Осиё футболининг бугунги бош юлдузларидан бири - «Тоттенхэм» вакили Сон Хюн Мин FIFA.com сайтига берган эксклюзив интервьюсида Россияда бошланадиган жаҳон чемпионатини интиқ ҳолда кутаётганини алоҳида таъкидлади.
Жанубий Корея миллий жамоаси етакчиси шунинг баробарида болаликдаги кумири Парк Жи Сун ва 2002 йилги мундиалнинг ёрқин лаҳзаларини ёдга олди.
Корейслар жамоаси жаҳон футболининг бош турнири тарихига кирган вақт Сон Хюн ҳали 10 ёшга ҳам тўлган эмасди.
Кўпчилик билади, албатта, Жанубий Корея термаси Осиё ҳудудида ташкиллаштирилган илк мундиалда мезбонлардан бири сифатида иштирок этиб, катта шов-шув кўтарганди.
Зеро, корейсларнинг «плей-офф раундларида Италия ва Испания термаларидек футбол гигант-ларини йўлдан суриб ташлашларини ҳеч ким кутган эмасди.
Майдон эгалари ўша ЖЧда ярим финалга чиқишган ва ҳал қилувчи баҳс йўлланмасини қудратли Германия миллий жамоасига бой беришганди.
Ёш Сон Хюн барча ватандошлари каби Гус Хиддинк бошқарувида мўъжизавий матонат намойиш этган корейс юлдузлари - Хон Мюн Бо, Ан Жун Хван, Сол Ги Хюн ижросидаги ўйинларни чексиз ҳайрат билан томоша қилган.
Дарҳақиқат, голланд мутахассиси терма жамоани мисли кўрилмаган баландликка олиб чиқиб, бутун мамлакатга эртакнамо таассуротлар ва ғурур бағишлаганди.
Аллақачон «Тоттенхэм» етакчилари қаторига кирган Сон Хюн Мин ЖЧ-2002 қаҳрамонларини ёдга олар экан, улар орасида ўзи учун Парк Жи Сун алоҳида ўрин тутганини бот-бот таъкидлайди: «У ҳали ҳам Корея тарихидаги энг яхши футболчи. У ҳали ҳам менинг асосий кумирим».
Айтиш жоиз, Корея Республикаси ва Японияда ташкиллаштирилган мундиалдан 9 йил ўтиб, Сон Хюнга мамлакат миллий жамоаси сафида ўз кумири билан елкама-елка туриб ўйнаш насиб қилди.
Қолаверса, у «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ юлдузи изидан бориб, Англия Премьер-лигасида шуҳрат қозонмоқда. Асосийси, Сон Хюн бугун корейслар жамоасининг шубҳасиз, бош юлдузи ва етакчисидир.
— Жанубий Корея бундан 16 йил олдин жаҳон чемпионатини қабул қилган ва миллий жамоа якунда 4-ўринни қўлга киритганди.
Умуман, мамлакат футболи мундиалга мезбонлик қилиш асносида улкан юксалишга эришгани айни ҳақиқат. Ўша турнир ҳақида гап кетганда, айнан нималарни эслайсиз? Энг ёрқин хотирангиз...
— Эҳ, 2002 йил тортиқ этган таассуротлар бир олам. Уларнинг ҳаммаси ижобий. ЖЧ ўйинларини телевизор орқали томоша қилганман ва энг ёрқин хотира сифатида чорак финал ўйинидан кейинги воқеаларни айтишим мумкин. Ўшанда миллий жамоамиз Испания термаси билан куч синашиб, пенальтилар сериясида ғалаба қозонганди.
Кечагидек ёдимда, ўйиндан кейин одамлар рўй берган воқеага шунчаки, ишонолмай, ақлдан озишганди, гўё. Зеро, жамоамизни жаҳон чемпионатида кўришнинг ўзидан чексиз бахтиёр бўлардик. Бу ерда эса ярим финал. Қисқаси, ҳамма-ҳамма қизил футболка кийиб олиб, кўчага чиққанди, жумладан, мен ҳам.
