Лондоннинг «Арсенал» жамоасида 1996 йилнинг ёзида иш бошлаган франциялик мутахассис ҳам вақт олдида ожизлигини тан олди, албатта.
Яъни АПЛдаги самарали иши давомида футбол профессори мақомига эришган мураббий клуб билан 22 йиллик ҳамкорлигини тўхтатишга қарор қилди.
Венгернинг салкам чорак асрга тенг даврида «Арсенал» таркибида неча нафар футболчи ўйнаганини биласизми? 219 нафар! Қойилмисиз?
Ҳа, улардан кўплари клуб сафига шаклланган футболчи сифатида қўшилишган. Дейлик, охирги икки дебютант - Генрих Мхитарян ва Пьер-Эмерик Обамеянг «канонирлар» либосини кийишдан олдин кенг жамоатчилик назарига тушиб улгуришганди.
Шунинг баробарида франциялик профессорнинг шахсан ўзи кашф этган юлдузлар ҳам етарли. Топ-10 кўринишидаги элит рўйхат бунга яққол далил.
Алоҳида таъкидлаш керакки, айнан Арсен Венгер туфайли катта футбол кенглигига чиққан яна бир қатор муносиб йигитлар (Жек Уилшир, Томас Вермален, Лоран Косьельни, Бакари Санья, Эктор Бельерин ва бошқалар) ушбу ажойиб гуруҳдан четда қолишди.
Келинг, энди Венгер томонидан кашф этилган энг ёрқин юлдузларни эсга оламиз - бу мураббийнинг футболда чиндан ҳам, катта из қолдирганидан бир нишона, холос.
10. Аарон РЭМЗИ
Аввалги клуби: «Кардифф Сити»
Трансфер суммаси: 4,8 млн. фунт
Уэльслик футболчи «Арсенал» сафига қўшилган вақтда 17 ёшли ўспирин эди. Қолаверса, у бунга қадар «Кардифф Сити»да лоақал 20та ўйин ўтказишга ҳам улгурган эмасди.
Рэмзи ҳозир 27 ёшда ва «канорирлар»нинг етакчиларидан биридир. Бироқ жорий мавсум якунлангач, у ҳам худди Венгер каби жамоадан кетса керак. Ҳар ҳолда, қолишидан кўра, хайрлашиши эҳтимоли кўпроқ.
9. Коло ТУРЕ
Аввалги клуби: «АСЕК Мимозас»
Трансфер суммаси: 150 минг фунт
Арсен Венгер бу футболчини узоқ Кот-д~Ивуар чемпионатидан топган. Тўғри, ўша вақт 20 ёшли Коло мамлакат миллий жамоаси сафида 10 мартача майдонга тушиб бўлганди.
Франциялик мутахассининг мунажжимлик қобилияти самарасига келсак, ҳаммасига биргина статистика гувоҳ - Туре «Арсенал» либосида 300тадан ортиқ ўйинда иштирок этди ва муҳими, уларнинг аксариятида барқарор равишда муносиб тўп сурди.
8. Тео УОЛКОТТ
Аввалги клуби: «Саутгемптон»
Трансфер суммаси: 9,1 млн. фунт
Тео катталар футболида жуда эрта дебют қилди ва унга ҳамма Англия терма жамоасининг буюк келажаги сифатида қаради. Зеро, юқори тезлиги билан кўпчиликни ҳайратга солганди. Дейлик, Уолкотт «Арсенал» формасида кўриниш беришига қадар 2006 йилги жаҳон чемпионатига борди.
Умуман олганда, Тео нақ 12 мавсум давомида «канонирлар» шарафини ҳимоя қилди. Унга клуб сафида барча турнирлар ҳисобидан 400та ўйин маррасига етиши учун 3тагина учрашув камлик қилди.
Ҳа, инсоф юзасидан айтиш керак, Уолкотт ҳамма кутган даражадаги юлдуз бўлолмади. Ҳарқалай, тан олинган мутахассислар вақтида 16-17 ёшли Тео мисолида бўлажак футбол қиролини кўришганди.
7. Робин ван ПЕРСИ
Аввалги клуби: «Фейеноорд»
Трансфер суммаси: 2,75 млн. фунт
Венгер «Фейеноорд»нинг 20 ёшли иқтидорига бирданига 4 йиллик шартнома таклиф қилганди. Голландиялик ҳужумчи шу тариқа Лондонга кўчиб ўтиб, мураббий қўл остида нақ 8 мавсум тўп сурди ва жаҳондаги энг кучли голеадорлардан бирига айланди. Хусусан, АПЛнинг энг яхши тўпурарига аталган совринга эга чиқди.
Шунингдек, мухлислар ва ўйинчилар талқини бўйича Англия чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлди. Тўғри, «Арсенал» учун 278та ўйинда 132та гол урган Робин клуб билан можароли тарзда хайрлашди.
Унинг ўзи «Арсенал»нинг асосий рақибларидан бири - «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилганини АПЛда соврин ютиш хоҳиши билан изоҳлаганди.
6. Эшли КОУЛ
Аввалги клуби: - (жамоа тарбияланувчиси)
Трансфер суммаси: - (жамоа тарбияланувчиси)
Франциялик мураббий 1999 йили ўз жамоаси ёшлар таркибида чаққон чап қанот ҳимоячиси кўрдию, унга 18 ёшидаёқ асосий таркибда дебют қилиш имкониятини берди. Эшлининг салоҳияти чакки эмаслиги шундоқ кўриниб турарди, аммо ҳимоянинг чап қаноти ишончли қўлларда эди - Сильвиньо барқарор ўйнаётганди.
Шунинг учун, Венгер аввалига ёш топилмани ижара келишуви асосида хизмат сафарига жўнатди. Кейинги мавсумда эса бразилиялик ҳимоячи жароҳатланди ва ёш инглиз юзага келган имкониятдан унумли фойдаланди. Қисқаси, асосий таркибда мустаҳкам жойга эга бўлган Жо Коул кейинги 5 йил давомида барқарор ўйнаб, АПЛдаги энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан бирига айланди.
Аммо у ҳам «Арсенал»дан катта жанжал билан кетди. Эътиборлиси, айнан Жо «Челси» сафига қўшилганидан кейин «канонирлар» совринсизлик балосига йўлиқишди.
nterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.