Бугун, 22 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил қилинди. Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, МОҚ Президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойберганов, енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Нурмуҳаммедов ҳамда федерация мутасаддилари иштирок этдилар.
Йиғилиш аввалида Комилжон Худойберганов делегатларни кун тартиби билан таништирди. Унга кўра, конференциянинг энг асосий масаласи Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига янги президент ва бош котибни сайлаб олишдан иборат эди.
Ўзбекистонда енгил атлетика спортининг ривожига қўшган ҳиссаси, қолаверса соҳадаги тажрибаси ва кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, Андрей Ҳакимович Абдувалиев номзоди федерация президентилига илгари сурилди. Делегатлар бир овоздан А.Абдувалиев номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Андрей Абдувалиев Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раҳбари этиб сайланди.
Маълумот учун, Андрей Абдувалиев 1966 йилда туғилган. МДҲ бирлашган терма жамоаси сафида 1992-йилги Олимпия ўйинларида чемпионликни қўлга киритган. 2000-2012 йиллар давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби лавозимида фаолият олиб борган.
Мамлакат енгил атлетика федерацияси бош котиби сифатида фаолият юритиб келган Камолиддин Нурмуҳаммедов эса лавозимига қайта сайланди. Янги раҳбарият олдига мамлакатимизда спортнинг ушбу турини ривожлантириш, олдинда турган нуфузли мусобқаларда муваффақиятли натижалар қайд этиш вазифаси қўйилди.
МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов янги раҳбарият олдига қўйилаётган вазифани тушунтирар экан, енгил атлетикани юртимизда ривожлантириш учун имкониятлар катта эканлиги, бунинг учун ишни тўғри йўлга қўйиб, қаттиқ меҳнат қилиш лозимлигини қайд этди.