— Дарҳақиқат, ҳамюртларингиз ўша турнирда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишганди. Юксак иштиёқ ва ижобий натижалар асоси нима эди, сизнингча? Хотирангизга муҳрланган муайян ўйин вазиятини айта оласизми?
— Италия ва Испания термалари каби кучли рақиблар билан ўйнаб, ғалаба қозониш - улкан натижа. Албатта, жамоамизда «уй деворлари» қабилидаги устунлик бор эди, лекин асосийси, футболчилар жуда уюшқоқ ҳолда тўп суришган.
Учрашувлар давомида кузатилган қайсидир вазиятни эса алоҳида ажратиб кўрсатолмайман, чунончи, ЖЧ-2002нинг ҳар бир лаҳзаси чин фантастика ҳисобланади!
— Болалик чоғиданоқ Парк Жи Сунга футбол кумири сифатида қараганингиз ростми?
— Ҳа. Аслида кўплаб футболчилар ўйинига маҳлиё бўлганман, лекин улар орасида энг яхшиси - Парк Жи Сун. Кореяда АПЛ ўйинлари мунтазам трансляция қилинарди, айниқса, «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги баҳслар. Сабаби оддий - жамоа сафида Парк тўп сурарди.
Унинг Англияда кўплаб совринлар соҳибига айлангани кўпчиликка маълум. Менимча, Парк Жи Сун ҳамон кореялик энг яхши футболчи. У шунингдек, ҳали ҳам менинг бош кумирим.
— Сизга Парк билан халқаро даражада бирга ўйнаш ҳам насиб этди. Ўзаро ҳамкорлик қандай ҳиссиётлар тақдим қилганди?
— Миллий жамоа сафида Қатар мезбонлик қилган Осиё кубоги-2011га борганимизда, 18 ёшли йигитча эдим. Таърифи йўқ ҳиссиётлар. Ахир кечагина кумири ўйинларини телевизорда томоша қилган болакайнинг бирданига унинг ёнида шуғуллана бошлаши...
Муҳими, Паркдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Жи Сун - миясидан тортиб, суякларигача профессионаллик сингиб кетган футболчи. Ҳаракатларини диққат билан кузатардим. Ҳаттоки, овқатланиш тартибию, қандай ухлашини ҳам эътиборга олганман. Бунда меҳмонхонада бирга турганимиз қўл келган.
Аммо Парк билан дангал гаплашишга журъат этолмасдим, чунки анча уятчан бўлганман. Умуман, бирга ўйнаганимиз - тенги йўқ ва унутилмас тажриба. Ҳозиргача ўзаро муносабатимиз жуда илиқ. Чунончи, Парк нафақат буюк футболчи, балки ажо-йиб инсон ҳам.
— Бразилия-2014 мундиалида бевосита қатнашдингиз. Ўзингиз учун дебют жаҳон чемпионати нечоғли таассурот қолдирди?
— Аввало, ЖЧдек йирик мусобақада мамлакатим шарафини ҳимоя қилганимдан ғурурландим. Зеро, футболчилар 4 йилда бир мартагина шундай имкониятга эга бўлишади.
Қолаверса, саралаш босқичидан ўтиш жуда қийин. Мана, менда ЖЧда ўйнаш тажрибаси бор ва барчаси нечоғли мушкуллигини яхши биламан. Демоқчиманки, мундиал мукаммал тайёргарликни талаб қилади. 2014 йили таркибимиздаги кўплаб йигитлар ёш эдилар.
Хусусан, аксарият футболчилар мен каби ЖЧда илк бора иштирок этишган. Миллий чемпионат ёки саралаш босқичи ўйинлари эса — мутлақо бошқа нарса. Демоқчиманки, энди яхлит жамоа сифатида шайланишимиз керак.
— Швеция, Мексика ва Германия термалари - ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида айнан шу жамоаларга қарши ўйнашингларга тўғри келади. Бўлажак рақиблар ҳақида икки оғиз...
