Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Сардор Сулаймонов: «Мўминжонов футболчиларни руҳлантиришни билади»

Баҳо:
+ | -

Наманганлик мухлислар бу футболчини Суперлига 9-тури доирасидаги «Навбаҳор» - «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги «Водий дербиси»дан сўнг яхши таний бошлашди.

Мазкур баҳсда захирадан ўйинга қўшилган Сардор Сулаймонов 84-дақиқада меҳмонлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, мувозанатни тиклаганди.

Эътиборлиси, бу ҳужумчининг жорий мавсумдаги илк голи. Яқинда Сулаймоновни суҳбатга чорлаб, турли мавзудаги саволларга жавоб олдик.

- Аввало, Суперлигада голлар ҳисобини очганингиз билан табриклайман. Айтинг-чи, «Нефтчи»га қарши кечган «Водий дербиси»дан қандай таассурот олдингиз?

- Табрик учун раҳмат. «Навбаҳор» сафига шу йил қўшилдим. Жамоамизнинг «Нефтчи» билан азалий рақиблиги, фарғоналикларга қарши баҳсларнинг жуда шиддатли ўтиши ҳақида эшитгандим. Лекин шундай ўйинда ўзингиз иштирок этсангиз, бунинг завқи ўзгача бўларкан.

Дербида жамоаларнинг турнир жадвалида қайси поғонани эгаллаб туришганининг аҳамияти йўқлиги 29 апрель кунги учрашувда ҳам ўз исботини топди. Меҳмонлар бизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилиб, учрашувда ҳисобни очишди. Шукрки, менга мувозанатни тиклаш насиб этди.

Бундан жуда хурсандман. Аввал ҳам сафарда «Қўқон-1912» ҳамда Ўзбекистон кубоги 1|16 финали доирасида «Андижон» клублари билан бўлган дербиларда қатнашдим. Лекин барибир, Суперлиганинг мунтазам иштирокчиси бўлган «Нефтчи»га қарши учрашув менда ўзгача таассурот қолдирди.

- Бунгача «Навбаҳор» ўз майдонида «Локомотив» (2:0) ва «Бун-ёдкор» (2:1) сингари кучли жамоаларни мағлубиятга учратган, «Насаф» билан дурангга имзо чекканди. Жорий мавсум ишлари юришмаётган «Нефтчи» устидан ғалаба қозониш учун «Навбаҳор»га нима етишмади?

- Тўғри, жамоамиз фарғоналикларни мағлубиятга учратишга қодир эди. Лекин айтганимдек, бунга биринчидан, меҳмонларнинг дербига ўзгача иштиёқда тайёргарлик кўришгани ва майдонда олдинги баҳсларга қараганда бошқача тўп суришгани сабаб бўлди.

Бундан ташқари, ўша ўйинда дисквалификация сабабли, тажрибали ҳимоячи Жаҳонгир Меҳмонов тўп сурмади. Бу ҳам ўйинимизга таъсир ўтказди ва мудофаа чизиғидаги биргина хато қимматга тушди. Энди кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, мухлислар ишончини оқлашга интиламиз.

- «Навбаҳор» кутилмаганда Ўзбекистон кубоги 1|16 финали доирасидаги баҳсда «Андижон»га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўша мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?

- Ўзбекистон кубогининг илк учрашувидаёқ мағлубиятга учраб, кубок баҳсларини тарк этганимиз, боз устига, Про-лига вакилига ютқазганимиз аламли бўлди. Тўғри, мезбонлар қуйи лига вакили эдилар, аммо ўйин «Водий дербиси» мақомига эга эди, қолаверса, рақиб ўз майдонида ўзгача иштиёқда тўп сурди.

Бизнинг эса бироз хотиржамликка берилганимиз, шунингдек, жамоамиздан омад юз ўгирганлиги мағлубиятга сабаб бўлди, менимча. Андижонликлар юзага келган камсонли имкониятлардан бирини голга айлантиришди, биз эса... Нима ҳам қилардик, футболда доимо ғалаба қозонолмайсиз, тасодифий мағлубиятлар ҳам учраб туради.

- Жорий мавсум баҳслари борасида нима дея оласиз?

- Олий лига Суперлигага айлантирилганидан кейин миллий чемпионатимизда шунга яраша кучайиш кузатилди. Ҳозир биринчиликда яққол ажралиб турадиган жамоа йўқ. Барча клубларнинг кучи тенг. Учрашувлар натижаларини олдиндан башорат қилиш қийин бўляпти.

Масалан, «Сўғдиёна»нинг Қаршида «Насаф»ни мағлубиятга учратишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Бундан ташқари, 9-турга келиб, Суперлигада мағлубиятга учрамаган жамоа қолмади. Бу ҳам жорий мавсумнинг қизиқарли тарзда кечаётганлигидан далолат.

- Ўз майдонида ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратадиган «Навбаҳор»нинг негадир сафардаги баҳсларда омади чопмаяпти...

- Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Шунга бўлса керак, нафақат «Навбаҳор», балки бошқа клублар ҳам ўз майдонларида яхши ўйин намойиш этишга интилишади.

Жорий мавсум стартида сафарда 4 очкони қўлга киритгандик. Лекин кейинги баҳсларда унчалик омадимиз чопмаяпти. Асосийси, қаерда ўйнашимиздан қатъи назар, рақибларга муносиб қаршилик кўрсатиб, ғалаба қозонишга интил-япмиз.

- Илҳом Мўминжонов ҳақида нима дея оласиз?

- Мени «Навбаҳор»га Илҳом Иброҳимович таклиф қилган. У ёш бўлишига қарамай, кучли мутахассис. Барча футболчилар билан муносабатлари яхши.

Машғулотларни қизиқарли ва ранг-баранг тарзда олиб боради. Учрашувлар олдидан керакли сўзларни топиб, бизни руҳлантиради. Унинг бошчилигида жамоамиз олдига қўйилган вазифани бажаришимизга ишонаман.

- «Навбаҳор»да энг яқин дўстингиз ким?

- Бутун жамоа аҳил-иноқ. Барча билан муносабатим яхши, ҳаммамиз худди ака-укадекмиз. Бир сўз билан айтганда, баҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз.

САРДОР СУЛАЙМОНОВ

1994 йил 5 августда Бухоро шаҳрида туғилган.

Футбол билан 13 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийи: Сулаймон Раҳматов.

Амплуаси: ҳужумчи.

Ўйнаган жамоалари: «Бухоро» (Бухоро) - 2011-2014 йиллар, 2015 йилнинг 2-давраси - 2016 йил, «Машъал-2» (Муборак) - 2015 йилнинг 1-давраси, «Динамо» (Самарқанд) - 2017 йил. 2018 йилдан «Навбаҳор»да.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:53, 10.05.2018.
Ўқилди: 2829 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.