Пойтахтимизда ўтказилаётган спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунига етди.
Бугун мусобақанинг сўнгги кунида эркин кураш бўйича еттита вазнда беллашувлар бўлиб ўтди. Қувонарлиси бугун ўтказилган баҳсларда беш нафар спортчимиз шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди. Уларнинг бири эса Осиё чемпионлини қўлга киритиш билан биргаликда, октябрь ойида Буэнос-Айресда бўлиб ўтадиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.
-45кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Сарварбек Худойберганов бронза медалини қўлга киритди. -48кг вазнда мусобақада иштирок этган Умиджон Жалолов эса барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланди. Энди у Аргентинадаги ўйинларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади. -51кг вазнли эркин курашчимиз Арслон Раҳимов ҳам қитъа чемпионига айланди. Аммо, ушбу вазн тоифасида Олимпия вазни ҳисобланмайди. -60кг вазн тоифасида беллашувларда қатнашган Миркамол Бешимов ҳам бронза медалини қўлга киритиб, совриндорлар қаторидан ўрин олишга муваффақ бўлди. -92кг вазнли эркин курашчимиз Шоҳжаҳон Авазов ҳам бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, якунланган Осиё чемпионатида умумий ҳисобда тўртта лицензия қўлга киритдик. Маълумот учун юнон-рум ва эркин курашда Осиё қитъаси учун бештадан йўлланма ажратилган. Аёллар курашида эса умумий ҳисобда 10та лицензия тақсимланган. Юнон-рум курашида Асилбек Нематов (-60кг) йўлланма соҳибига айланди. Қайд этиб ўтиш лозимки, юнон-рум кураши баҳсларида Марказий Осиё вакиллари ичида фақатгина Ўзбекистон лицензия қўлга кирита олди. Аёллар курашида Шоҳида Аҳмедова (-49кг) ва Светлана Оқназарова (-73кг), эркин курашчиларимиз ичида эса Умиджон Жалолов (-48кг) Аргентина йўлланмасини нақд қилиб қўйди.
Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, спортчи ва уларнинг мураббийларини ушбу муваффақият билан табриклаб қолади.