Бугун Қаршидаги “Марказий” стадионда катта футбол. Мамлакатимизнинг икки гранд жамоаси ўзаро баҳс юритади. Pepsi Суперлиганинг 11-турининг марказий учрашувида “Насаф” ҳамда “Пахтакор” жамоалари ўзаро беллашади. Учрашув соат 18:30да бошланади.
Мазкур учрашувда Равшан Эрматов бошчилигидаги Суперлига тарихида илк марта 5 нафар ҳакамдан иборат гуруҳ иш олиб боради.
Pepsi Суперлига, 11-тур
"Насаф" (Қарши) - "Пахтакор" (Тошкент)
11.05.2018. “Марказий” стадион, 18:30да
Бош ҳакам: Равшан Эрматов
Қанот ҳакамлари: Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов
Дарвоза чизиғидаги ҳакамлар: Валентин Кoваленко, Ахрол Рисқуллаев
Захира ҳаками: Аскер Нажафалиев
Назоратчи: Рашид Айтеков
Учрашув комиссари: Маъмур Саидқосимов.
Бугун футбол ўйинидан ташқари мухлисларни бир-биридан қизиқарли тадбирлар ҳам кутиб турибди. Баҳсдан олдин ҳамда танаффус вақтида, мухлислар учун қаршилик эстрада хонандаси Хуршид Рустамов ижросидаги концерт дастури тақдим этилади.
Учрашувга ташриф буюрган мухлисларнинг тўрт нафари, лотерея ўйини орқали MDC смартфонларини ҳамда 4 нафари спорт кийимларини ютиб олиб, хўш кайфият билан уйларига қайтишлари мумкин.
Энди албатта, бугун қизиқарли футбол учрашуви бўлади. Бердиев ва Арвеладзе туқнашувида кимнинг қўли баланд келади? Тўрт учрашувдан буён ғалаба қозона олмаётган “Насаф” ғолиб бўладими? Ёки ўтган икки учрашувда кетма-кет очко йўқотган, 2016 йилдан буён Қаршидан бош эгиб қайтаётган “Пахтакор” устун келадими? Бу саволларга ўйиндан кейин жавоб топамиз.
Қуйида мазкур жамоаларнинг ўзаро учрашувларида қайд этган натижаларини эслатиб ўтамиз.
Қаршидаги ўтказилган учрашувларда озгина бўлсада, “аждарлар” устунлик қилишмоқда. Бунгача бўлган 21 учрашувнинг 8 тасида “Насаф”, 6 тасида “Пахтакор” ғалабага эришган, қолган 7 учрашувда муроса кўчаси танланган.
“Марказий” стадионда бугун футбол ишқибозларининг ҳар қачонгидан фаол бўлиши кутилмоқда. Воҳалик ва Тошкентлик футбол ишқибозларидан ташқари, баҳсни бевосита стадионда томоша қилиш учун Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан ҳам мухлислар келишмоқда.