— Жуда мураккаб квартет. Ўзи бундай катта турнирларда енгил гуруҳга умид боғлаш ноўрин. Умумий қараганда, шведлар бизда кучлироқ, мексикаликлар ҳам, немислар ҳам, албатта. Лекин биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун курашамиз, ҳеч ким шунчаки, енгилишни истамайди.
Футболда таркиб жиҳатидан тенг 2та жамоа ўзаро баҳслашади. Ҳа, маҳорат, тажриба катта аҳамият касб этади, демак, бўлажак мундиалда иштиёқ ва тайёргарлик бобида устунлик қилишимиз керак.
— Умуман, Жанубий Корея термаси ўз олдига қандай вазифа қўяди? Мисол учун, «плей-офф»га чиқиш...
— Табиийки, бу масалада баралла гапиришни истардим, бироқ футболда оддий «ҳа» ёки «йўқ» қабилидаги жавоблар билан иш битмайди. Агар ҳақиқий аҳил жамоага айланиб, энг яхши ўйинимизни кўрсата олсак, ўйлайманки, бемалол гуруҳдан чиқишга даъвогарлик қиламиз.
Умидворманки, илк босқич тўсиғидан ўтишни уддалаймиз. Такрор айтаман, гуруҳимиз ўта мураккаб, асосийси эса, ўз мамлакатим ва жамоамга ишонаман. Бошқача ифода этганда, Жанубий Корея билан фахрланаман, миллий термадаги шерикларим билан ҳам.
Ўйлайманки, «плей-офф»га йўл олиш вазифасини бажаришга қодирмиз, фақат талабга мувофиқ, тайёрлансак, бас.
— Энди суҳбат мавзусини Англияга бурамиз: туманли ўлкадаги ҳаётингиз, «Тоттенхэм» ва АПЛ ҳақида гапириб берсангиз...
— Аввало, айтишим керак, Премьер-лигада ўйнаш азалий орзум эди. Ҳозир баъзан айнан ўз орзумдаги чемпионатда тўп сураётганимга ишонмай қоламан - ҳаммаси зўр. Шахсий ҳаётимда ҳам муаммо йўқ. Лондон - сайёрамиздаги энг гўзал шаҳар. Ажойиб клубдошларим даврасидаги машғулотларда шунчаки, роҳатланиб ишлаяпман.
Муҳташам «Уэмбли»да тўп суришнинг ўзи бир олам завқ. Шунингдек, Англияда сафар ўйинлари ҳам футболчини ўзгача илҳомлантиради. Хуллас, бу ерда ўйиннинг ҳам бир дақиқаси оромбахш лаҳзаларни тортиқ этади.
Тўғриси, гоҳида ҳаммаси тушдек кўринади, ахир АПЛда тўп суриш мен учун болалик орзуси эди. Шунчаки, беқиёс ҳиссиётлар, чеки йўқ эҳтирослар!
— Хўш, Англия чемпионати учрашувлари футболчи сифатида ўсишингизга нечоғли таъсир қилди?
- Менимча, бу ерда ҳам жисмонан, ҳам руҳан янги даражага чиқдим. Хусусан, ўйинимнинг кўп жиҳатлари яққол ўзгарди. Ўз ўрнида, «Тоттенхэм» ва клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.
Айнан «шпорлар» туфайли Бундеслигадаги иштирокимга нисбатан олганда, юқорироқ савияга кўтарилдим. Ҳаммаси - оғир машғулотлар самараси. Муҳими, тинимсиз тер тўкиш зое кетмаяпти ва ҳам клуб, ҳам терма жамоада яхшироқ ўйнашимга ёрдам бермоқда.
Жанубий Корея миллий жамоаси ўз тарихида жаҳон чемпионатида жами 9 марта иштирок этган ва фақат 2та уринишда гуруҳ босқичини муваффақиятли тугатган.
Сон Хюн Мин корейсларнинг ҳисоб бўйича 10-мундиалда 3-марта «плей-офф»га йўл олишларига ишонмоқда.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.