Испания чемпионати доирасида навбатдаги "класико" мусобақа жадвали нуқтаи назаридан ҳеч нарсани ҳал қилмасди. Шунга қарамай, ҳар иккала жамоа бош мураббийлари ўйинга жанговар таркибни танлашди.
Жамоалар ўйинни жуда фаол ва тезкор голлар билан бошлаб беришди. Дастлаб қарши ҳужум пайтида Мессининг узатмасидан кейин Сержи Роберто ўнг қанот бўйлаб ёлғиз олдинга ўтди. Меҳмонлар ўз жарима майдончалари ичида Мессини ёпишди, аммо Роберто очилаётган Суаресга тўпни етказди. Уругвайлик футболчи аниқ зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Орадан 5 дақиқа ўтиб ҳисоб тенглашди. Роналду чап қанотдан мезбонлар жарима майдончасига кирди ва товони билан Кроосга узатма берди. Тони олис устун томондаги Бенземага юқоридан тўпни етказди. Каримнинг бош билан пасидан кейин Криштиану яқин масофадан дарвозани забт этди!
Ушбу голлардан кейин ўйин темпи бироз тушди. Шунга қарамай, гол уриш учун энг яхши вазиятлар клублари етакчиларида бўлди. Модричнинг узатмасидан кейин Роналду рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди ва зарба берди. Тер Штеген оёғи билан зарбани қайтаришга муваффақ бўлди. Месси яккама-якка вазиятга чиққанида эса, Навас ўзини алдашга уринаётган аргентиналик футболчининг оёқлари остидан тўпни уриб юборишга муваффақ бўлди.
Аммо биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқалари асаббузарликлар билан ёдда қолди. Ҳакам бир неча марта чўнтагидан сариқ карточкани чиқаришга мажбур бўлган бўлса, қўшиб берилган дақиқаларда "Барселона" ҳимоячиси Сержи Роберто майдондан четлатилди. Бир дақиқа аввал эса Эрнандес Гарет Бэйлни майдондан четлатиши керак эди: Умтитининг оёғига бутсасининг тишлари билан тепгани учун...
Иккинчи тайм бошида Вальверде ўнг қанот ҳимоясига Семедуни туширган бўлса, Зидан Роналдуни майдондан олиб, Асенсиони туширишга қарор қилди. Мезбонлар бир киши кам бўлиб ўйнаётганига қарамай, иккинчи бўлимни анча фаол бошлашди ва ҳисобда олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлишди. Луис Суарес чап қанотда Варан билан тўп учун кураш олиб борди ва қоидани бузган ҳолда рақибидан тўпни олиб қўйиб, олдинга ўтди. Ҳакамлар фол қайд этишмади. Уругвайлик футболчи Мессига пас берди. Лео рақибнинг икки футболчисини алдаб, 16 метрлардан ўта аниқ зарба билан дарвозани ишғол қилди — 2:1. Дарвоқе бу голдан атиги бир неча сониялар аввал "Реал" гол уриш ажойиб имкониятга эга бўлганди. Қарши ҳужум пайтида Асенсио рақиб жарима майдончасига кираётган Бэйлга узатма бермади ва ўзи 14 метрлардан зарба берди. Тер Штеген тўпни эгаллаб олганди... Ўша гап: "сен урмасанг — сенга уришади".
Орадан кўп ўтмасдан каталонияликлар ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишлари мумкин эди. Мезбонлар ўта хавфли ҳужум ташкил қилишди. Суареснинг узатмасидан кейин Семеду ўнг қанотдан жарима майдончасига кирди ва Паулиньога узатма берди. Бразилиялик футболчига тўпга бироз ета олмади ва Навасга урилиб кетди.
"Кўк-анорранглилар" аста-секин ҳимояга ўта бошлашди. Шунга қарамай, Мессидан жуда ажойиб имконият юзага келди. Аргентиналик футболчи деярли майдон марказидан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва зарба берди. Кейлор Навас тўғри позиция танлагани учун ажойиб сэйв намойиш қилди!
Орадан 2 дақиқа ўтиб ҳисоб тенглашди. Жарима майдончаси остонаси томон очилаётган Гарет Бэйлга Асенсио чиройли узатма берди. Бэйл тўпни тўхтатмасдан 18 метрлардан аниқ зарба берди. Тер Штеген ожиз қолди. 2:2! "Сен урмасанг — сенга уришади.
Баҳснинг 76-дақиқасида ҳакам яна бир қўпол хатога йўл қўйди. Хорди Альба ўз жарима майдончаси ичида Марселони чалиб йиқитди. Аммо Эрнандес пенальти бермади.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида "Барселона" ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Месси томонидан йўлланган битта зарбага бироз аниқлик етишмаган бўлса, иккинчи вазиятда Навас қутқарди.
Шу тариқа, бу галги "класико" жанговар дуранг билан якунланди. Ҳакам эса ҳар иккала жамоа зарарига 2тадан қўпол хатога йўл қўйди. Битта ўйин учун 4та қўпол хато — бу ҳаддан ташқари кўп.
"Барселона" ушбу мавсумда мағлубиятсиз ўйинлар сериясини давом эттирган бўлса, "Реал" 2-ўринда бораётган "Атлетико"га яқинлашиб олиш имкониятидан фойдалана олмади.
Испания Ла лигаси, 36-тур
Барселона – Реал Мадрид 2:2 (1:1, 1:1)
Голлар: 1:0 – 10 Суарес, 1:1 – 14 Роналду, 2:1 – 52 Месси, 2:2 – 72 Бэйл.
Барселона – тер Стеген, Умтити, Пике, Альба, Коутиньо (Нелсон Семеду, 46), Серджи Роберто, Бускетс, Ракитич, Иньеста (Паулиньо, 58), Месси, Суарес (Пако Алькасер, 90).
Реал Мадрид – Навас, Варан, Марсело, Начо (Васкес, 68), Рамос, Модрич, Каземиро, Кроос (Ковачич, 84), Бэйл, Роналду (Асенсио, 46), Бензема.
Огоҳлантиришлар: Начо (12), Варан (31), Суарес (44), Рамос (44), Месси (45), Бэйл (76), Марсело (77), Ракитич (85).
Четлатиш: Сержи Роберто (45).