди. Қолаверса, Бухоронинг “Лабса” клуби режаларини ҳам ҳурмат қилиш лозим. Шундан келиб чиқиб, ПФЛ “Локомотив” таклифига кўра, Ёшлар лигаси ўйинини бир кун олдинга — 27 апрелга сурди. Бунга “Пахтакор” раҳбарияти ҳам ўз розилигини билдирди. Ҳар икки клуб битта шаҳар шарафини ҳимоя қилишидан келиб чиқилса, бу борада муаммо юзага келмайди деган қарорга келинди.
Демак, 27 апрель куни соат 16:00 да “Локомотив” ва “Пахтакор” ёшлари ўртасида дерби бўлиб ўтади. 28 апрель куни эса “Локомотив-БФК” айнан ТТМИ стадионида “Лабса”ни қабул қилади. 29 апрель куни “Локомотив” стадионида Тошкент дербиси бўлиб ўтади.